Болаларбоп кутубхоналар
Тараққиёт даврида, аввало, аҳолининг, хусусан, ёшларнинг маънавий-маърифий билимларини юксалтириш, шуурини тинитиш ва тафаккурини ўстириш жуда муҳим. Бунда болаларда эрта ёшдан илм олишга, билим эгаллашга иштиёқ ва рағбат уйғотиш талаб этилади. Масалан, билимлар кони, маънавият хазинаси бўлган кутубхоналарга фарзандларимизни эринмай олиб боришимиз ва китобхонлик борасида ўзимиз намуна бўлишимиз керак. Аслида, энг улкан муваффақиятлар ана шундай ёндашувдан бошланади.
Эҳтимол, замон талаби билан бугун интернет, электрон кутубхоналар пайдо бўлгани туфайли анъанавий кутубхоналарга борувчилар камайгандир. Бироқ бу баҳона бўлолмайди. Айни кез одатий кутубхоналар рақобат муҳитида бар¬қарор одимлаш йўлларини излаяпти, кўплаб инновацияларга қўл уриб, ютуқларга эришяпти. Кутубхоналар одамлар билан мулоқот қилишнинг янгича услубларини топмоқда ва алоқаларини мустаҳкамламоқда. Жумладан, Жанубий Корея, Германия, Руминия, Австралия каби давлатларда амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Улар кутубхона болалар ва оилаларнинг энг севимли масканига айланишининг самарали механизмларини ишлаб чиққан.
Германияда ота-оналар болалари билим олиши, китобга меҳр-муҳаббат руҳида тарбия топишига эътибор қаратади. Бунда кутубхоналар уларга энг яқин кўмакчи. Аста-секин дунёни таниб, хотираси шаклланаётган бола уйда, кўчада ва жамоат жойларида китоб ўқиётган одамларни кўради. Бундай жамиятда улғайган бола ҳаётини китобсиз тасаввур этолмайди. Германиядаги аксарият кутубхоналарда болалар учун алоҳида ўқув заллари ташкил этилган. Бу ерда улар машҳур эртак қаҳрамонлари билан «учрашади», «суҳбатлашади». Улар учун чоп этилган китоблар ҳам ранг-баранглиги, сифати билан ажралиб туради. Германиядаги кутубхоналарга оилавий бориш ҳам мумкин. Айнан шунинг учун ажратилган ва барча шароит яратилган хоналар мавжуд.
Бу борада Пабло Неруда номидаги Берлин давлат кутубхонасида амалга оширилган ишлар эътиборга лойиқ. Бу зиё маскани Европадаги ноёб қўлёзмалар ва китоблар сақланувчи катта ва қадимий қадриятлар бешиги ҳисобланади. Унга 355 йил аввал асос солинган. Бугун мазкур кутубхонага кириш учун бир ойлик чипта харид қилмоқчи бўлсангиз, 12 евро, бир йиллик рухсатнома учун эса 30 евро тўлайсиз. Олмонлар учун бу қарийб «сувтекин» деганидир.
37 минг жилдга яқин китоб сақланувчи ноёб кутубхонага интернетдаги сайти орқали аъзо бўлиш ҳам мумкин, аммо бунинг учун аввалроқ маъмуриятга бориб, рўйхатдан ўтиш керак. Эътиборли томони ушбу кутубхонага аъзо бўлган киши биргина гувоҳномаси билан Германиянинг барча кутубхоналарига кира олади.
Кутубхона вакиллари доимо мижозларига турли қулайликлар яратиш мақсадида елиб-югуради. Масалан, кутубхонадаги 2,5 мингга яқин ноёб қўлёзмаларнинг электрон нусхаси тайёрланган. Улар кўпроқ китобхон ўқий олиши ҳамда асл манбани узоқроқ сақлаш ва фойдаланишда қулайлик яратади.
Кутубхона эртаю кеч кекса китобхонлардан тортиб, ҳали юришни, гапиришни ҳам билмайдиган кичкинтойлар билан гавжум бўлади. Бунинг учун кутубхона ўқув залларида ажойиб муҳит яратилган. Кўплаб қулайликлардан ташқари, анвойи гуллар, серманзара ўсимликлар ўқув залларига гўё ҳаёт бахш этиб туради. Бу ерда имконияти чекланганлар ҳам эъзозланади, улар ўз хаёл, орзу оламида «кезиши» учун замин яратилган. Айниқса, ногирон ва қариялар ўқув залларида турли инновацион асбоб-ускуналардан, масалан, пульт билан ҳаракатланадиган ғилдиракли стуллар, шаклини ўзгартирадиган столлардан фойдаланиши мумкин.
