“Мен севган адабий қаҳрамон”
— Менга Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” асари жуда ёқади. Ундаги Раъно образида ҳақиқий ўзбек қизи тимсолини кўраман. Иболи, ҳаёли, шу билан бирга, жасур. Муҳаббатини бойликдан устун кўради. Хоннинг канизаги бўлишни истамай, Анвар билан қочишга жазм этади.
— Мен эса Анвар образини ёқтираман. Хон саройида тиллага кўмилиб ишлаб юраверишдан кўра, ўз шаънини, муҳаббатини асраб, фақирликда яшашдан қўрқмайди. Ҳақиқий ўзбек ўғлонини Анвар тимсолида тасаввур қиламан.
— Саид Аҳмаднинг “Йўқотганларим ва топганларим” асарини ҳам ўқиганмисизлар? У менда катта таассурот қолдирди. Бошлаган ишимни охирига етказишни, одам иродали бўлсагина мақсадига эришиши мумкинлигини тушуниб етдим...
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бир гуруҳ мактаб ўқувчиларининг суҳбатига гувоҳ бўлдим. Бу ерга “Мен севган адабий қаҳрамон” иншолар танловининг республика босқичини ёритиш учун келгандим. Эшитганларим мени ўша давра томон тортди. Интернетдаги воқеалар ёки қайси синфдоши бугун қандай кийиниб келганини гаплашмай, ўқиган китоблари ҳақида фикр алмашаётган ёшларнинг кўпаяётгани қувонарли. Танловнинг ҳудудий босқичларида 4,5 мингдан ортиқ иштирокчи орасидан саралаб олинган 56 нафар 7—11-синф ўқувчилари якуний босқичда ўзаро беллашди.
Танлов икки босқичда ўтказилиб, биринчи босқичда ўқувчилар ёзган иншолар мактаб, туман (шаҳар) ҳамда вилоят миқёсида 50 баллик тизимда баҳоланган. Республика босқичига етиб келган ўқувчилар ҳакамлар кузатувида яна қаламларини чархлашди.
Иштирокчилар билан суҳбатлашар эканман, ҳар бирининг ўз олами, дунёқарашидан келиб чиқиб асар танлаганига амин бўлдим.
Тадбир якунида барча иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Чарос ЁҚУБОВА