Янги тўгаракларга марҳамат!
Учтепа туманидаги 193-мактабнинг 5-синф ўқувчилари Саидаъло Саидакбаров ва Саидкомил Хўжаев дурадгорликка қизиқади. Шу боис «Баркамол авлод» республика болалар бадиий ижодиёти марказида ўтказилаётган «Очиқ эшиклар куни» улар учун айни муддао бўлди. Тадбирдан хабар топган болалар эрта тонгдан ота-оналари билан марказ томон ошиқдилар. Бу ерда улар Отабек Турсунбеков раҳбарлигидаги «Дурадгорлик» тўгарагига аъзо бўлдилар.
Тадбирда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари 41та тўгарак фаолияти билан яқиндан таништирилди. Иштирокчиларга қўл меҳнати ёрдамида тайёрланган ижод намуналаридан иборат кўргазма намойиш этилди.
2011 йилдан буён фаолият юритаётган марказда ўқувчилар маънавий-ахлоқий, тарихий анъаналаримиз, миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбияланиб, ўз ижодий қобилиятларини ривожлантириб келмоқдалар. Марказ тўгаракларига янги 2015—2016 ўқув йилида 746 нафар ўғил-қиз қабул қилинади.
— Ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, касб-ҳунарга йўналтириш орқали қамровни йил сайин оширишга эришаяпмиз, — дейди марказ директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Йўлдошхўжа Акбаров. — Бу эса таълим муассасаларида маънавий-ахлоқий тарбия ишларини янада яхшилаш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик, тартиббузарлик ҳолатларининг олдини олиш омилидир. Улар ўз ижодий ишлари билан республика миқёсидаги кўрик-танловларда фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Тўгарак аъзоларига халқимизнинг бой ҳунармандчилик сирларини ўргатиш учун марказимизда барча шарт-шароит яратилган. Ўтган йили муассасамиз мукаммал таъмирдан чиқарилди.
— Турли мевалар ва полиз маҳсулотларига нафис безак бериш мен учун севимли машғулот. Шу боис «Карвинг санъати» тўгарагига аъзо бўлдим, — дейди Олмазор туманидаги 11-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Маҳфуза Убайдуллаева. — Бугун тўгарак раҳбари Маъмура Исмоиловадан илк маҳорат сабоқларини олдик. Дугоналарим эса «Дўппидўзлик», «Тикувчилик», «Драма», «Қўғирчоқ театри», «Фортепиано», «Шахмат» тўгаракларига аъзо бўлди. Биз ўқувчилар бу тўгаракларда касбий лаёқатимизни шакллантирамиз.
Тўгарак аъзоларининг бадиий-мусиқий чиқишлари иштирокчиларга манзур бўлди.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
«Mа’rifаt» мухбири