Кутубхонада оилавий мутолаага мўлжалланган ўқув хонаси энг гавжум жой, десак муболаға бўлмайди. Бу ерда катталар ўз фарзандлари билан дам олиш кунлари келиб, севимли асарларини ўқийди, болаларига тушунтириб, тасвирлаб беради.
Кўплаб немис оилалари дам олиш кунларини кутубхонада ўтказади. Ажабланарлиси, болалар ҳам бундан зерикмайди, «кетаман», деб хархаша қилмайди. Энг асосийси, бирорта китоб йиртилмайди. Чунки болаларга китобнинг бебаҳо ва муқаддаслиги таъсирчан усулларда тушунтирилади. Шунингдек, саводи чиққан турли ёшдаги болалар учун мўлжалланган китоблар ҳам мавжуд бўлиб, жавонлар уларнинг ёшига қараб «ўсиб боради».
Қисқаси, Германияда кутубхоналар болажонларнинг севимли масканига айланиб улгурган. Чунки улар ўқув залларида ўзини уйидагидек ҳис этади, кутубхона ходимлари ҳам хушмуомалалик билан хизмат кўрсатади. Ҳатто энди эмаклай бошлаган гўдаклар ҳам китоб жавонлари томон бориб, ўзига китоб «танлайди», расмларни ҳайрат билан томоша қилади.
Биласизми, бу ҳолат бола гўё ниманидир тушунгандек таассурот уйғотади. Аслида ҳам шундай экан. Кутубхонада олимлар кичик тажриба ўтказиб, чақалоқлар чиндан ҳам китобни тушунишига амин бўлди. Гап шундаки, бола обдон томоша қилгач, китоб бир четга олиб қўйилиб, олдига кўплаб ўйинчоқлар келтирилади. Қизиғи, гўдак ўнлаб ўйинчоқлар орасидан ҳозиргина «ўқиган» китобида кўрган предметларга ўхшашини ажрата бошлайди. Демак, болаларга китоб орқали таъсир этиш, эзгулик, яхшилик, меҳр-оқибат тушунчаларини эрта ёшдан ўргатиш мумкин экан.
Яна бир эътиборли жиҳати шуки, бу ерга фарзандли бўлиш арафасидаги ёш оилалар ҳам тез-тез келиб туради. Айниқса, ҳомиладор аёлларга кўп кўзингиз тушади. Улар ўз руҳи ва онгини озиқлантириш асносида туғилажак фарзандига ҳам таъсир этаётганини илғайди, албатта. Шу маънода, немис болаларини «онасининг қорнидаёқ китоб ўқиган», деса муболаға бўлмайди.
Кўплаб илғор жиҳатлари билан донг таратган Жанубий Кореяда ҳам китобга муносабат ўзгача. Айниқса, болаларнинг мутолаага қизиқиши алоҳида назоратга олинади, рағбатлантирилади. Китобхонлик кенг ривожланишига шароит яратилади. Бунда, табиийки, кутубхоналарнинг оилалар билан ҳамкорликдаги фаолияти қўл келади.
Ота-оналар фарзандларини кутубхонага етаклаб келади. Кутубхона ходимлари эса ўзининг ширинзабонлиги, болажонлиги ва касбига меҳри билан уларни билим олишга, кутубхонага боғланиб қолишга ундайди. Бугун кореялик оилалар ёш болалари билан нуфузли кутубхоналарга тез-тез боришга одатланган. Айниқса, Жанубий Кореядаги миллий кутубхона мактаб ёшигача бўлганлар ва мактаб ўқувчилари билан ҳамиша гавжум бўлади. Бу ерда китобхонлар учун махсус тайёрланган ўқув заллари эътиборсиз болани ҳам ўзига ром этади. Дарвоқе, ушбу кутубхона 1945 йили Иккинчи жаҳон урушидан азият чеккан корейс халқи учун таскин топадиган макон сифатида ташкил этилган. Айни кезда унда жами 10 миллиондан ортиқ китоб, қўлёзма ва бош¬қа ҳужжатлар мавжуд.
У ерда ҳам худди Германияда бўлгани каби мактаб остонасига қадам қўйган болаларини китоб билан ошно этиш учун келган ота-оналарни кўплаб учратиш мумкин. Болажонларга ҳозирланган 4 та ўқув залида ота-оналарга ҳам шароит яратилган. Жараёнда ота-оналар фарзандига китоб ўқиб беради, уларга ғамхўрлик қилади, китоб билан эркин танишиши учун имкон беради.
Бир қарашда мазкур залларни ўқув хонаси дейиш қийин. Чунки улар кенг, тоза ва ёруғ, ранг-баранг бўлиб, эртакмонанд муҳит касб этган. Хусусан, ноодатий столлар, китоб томоша қилиш учун ғайритабиий ўриндиқлар ўрнатилган, полга юмшоқ матраслар тўшалган. Уй бекалари бу ерда фарзандлари китобга зарар етказиб қўймаслигини таъминласа, бўлди.
