Истиқлол фарзандлари
дунёга теран нигоҳ билан боқиб, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқдалар
Бундан роппа-роса ўн тўққиз йил аввал Сирдарё вилоятининг Бахт шаҳрида дунёга келган қизалоққа ота-онаси Дилбар деб исм қўйди. Туғилган жой ва исм инсон тақдирида муҳим роль ўйнаши рост экан. Бугун Бахт шаҳрида туғилган Дилбар Холжигитова истиқлол даврининг энг бахтли ёшларидан биридир.
Ёшлигидан пухта билим эгаллашга иштиёқи баланд бу қиз таэквондо бўйича тўққиз карра Ўзбекистон, икки карра Осиё ва икки карра жаҳон чемпиони бўлганига нима дейсиз?! Спортдаги улкан муваффақияти билан бир қаторда жаннатмисол юртда туғилиб ўсаётганини самимий шеърларида тараннум этувчи қаламкаш қиз Дилбар ўтган йили Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлиб, яна кўпчиликнинг ҳавасини келтирди.
— Бугун дунёнинг «манаман» деган спортчилари ўзбек ёшлари билан беллашув майдонига тушиб, енгилиб қолмоқда. Болалигимдан таэквондо билан шуғулланаман. Халқаро майдондаги нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, рақибларим устидан ғалаба қозонганимда мустақил Ўзбекистоннинг енгилмас, иродаси мустаҳкам ёшлари сафида эканимдан ғурурланаман, — дейди фахр билан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Дилбар Холжигитова.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ўтказилган “Истиқлол фарзандлари” ёшлар фестивалида Дилбар каби 300га яқин иқтидорли ўғил-қиз иштирок этиб, яна бир карра ўз Ватани, халқига муносиб бўлиб вояга етаётганини исботлади.
Улар Зулфия номидаги давлат мукофоти, “Ниҳол” мукофоти, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиблари, халқаро олимпиада, танлов ва спорт мусобақалари ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг йирик лойиҳаларида ғолибликни қўлга киритган ёш йигит-қизлардан иборат эди.
Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган мазкур фестивални ташкил этишдан мақсад ёшларни миллий истиқлол ғояларига садоқат, она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида юртимизда олиб борилаётган давлат сиёсатидан уларни хабардор қилиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини шакллантиришдан иборат.
Фестиваль “Мустақиллик ва эзгулик” монументи пойига гулчамбар қўйиш маросими билан бошланди. Шундан сўнг йигит-қизлар Ёшлар ижод саройида “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам” мавзусида иқтидорли ёшларнинг ижодий ишлари, инновацион ва бизнес ғоялари тақдимоти ҳамда “Ватанимга дил изҳори” деб номланган кўргазмада тенгдошлари ижоди билан яқиндан танишдилар.
“Ёш тадбиркор — юртга мададкор”, “Менинг бизнес ғоям” каби танловларда фаол иштирок этиб, ғолиб бўлаётган ёшларнинг ўз қўллари билан тиккан, ясаган буюмлари кўзни қувонтиради. Бир томонда ёшгина фермер йигитча етиштирган тотли мевалару полиз экинлари саватда кишини ўзига чорлайди. Унинг ёнида ширмой нон! Новвой қиз кичик цехида тайёрланган нон ва қандолатчилик маҳсулотларини намойиш этмоқда. Миллий нақшлардан ўйиб ишланган уй жиҳозларию пахта гулли чинни идишларни томоша қилаётган фестиваль иштирокчилари ҳунарманд тенгдошлари қўлида сайқал топган буюмлардан ҳайратга тушдилар. Ана шундай ёшлардан бири — “Менинг бизнес ғоям” танловининг вилоят босқичи ғолиби, оҳангаронлик Фарангиз Абдуқаҳҳорова ҳаяжонланиб, шундай дейди:
— Аввалига попопчилик билан шуғулландим. Энди эса тенгдошларимга миллий матодан замонавий кўринишда либос тикиб беряпман. Банкдан 5 миллион сўм микрокредит олиб, корхона очишни режалаштирдим. Насиб этса, унда ўзим сингари яна уч нафар тенгдошим тикиш-бичиш билан шуғулланиши мумкин.
Фарангизнинг атласу адрасдан яратган миллий либослари, шунга монанд ироқи дўппи, бежирим сумка ва ҳамёнлари ёнидан қизлар узоқлашиб кетолмасдилар. Бири дўппини кийиб кўрса, бошқаси каштали сумкани елкасига илади.
“Камолот” ЁИҲ марказий кенгаши раиси Баҳодир Ғаниев “Ўзбекистон ёшларининг рекордлари” мавзусидаги тақдимотида ўзбек ёшларининг ҳар соҳада эришаётган ютуқ ва муваффақиятлари, уларни дунёнинг энг ривожланган давлатларида ҳам тан олишаётганини алоҳида таъкидлади.
Фестиваль доирасида Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали, Жанубий Корея билан ҳамкорликда очилган Инҳа университети фаолияти билан танишув барча иштирокчиларга манзур бўлди. Ушбу таълим муассасаларида ўзбекистонлик ёшларнинг дунё стандартлари даражасида илм эгаллаши учун тўкис шарт-шароит яратилган. Бувайда туманидаги 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ўқувчиси Жасурбек Имомов ана шу олий ўқув юртида ўқишни орзу қилади.
— Дунёга машҳур университетларнинг юртимиздаги филиаллари билан танишгач, мен ҳам мана шундай нуфузли даргоҳларда билим олишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим, — дейди 2014 йили Жанубий Кореяда ўқувчилар ўртасида ўтказилган халқаро математика олимпиадасида кумуш медални қўлга киритган Жасурбек Имомов.
Фестивалнинг кейинги куни иштирокчилар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий ва Олий судда бўлиб, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ходимлари билан учрашдилар. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан бўлган учрашувда янги қабул қилинган қонунлар ҳамда уларга киритилган ўзгартиришлар тўғрисида фикр-мулоҳаза юритилиб, ёшлар томонидан қонунчиликка доир таклифлар айтилди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судида эса судья Фотима Ҳусанова ва экспертлар Конституциявий суднинг ташкил этилиши, ваколати, бугунги кундаги фаолияти ҳамда халқаро ҳамкорлиги тўғрисида иштирокчиларга маълумот бердилар. Қизғин савол-жавоблардан сўнг фестиваль иштирокчилари Конституциявий суд биноси бўйлаб саёҳат қилдилар.
Фестивалнинг охирги куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Юртбошимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китобининг тақдимотида қатнашган ёшлар “Ким эдигу ким бўлдик?” деган саволни ўз-ўзига бериб, юртимиз тараққиётига қандай ҳисса қўшиш кераклигини чуқурроқ англаб етдилар.
“Киночилар уйи”да намойиш этилган “Шунқорлар” бадиий фильми томошасидан сўнг Олимпия шон-шуҳрати музейида таниқли спортчилар билан учрашган ёшлар кечки пайт «Туркистон» саройининг ёзги амфитеатрида “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним” шиори остида ўтган гала-концертни томоша қилдилар. Қалби завқ-шавққа тўла бу ёшлар фестивални бир умр мамнуният билан эслаб юришларига ишонамиз.
Райҳона ХЎЖАЕВА,
“Ma’rifat” мухбири