“Президент арчаси”: қувонч ва шодлик мужассам унда!
Ҳаво булутли, об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар, пойтахтимиздаги Мустақиллик майдонининг шундоққина биқинида жойлашган муҳташам “Туркистон” саройига тарбиячи-мураббийлар етакловида гуруҳ-гуруҳ бўлиб кириб келаётган болакайлар хуш кайфиятда. Меҳмонларни миллий либосдаги доирачилар дастаси қарши олмоқда. Чилдирма садоси — ўзбекона миллий оҳанг қулоққа хуш ёқади.
Янги йил байрами арафасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, мамлакатимиз осойишталигини таъминлаш йўлида қурбон бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун “Президент арчаси” тадбирининг ўтказилиши, совға тарқатилиши мустақиллик йилларидаги энг хайрли ўзбекона анъаналардан бири бўлди. Давлат миқёсидаги тадбирга Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари томонидан жиддий ҳозирлик кўрилди. Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан байрамни хавфсиз, осойишта ва уюшқоқолик руҳида нишонлаш чоралари кўрилди.
Янги йил тантанасидан завқ олмайдиган кичкинтой топилмаса керак. “Президент арчаси” тадбирига келган ҳар бир болакайнинг қалби олам-олам қувончга тўла. Фойеда безатиғлиқ улкан арча, қизил, сариқ, яшил, кўк рангдаги ўйинчоқлар кўзни қамаштиради. Ҳар бир иштирокчи юзида табассум, ота-оналар, тарбиячилар саройда юзага келган Янги йил нафасини болажонларга илинмоқда.
“Президент арчаси” — орзулар ҳадя этадиган, бола қалбини завққа тўлдирадиган тадбир. Анъанавий тадбирга таклиф қилинган Меҳрибонлик уйлари, болалар шаҳарчалари, “SOS” болалар маҳалласи, болалар уйининг 3353 нафар, “Мурувват” уйларининг 1792 нафар тарбияланувчиси, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 4651 нафар, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида қурбон бўлган Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, давлат хавфсизлик хизмати, республика прокуратураси ҳамда божхона қўмитаси ходимларининг 427 нафар фарзанди — жами 10223 нафар иштирокчи ҳаяжонли лаҳзаларда ўзгача тантана ва сеҳрни кўраётгандек тасаввур уйғотади. Арча атрофида қиш завқини ўзида акс эттирган Қорбобо, либоси ўзига ярашиқли Қор маликаси ва бошқа эртак қаҳрамонлари пайдо бўлди. Бўйи салкам уч метрлик икки айиқполвон қўл-оёқларини ҳаракатлантириб, ўйинга тушмоқда. Табрик, куй-қўшиқ, рақс, савол-жавобдан иборат концерт дастуридан сўнг ҳақиқий томоша сарой саҳнасида давом этди.
Кўп йиллик тарбия маскани — 22-меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг қувончи ичига сиғмайди. Уларни тадбирга бошлаб келган муассаса раҳбарлари, мураббий ва тарбиячилари ҳам гўёки бир лаҳза болалик дамларига қайтгандек бўлишади.
— “Президент арчаси” тадбирини ҳар йили орзиқиб, дилда ҳаяжон билан кутамиз. Яқин кунларда муассасамизнинг ҳар бир тарбияланувчисига Президентимизнинг 11 номдаги ўқув қуроли ва 17 хил ширинликдан иборат совғаси келтирилди. Бугун эса 108 нафар боламиз 6 та гуруҳга бириккан ҳолда ўйнаб-кулиш, хурсандчилик қилиш учун саройга етиб келди. Болаларга шоду хуррамлик улашилса, биз ҳам мамнунмиз. Нафақат арча атрофидаги концерт дастури, балки театрлаштирилган томоша ҳар бир бола қалбига эзгулик уруғини қадаб, ёвузликка нисбатан нафрат уйғотади, — дейди меҳрибонлик уйи тарбиячиси Дилфуза Жўраева.
“SOS” болалар маҳалласи тарбияланувчилари тадбирга ўз оналари билан ташриф буюришган.
— “SOS” болалар маҳалласи жамоаси учун “Президент арчаси” — унутилмас байрам. Биз маҳаллада яшайдиган бир нечта оиламиз, қўни-қўшничилик, ака-ука, опа-сингиллик ришталари оммавий тадбирларда ҳам сезилиб туради. 86 нафар ўғил-қиздан 7 нафарига мен оналик қилмоқдаман. Ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этувчи “Президент арчаси” менинг ўғил-қизларимга ҳам олам-олам қувонч бағишламоқда. Арча атрофидаги томошадан сўнг ичкарида эртак қаҳрамонлари билан учрашиб, олам-олам завқ оламиз, — дейди “SOS” болалар маҳалласи онаси Анора Нигматуллаева.
Байрам тадбирига таклиф қилинган меҳмонлардан бир гуруҳи Якксарой туманида васийлик ва ҳомийликка олинган 34 нафар бола бўлиб, уларни бу ерга туман халқ таълими бўлими вакиллари олиб келишган.
— Васийликка ва ҳомийликка олинган болалар ҳамиша давлатимиз ҳимоясида. Байрам тадбирларида уларга шодлик улашиш давлат ва жамоат ташкилотлари зиммасида. “Президент арчаси” тадбири олдидан уларга ажратилган совғани туман ҳокими тантанали тарзда топширди. “Туркистон” саройида улар ўз тенгқурлари билан дўстлашиб, янги йилни кўтаринки руҳда кутиб олмоқда, — дейди Яккасарой тумани халқ таълими бўлими мудири Робия Мамбетова.
Ранго-ранг арча атрофидаги ўйин-кулги, куй-қўшиқ сарой саҳнасида бошланган байрам саргузаштларига уланиб кетди... “Томоша” болалар ижодий студиясининг “Орзу қил” деб номланган мусиқий-маърифий сценарийси томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди.
“Президент арчаси” тадбирлари фақат пойтахтимизда эмас, балки барча вилоятларда ҳам аъло кайфиятда нишонланди. Мамлакат миқёсида ўтказилувчи байрам тантаналари мактаб ўқувчиларининг қишки таътил даврига мўлжалланган турли кўнгилочар дастурларга уланиб кетмоқда. Маданият саройлари, истироҳат боғлари, хиёбон ва гузарларда янги йил тадбирлари давом этмоқда. Ҳар бир даврада эртак қаҳрамонларини учратиш мумкин. Маънавий-маърифий, мусиқий, театрлаштирилган томошалар 2018-2019 ўқув йилининг ҳал қилувчи — учинчи чорагини бошлаш арафасида турган мактаб ўқувчиларига аъло кайфият бағишлайди.
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА