Мўъжиза аслида беминнат китоб
17–19 сентябрь кунлари пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоят марказларида “Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги!” шиори остида “Болалар китоби” II республика фестивали бўлиб ўтади. Шу муносабат билан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида матбуот анжумани ташкил этилди.
— Бугун юртимизда нашр этилаётган адабиётларнинг ҳар учтадан биттаси бевосита болаларга бағишланган китоблардир, — дейди Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори О.Юнусов. — Бу эса фарзандларимиз маънавиятини юксалтириш, улар кўнглида миллий ғурурни шакллантириш, қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашга давлат даражасида берилаётган юксак эътибор намунасидир.
“Болалар китоби” II республика фестивалида юртимизда фаолият юритаётган 60дан ортиқ нашриёт ва матбаа корхоналари 200дан зиёд номдаги ўз китоб маҳсулотлари тақдимоти билан иштирок этади. Фестиваль доирасида “Энг яхши ёш китобхон”, “Китобхон оила”, “Менинг биринчи китобим”, “Атроф олам муҳофазаси — саломатлик гарови”, “Мўъжиза эмасдир фалакда офтоб, мўъжиза аслида беминнат китоб”, “Китоб — энг яхши совға” мавзуларида интеллектуал ўйин ва викториналар, “Китоб ўқишни ёқтирасизми?” мавзусида ижтимоий сўровнома ўтказилади.
Шунингдек, сўнгги йилларда нашр этилган болалар адабиёти, жумладан, мумтоз ва энг сара замонавий адабиётлар, айниқса, ўқув-маърифий китоблар, энциклопедик луғатлар намойиши ҳамда эркин савдоси уюштирилади.
Акмал ЖУМАМУРОДОВ,
“Ma’rifat” мухбири