Умумий ҳолатни кўриб, болалар китоб сайлига чиққан деб ўйлайсиз. Яна болалар қуёш, гул ва ёқимтой қиёфада ифодаланган ҳайвонлар акс этган хоналарга кириб, ўйнаши ҳам мумкин. Сабаби, аксарият китобларга ўйинчоқ тўплами «илова» қилинади. Ота-оналар ҳам китоб мазмунини тушунтиришда шу ўйинчоқлардан фойдаланади.
Аслида катталар китоб дўконларидан боласи учун энг қимматбаҳо эртаклар тўпламини олиб келиб, уйда ўқитиши ҳам мумкин. Бироқ барибир кутубхонадаги муҳитни яратолмайди. Шунингдек, кутубхоналарда кичкинтойлар мук тушиб, завқ билан китоб ўқиётган ака-опаларини кўради, митти қалбида уларга ҳавас уйғонади. Китоб ўқисам, улардек катта бўларканман, деб ўйлайди.
Албатта, ривожланган мамлакатларда китоб мутолаасига жиддий эътибор берилади. Бунинг учун турли инновацион лойиҳалар, ғоялар ишлаб чиқилади, ҳаётга татбиқ этилади. Қисқаси, кутубхона ходимлари ўз мижозлари сафини кенгайтириш учун доимо изланишда бўлади. Улар кўпроқ ёшлар қалбини, шуурини забт этишга интилади. Боиси, фан-техника ривожланиб, мобиль алоқа воситалари ва электрон нашрлар оммалашиб бораётган даврда анъанавий китоблар оламини эсдан чиқариб қўймаслик муҳим. Бироқ бунга осонликча эришиш қийин.
Шунинг учун болаларни эрта ёшдан, ҳали фикри «бузилмай» туриб кутубхоналарга ўргатиб олиш лозим. Хусусан, Руминия ва Австралиядаги кутубхоналарда болаларнинг нафақат китоб ўқиши, балки соғлом турмуш тарзига риоя этишига, масалан, жисмоний енгил машғулотларни бажаришига ҳам эътибор қаратилади.
Руминияда бунинг учун махсус дас¬турлар ишлаб чиқилган. Айни кез худди шу лойиҳа Австралияда ҳам қўлланиляпти. Бу дастурни бир сўз билан “спортсеварлар кутубхонаси” дейиш мумкин. Бунда, аввало, кутубхоначилардан спортдан хабардорлик талаб этилади. Улар болаларга мутолаадан олдин спорт машқларини ўргатади. Бу лойиҳада асосан 14 ёшли болалар иштирок этади. Шунга қарамай, унга катта ёшлилар, ота-оналар, кенг жамоатчилик ҳам қизиқиш билдирмоқда ва улар ҳам дастурда қатнашяпти. Китобхонлар спорт орқали китобхонликка кўпроқ берилиб, мутолаа даври узаймоқда.
Руминия миллий кутубхонаси ва Австралия миллий кутубхонасида ҳам китоб ўқиб, ҳам спорт билан шуғулланиш учун машғулотлар зали ва ҳовлида спорт майдончаси ташкил этилган.
Чиндан ҳам, болаларнинг қизиқарли китобга берилиб кетиб, узоқ вақт ҳаракатсиз ўтириши ижобий ҳолат эмас. Бу уларнинг тез чарчашига, руҳан толиқиши ва бошқа касалликларга чалинишига сабаб бўлиши мумкин. Уй ва мактаб шароитида ҳам болаларнинг китоб ўқигач, озроқ жисмоний машғулот билан шуғулланиб туришига шароит яратилса, нур устига нур бўлади.
Руминияда ёш китобхонлар ҳар ярим соатлик мутолаадан кейин кутубхона координатори билан 5 дақиқалик жисмоний машқларни бажариб, тиниқиб олади. Бир ярим соатдан кейин мутолаадан олган таассуроти ва маълумотларини тенгдошлари билан ўртоқлашади. Демак, уларнинг мустақил фикрлаши, асарни ўзича таҳлил қилишига имкон берилади. Бундай муҳокамалар одатда очиқ ҳавода, кутубхонанинг баҳаво ва манзарали ҳовлисида ташкил этилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай китобхонлик натижасида болаларда стресс, қўрқув, жиззакилик каби салбий хислатлар барҳам топади. Кичкинтойларнинг кўриш қобилияти, дунёқараши шаклланади. У ҳар бир фикрини таҳлил қилиб, кейин гапиришга, вазминликка одатланади.
Гавҳар ЗАЙНИДДИНОВА