«Ватанпарварлик ойлиги» ўтказилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ҳамда «Ватан ҳимоячилари куни»ни нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш доирасида шу йилнинг 15 декабридан 2019 йилнинг 15 январига қадар юртимизда «Ватанпарварлик ойлиги» эълон қилинди.
Ойлик доирасида ҳудудларда Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги барча ҳарбий округлар, ҳарбий қисмлар ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларининг ҳарбий хизматчилари иштирокида омма¬вий тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, Фарғона вилоятидаги бир қатор умумтаълим мактабларида ҳам «Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир» шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбати ва ҳарбий қисмларга саёҳатлар уюштирилмоқда.
Айниқса, умумтаълим мактабларининг 10—11-синфларида ўқиётган 250 нафардан ортиқ ўқувчининг Фарғона шаҳридаги ҳарбий қисмга уюштирган экскурсияси бўлажак Ватан ҳимоячиларида катта таассурот қолдирди. Ўқувчилар ҳарбий хизматчиларнинг маданий дам олиш маркази, кутубхона, ётоқхона ҳамда спорт мажмуаси билан танишди, ҳарбийлар ҳаёти, яшаш тарзини ўз кўзи билан кўрди.
— Бугунгидек тадбирлар ёшларни ҳарбий-ватанпарлик руҳида тарбиялаш, уларда тинчликнинг қадрига етиш, мардлик, жасорат каби жиҳатлар шаклланишида муҳим аҳамиятга эга, — деди Фарғона шаҳри мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Азизжон Бозоров. — Зеро, ҳар бир йигит ҳозирданоқ Ватани ва оиласи олдидаги масъулияти, бурчини чуқур англаши лозим.
Айни кунларда вилоятдаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ҳарбий қисмларга саёҳати давом этмоқда.
А.ХОНҚУЛОВ, Фарғона шаҳар ХТБ мудири ўринбосари