Элда азиз ёшларнинг эртаси порлоқ
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг иштироки” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Бугун мамлакатимизда бошқа давлатлар тажрибасида учрамайдиган йўналиш — ёшларнинг етук ва баркамол бўлиб вояга етишида давлат ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамкорлигининг йўлга қўйилиши ёш мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида самарали натижаларга эришиш имконини бермоқда. Мамлакатимизда 6 миллиондан зиёд касаба уюшма аъзосининг 50 фоиздан ортиғини корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ёш мутахассислар ташкил этаётгани бу борада мазкур ташкилотнинг етакчи эканини тасдиқлайди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг касб-ҳунар эгаллаши, эзгу орзу-мақсадларини юзага чиқаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Касаба уюшмалари федерацияси фаолиятида ҳам бу борадаги ишларнинг тизимли равишда амалга оширилаётганини кўрамиз.
Жойларда бевосита касаба уюшмалари ташаббусида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда аҳолига сервис ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилиб, ёшлар учун қарийб 200га яқин иш ўринлари яратилгани, федерация томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” форуми йигит-қизларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишида муҳим аҳамият касб этаётир.
Хусусан, ўтган йили форум доирасида Тошкент ахборот технологиялари университети ассистенти Саида Бекназарова федерациянинг махсус грантини қўлга киритиб, натижада “Медиатаълим тизимининг моделлари, алгоритмлари ва дастурий комплексини яратиш” лойиҳасини амалга оширишга эришди. Яна бир грант соҳиби — Ойбек Абдулҳаев “Энг фаол ёш олим” номинациясида ғолибликка лойиқ кўрилиб, кремний кристалларини термоградиентли тоблаш имконини берувчи қурилмани яратишга муваффақ бўлди.
Қайд этиш ўринлики, федерация томонидан ёш мутахассисларнинг ўз касбини пухта эгаллаши ва иш жойларидаги қўнимлилигини таъминлаш мақсадида “Устоз-шогирд” анъаналари қўллаб-қувватланиб, моддий ва маънавий рағбатлантирилмоқда. Бунда ёшлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш юзасидан жамоатчилик назорати ўрнатилгани айниқса аҳамиятлидир. Коллеж ўқувчиларининг амалиёт даврида иш ҳамда дам олиш вақтига қатъий риоя этилиши, ноқулай меҳнат шароитидаги ишларда коллеж битирувчиларининг амалиёт ўташларига йўл қўймаслик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Т.Норбоева ва бошқалар навқирон авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни кучли ижтимоий муҳофазалаш, тўлақонли билим бериш, миллий анъана ва қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан эканини таъкидлади.
Матбуот анжуманида янги иш ўринларини яратиш, айниқса, битирувчи йигит-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг инновацион ғоя ва ишланмаларини қўллаб-қувватлаш, касаначилик, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, бу борада тегишли ташкилотлар билан ижтимоий ҳамкорликни кучайтиришга оид режалар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.
Акмал МУРОДОВ