Маданият масканидаги маданиятсизликлар
Бугун маданият масканлари деярли ҳар куни томошабинлар билан гавжум. Ахир, «яхши дам меҳнатга ҳамдам», деб бежиз айтишмайди. Концертга кириб маданий ҳордиқ чиқарамиз, маънавий озуқа оламиз. Бироқ сўнгги пайтда концертларимизда кузатилаётган айрим ҳолатлар киши кайфиятини бузиб, ғашига тегаётгани рост...
Қўғирчоқ театри. Ҳар гал шу ном тилга олинганда мўъжизавий маскан, унинг томошабини бўлмиш жажжи болажонлар кўз олдимизда гавдаланади. Бу қутлуғ даргоҳга қадам қўйган ҳар бир инсон ёшидан қатъи назар, спектакль воқеаларига ҳайрат кўзи билан боқади. Воқеалардан ўзи учун сабоқ олади, саволларига жавоб излайди.
..«Этик кийган мушук» спектакли бошланди. Қаҳрамонлар бирин-кетин парда ортидан саҳнага чиқиб кела бошлади. Залда сув қуйгандек жимжитлик. Томошабинларнинг эътибори саҳнада эди. Афсуски, бу ҳолат узоққа бормади. Бир гуруҳ кечикувчилар томоша залига бамайлихотир кириб кела бошлашди. Жажжи томошабинларнинг диққати энди келган тенгдошлари ва уларнинг ота-оналарига қаратилди. Назоратчи аёл кечикканлардан спектаклни орқароқда томоша қилишни, бошқаларга халал бермасликни сўради. Бу эса кечикиб келган оналардан бирига ёқмади... «Мен чиптани биринчи қаторга олганман. Шундай экан, ўзимизнинг жойимизда томоша қиламиз», дея ҳамманинг эътиборини ўзига тортиб, олдинги ўриндиққа бориб ўтирди. Улар жойларига ўрнашгунча болажонлар диққати яна бўлинди…
Томошабиннинг кечикиб келиши, шубҳасиз, актёрларнинг саҳнадаги фаолиятига ҳам салбий таъсир қилади. Спектаклнинг мазмунли чиқишида эса диққатни жамлаш, образга тўлақонли киришиш муҳим аҳамиятга эга.
Шундай пайт ўйлаб қоласан киши. Қўғирчоқ театрида саҳна асарлари 45 дақиқа, нари борса 1 соат давом этади. Хўш, бола спектаклнинг ярмидан томошага келса, у воқеалар ривожини англай оладими? Спектаклдан қандай сабоқ олади? Инсон маданияти шаклланишининг илк бос¬қичи ҳам айнан болаликдан бошланмайдими?
Фикримча, биз қачонки фарзандларимизга ўрнак бўла олсак, улар ортимиздан эргашади. Агар юқоридаги ҳолатларга йўл қўядиган бўлсак-чи?..
Яқинда «Истиқлол» санъат саро¬йига концерт томоша қилишга бордим. Санъат саройи шинам, ёруғ, юмшоқ ўриндиқлар, нозик дид билан безатилган саҳна. Албатта, бундан мамнуният туяди киши. Концерт бошланишига оз қолган бўлса-да, залда томошабин сийрак. Одамлар ҳали келиб улгурмаганлиги сабаб концерт белгиланган вақтидан кечикиб бошланди. Ҳамон одамлар узун-қисқа бўлиб, боласини йиғлатиб, қувалаб, ҳой-ҳойлаб кириб кела бошлади. Саҳнада турган хонандаю созандалар ҳар замон кириб келаётганларга қараб қўйишади. Улар эса худди «керак бўлса кутасан-да», дегандек бемалол кириб келишяпти.
Ана шундай томошабинлар ичида бир эмас, уч нафар кичик ёшдаги боласини етаклаб олган аёл ҳам бор экан. У ўзи ва болалари билан дам олишни ният қилгандир, лекин болаларнинг шовқинидан атрофдагиларнинг безовта бўлиши-чи?
Энди диққатингни жамлаб қўшиқ оҳангию сўзларига ром бўлиб ўтирганингда, «Фалон қатор қаерда?», деб яна кечикиб келувчилар пайдо бўлди. Турган гапки, мусиқа садолари унинг овозини босиб кетади ва албатта... ширин ҳис бағишлаётган ором ҳам бўлинади. Ҳалиги сўровчи яна саволини такрорлади. Қаторнинг рақамини айтиб, уни ўрнига ўтқазиб, яна мусиқа садоларига сингиб кета бошлаганимда, йўлакда ясан-тусан қилган ёш бир қиз телефонда гаплашиб кимнидир қидириб ўтиб қолди. Қидирган дугонаси ҳам ўрнидан туриб уни ёнига имлади. У ҳамроҳининг ёнига борди. Шунча одамни безовта қилгани камлик қилгандек, энди икки дугона қучоқлашиб, ўпишиб, сўрашиб ке¬йин ўрнига ўтирдилар... Тўғриси, бу ҳолатга кулишингни ҳам, йиғлашингни ҳам билмайсан, шундай пайт ичингдан концертга келмасам бўларкан, деган хаёл ўтади. Концерт томошасига келганда санъаткорга миннатдорчилик сифатида гуллар олиб кирилса, мақсадга мувофиқ, 35-40 ёшлардаги баъзи томошабинлар ўзлари билан бир талай егуликлар(попкорн, қарсилдоқ картошка, писта)ни олиб киришганини кўриб, ҳайратда қоласиз.
Мана шундай ҳолатлар билан концерт охирлаб қолди. Хонанда Ватан ҳақида ажойиб қўшиқ бошлади. Бу репертуардаги охирги қўшиқлардан бири эди. Қарасам, томошабинлар қўзғалишни бошлабди. Бу ҳурматсизлик санъаткоргами ёки Ватанга? Ўзини маданиятли, тарбияли деб билган киши туғилиб ўсган диёри мадҳ этилаётган қўшиққа тоқат қилолмай чиқиб кетишга шошилишини қандай тушуниш мумкин?...
Саҳнада концерт ташкилотчиларини таништириш қисми кетяпти, залдагилар худди асирликдан бўшаган тутқундек ўзини эшикка уряпти. Кўрган кўз хижолат тортади. Ҳайронман, икки-уч соат бир жойда ўтириб томоша кўргани тоқат қилган одам, яна беш-ўн дақиқа ўтириб, санъаткорнинг ташаккурини эшитишга чидам тополмасмикан?..
Санъаткор ўзининг бир неча йиллик меҳнатлари сарҳисобини тақдим этиш учун концерт қўяди. Томошабин эса бошланишидан ярим соат кейин кириб, тугашига ярим соат қолганида ҳаммани чалғитишига нима дейиш мумкин.
Эшик олдидаги назоратчилар ҳам шу андишада томошабинларга қаттиқ гап айтолмасалар керак. Ахир, чипталарни текшираётганда ёш болали томшабинларга эътирозлар борлиги, кечикиб келадиганлар учинчи қўнғироқдан кейин залга қўйилмаслиги эслатиб ўтилади. Айтилган жойга вақтида бориб, вақтида қайтишни, умуман меҳмонга хос одобга риоя қилишни билган кишилар ўзларини ҳурмат қилиш билан бирга уларга хизмат қилган мезбонга ҳам иззат кўрсатган бўладилар. Аҳолининг томоша маданиятини шакллантириш, ўзини ҳурмат қилиш борасидаги маънавий-маърифий ишларни кенг кўламда олиб бориш, бугунги куннинг асосий талабидир.
Дилфуза РЎЗИЕВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази ходими