Ҳафталик мазмунли ўтди
Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари томонидан ташкил этилган музейлар ҳафталиги «Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!» шиори остида ўтказилди.
Музейлар ҳафталиги давомида республикамиздаги 41 та музейда маданият ва санъат намояндалари, хорижлик меҳмонлар, ўқувчи-ёшлар ва уларнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида маданий-маърифий тадбирлар, кўргазмалар, маҳорат дарслари, танлов ва викториналар, турли ижодий учрашувлар ўтказилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 11 июлдаги «Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, юртимизда ҳар янги ўқув йили бошида музейлар ҳафталиги ўтказилиб, унда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, бебаҳо тарихий ва маданий меросимизга садоқат руҳида тарбиялашга, буюк аждодларимиз хотирасига эҳтиром кўрсатиш, улар қолдирган бой маданий мерос ва тарихий ёдгорликларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, юртимиз музейларига ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари 18 ёшгача бўлган болалар ҳамда уларнинг ота-оналари бепул кириш имкониятига эга.
— Ҳафталикнинг илк кунидан музей қошида ташкил этилган «Мўъжизалар оламида» болалар бўлими мактаб ўқувчилари билан гавжум бўлди, — дейди Ўзбекистон тарихи давлат музейининг бўлим бошлиғи Умида Усмонова. — Ўнга яқин бўлимлар ва 300 минг экспонатга эга музейимиз залларида ўқувчи-ёшлар юртимиз ҳудудида тош ва бронза даври, илк давлатчиликнинг кўринишлари ва шаклланиши, фан ва маданиятнинг ривожланиши ҳақида етарлича маълумотларга эга бўлди, ноёб тарихий ашёлар ва нодир осори-атиқалар билан яқиндан танишдилар. Китоблар кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир» китобининг мазмун-моҳияти чуқур ўрганилди. Ҳафталик давомида таълим муассасаларининг ўқувчилари учун каштачилик ва рассомлик бўйича маҳорат дарслари, «Тарихий обидалар тарихидан», «Ўзбек либослари жилоси», «Ҳунарлининг қўли олтин» мавзусида давра суҳбатлари, ижодий учрашувлар, концерт дастурлари намойиш этилди.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири