Хотин-қизлар фаоллиги жаҳон эътирофида
Самарқандда «Фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда давлат ва жамият қурилишида хотин-қизларнинг ўрни: Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан «БМТ — хотин-қизлар» тузилмасининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидаги минтақавий бюроси, Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича омонат кассалари жамғармаси ҳамда Ф.Эберт номидаги жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Халқаро анжуманда хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ҳокимиятининг вакиллик ва бошқа органларига сайловларда улар иштирокини кенгайтириш борасида Ўзбекистон тажрибаси кўриб чиқилди. Сайлов тизимининг халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ такомиллаштирилаётгани, сиёсий партиялардан депутатликка номзод бўлган хотин-қизлар учун Қонунчилик квотаси 30 фоизгача оширилгани ушбу йўналишдаги муҳим қадам бўлиб, бу уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида иштирок этиш имкониятини янада кенгайтираётгани таъкидланди.
Аҳоли қатламлари томонидан қўллаб-қувватланаётган фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ижтимоий-сиёсий соҳада хотин-қизлар фаоллигини кучайтириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширишда давлатнинг ишончли ҳамкорларига айланди. Айни пайтда жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида фаолият кўрсатаётган 8 минг 200 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотнинг 530дан ортиғининг фаолияти асосан хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Дастлаб иштирокчиларни Самарқанд енгил саноат касб-ҳунар коллежида битирувчи қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича ташкил этилган штаб фаолияти қизиқтирди. Ушбу штаб аъзолари коллеж битирувчиларининг иш ўринлари билан таъминланишини назорат қилиб келмоқда. 21-умумтаълим мактабининг “Ораста қизлар” тўгараги иши ҳам таҳсинга лойиқ. Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари билан учрашув, Чашма маҳалласида ташкил этилган “Саломатлик” сектори фаолияти билан танишув ҳам хорижлик экспертларда катта таассурот қолдирди.
Гу Хиу ЖУАН, Шанхай аёллар федерацияси раиси (Хитой):
— Зулфияхоним қизларининг шарқона лутфи, хорижий тилларда эркин сўзлашиши, бадиий ижодни юксак даражада тушуниши ва тингловчига етказиб бериши бизни лол қолдирди. Ўзбек ёшларининг эришаётган ютуқлари замирида ана шу муваффақиятларга асос бўлиб хизмат қилаётган тизим мавжудлигини кўрдик.
Наташа МУНДИНГЕР, эксперт (Германия):
— Менда “Саломатлик” сектори катта таассурот қолдирди. Ҳафта кунларига тақсимланган тиббий кўрикда аҳолининг барча қатламлари қамраб олинган. Ўзбекистон 125та давлат орасида хотин-қизларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича олдинги ўринлардан бирини эгаллаётганининг сабабларини ўргандик.
Бхарати Садасивам, БМТ Тараққиёт дастурининг Истанбулдаги минтақавий офисининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича гендер масалалари маслаҳатчиси:
— Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси самарали фаолият кўрсатаётгани ва давлатингиз томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар менда катта таассурот қолдирди. Мисол учун, ушбу халқаро конференция доирасида маҳаллаларга раислик қилаётган аёллар билан учрашдик, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари билан суҳбатлашдик. Бундан ташқари, тадбир давомида юқори лавозимларда меҳнат қилаётган аёллар маърузаларини тингладик. Буларнинг барчаси давлатингиз мамлакат учун муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнида хотин-қизлар ҳуқуқларини янада кенгайтириш тарафдори эканидан далолат беради.
Шунингдек, анжуманда аёлларни иш билан таъминлаш, оналик ва болалик муҳофазаси, спортнинг оммавийлигини кучайтириш, таълим ва фанда опа-сингилларимиз ролини ошириш, ёш авлод таълим-тарбиясида уларнинг тарбиячилик хислатидан ўринли фойдаланиш, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарали ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича ҳам фикр-мулоҳаза юритилди. Хотин-қизларнинг иқтисодий, ҳуқуқий, тиббий билимини ошириш, тадбиркорлик кўникмасини кучайтириш бўйича халқаро ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди.
— Йирик нодавлат нотижорат ташкилотлардан бири бўлган Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий ҳаётида аёлларнинг самарали иштирокини таъминлаш, уларнинг маънавий, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш борасида комплекс тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, 2015 йилнинг март ойида Хотин-қизлар қўмитаси, “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки ва сиёсий партиялар ўртасида коллеж ва академик лицей битирувчилари, шунингдек, хотин-қизлар учун мамлакатимизнинг чекка туманларида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича семинарлар ўтказиш тўғрисида қўшма қарор имзоланди. Хотин-қизлар қўмитаси, Марказий банк ва Банклар уюшмасининг хотин-қизлар, айниқса, коллеж битирувчиларини қишлоқ жойларда кичик бизнес, фермерлик, хизмат кўрсатиш, касаначилик соҳасига кенг жалб қилиш ҳисобидан уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар режаси тасдиқланди. Бу борада 350 дан ортиқ семинар ўтказилди. 250 мингдан зиёд опа-сингилларимиз мамлакатимиздаги молиявий хизматлар ҳақида маслаҳат олди, иқтисодий саводхонлигини оширди, — дейди анжуманда сўзга чиққан Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маъруфова.
Халқаро анжуман мамлакатимиз ва хорижий илмий тадқиқот, эксперт-таҳлил тузилмалари вакилларининг жамиятда хотин-қизлар ролини ошириш, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти ҳамда фуқаролик позициясини шакллантириш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш соҳасида Ўзбекистоннинг ижобий тажрибасини ўрганиш, шунингдек, тегишли фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш тажрибасини кенг жорий этиш масаласи юзасидан ўзаро фикр алмашиш учун ўзига хос майдон вазифасини ўтади.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова иштирок этди.
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
-->
«Ma’rifat» мухбири
(Foto: www.uza.uz)