Ободлик билан бошланган байрам
Энг улуғ ва энг азиз байрамни муносиб қарши олиш мақсадида 22-23 август кунлари юртимизда умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди. Барча мактабгача, умумтаълим ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг умумий 2071,4 гектар майдони ободонлаштирилиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдами кўрсатилди.
Ҳашарда Хоразм вилояти халқ таълими соҳасининг 24400 нафардан зиёд педагог ходими, 7500 нафар ишчи-хизматчи, мактабгача таълим муассасаларидан 10 минг нафар тарбиячи ўз таълим масканлари ҳудудида саранжом-саришталик, дарахтларга шакл бериш ва оқлаш, мавжуд гулзорларни ўт-ўландан тозалаш, суғориш ишларини бажарди.
Якка тартибда таълим оладиган ўқувчилар ҳолидан хабар олган ўқитувчилар уларнинг янги ўқув йилига тайёргарлиги ва кайфияти билан қизиқдилар. Шунингдек, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар, фахрий ўқитувчилар ҳам моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди.
Бахмал туманидаги 78-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби жамоаси ҳам умумхалқ ҳашарида фаол иштирок этди. Ўқув даргоҳи ҳудудидаги дарахтлар оқланиб, шакл берилди, ариқлар тозаланди. Устоз мураббийлар синф хоналарини ўқув йилига тахт қилдилар.
Жиззах вилояти таълим муассасаларида ўтказилган бу йирик тадбирда 140,3 гектар майдон ободонлаштирилиб, таълим муассасалари ҳудудидан 159,3 тонна маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланди. Шунингдек, зиёратгоҳ масканлар ва қабристонлар ҳам эътибордан четда қолмади. Ҳашарда 34 нафар кам таъминланган фуқаронинг тураржойлари таъмирланди.
Умумхалқ ҳашарида Сирдарё вилояти халқ таълими ходимлари ҳам фаоллик кўрсатдилар. Унда 11 398 нафар фуқаро, шу жумладан, 1190 нафар ёшлар иштирок этди. 203та техника воситасидан фойдаланган ҳашарчилар икки кун мобайнида 306 гектар майдонни тозалаб, 933 тонна маиший ва қурилиш чиқиндиларини чиқариб ташлашди. 632 километр масофадаги ариқлар тозаланди ҳамда 186та қишлоқ қабристони ва 51та зиёратгоҳда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. 372 минг туп дарахтнинг таги юмшатилди ва оқланди.
456та кам таъминланган оиланинг уй-жойи таъмирланиб, 391та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага, шу жумладан, 204 нафар ногирон ва ёлғиз кексаларга жами 20 миллион 400 минг сўмлик мурувват ёрдамлари кўрсатилди. 1824 квадрат метр ҳажмдаги тураржойлар таъмирланди. Таъмирлашга 45 миллион 600 минг сўм маблағ сарфланди.
Маҳмуд РАЖАБОВ,
Абдусаттор СОДИҚОВ,
Бойжигит АБДУЛЛАЕВ,
“Ma’rifat” мухбирлари