«Парламентаризм билимдони» онлайн танлови
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида тарғиб-ташвиқ этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамкорлигида Бош қомусимизнинг 23 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган «Парламентаризм билимдони» онлайн танлови ана шу йўналишдаги лойиҳалардан биридир. Ёшлар ижод саройида ўтказилган матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларига онлайн танлов ҳақида маълумот берилди.
8 сентябрдан 8 декабргача онлайн кўринишида ташкил қилинадиган танлов шартлари www.pb2015.uz сайтига жойлаштирилган.
Интернет орқали бундай танловларнинг ўтказилиши вақтни тежаш билан бирга, кўпроқ қатнашувчиларни жалб қилиш имконини беради. Иш ва ўқиш билан банд бўлган ёшлар сайтимизга кириб, ўз билим даражасини синаб кўриши мумкин, — дейди «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши матбуот хизмати вакили Азиза Аҳмадова.
Танлов ғолиблари 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида аниқланади ва тақдирланади.
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА,
«Ma’rifat» мухбири