Президент совғалари ҳудудларга етказилди
Ҳар йили анъанавий тарзда нишонланадиган “Президент арчаси” байрам тантаналари юртбошимизнинг ёш авлодга бўлган эътибори ва ғамхўрлигининг ёрқин намунаси бўлиб ҳисобланади. Шу боисдан ҳам мазкур байрам болажонларнинг энг севимли тантаналаридан бирига айланиб улгурган.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда баркамол авлодни шакллантириш, шунингдек, юксак маънавиятли, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқарашга эга бўлган фидойи ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаш ҳамда уларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган, қолаверса, ота-она қармоғидан маҳрум бўлган болаларга ҳам жамият ва давлатнинг доимий ғамхўрлиги ва эътибори қаратилиб келинмоқда.
Дарҳақиқат, бундай ғамхўрлик ва эътиборнинг бир намунаси сифатида анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган “Президент арчаси” тадбирини таъкидлаш жоиздир. Мазкур тадбирни мазмунли ва кўтаринки руҳда ташкил этиш мақсадида, Халқ таълими вазирлиги ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда “Президент арчаси” тантаналарига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, бугунги кунга келиб, болалар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан тақдим этиладиган 11 номдаги ўқув қуроллари ва 17 номдаги ширинликлардан иборат бўлган қарийб 11 минг дона совға тайёрланди. Президент совғалари жорий йилнинг 26 декабрь куни Тошкент (981 дона), Сирдарё (304 дона), Жиззах (344 дона) вилоятларига, жами 1629 донаси автотранспортда, 25-27 декабрь кунлари эса 6468 донаси “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси самолётлари орқали жадвал асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва 9 та вилоятларга етказилади, деб хабар беради Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати.
Президент совғалари 29 декабрь куни ўтказиладиган “Президент арчаси” тадбирларида болажонларга маҳаллий ҳокимликлар ва Республикадан бириктирилган вакиллар иштирокида тантанали равишда топширилади.