“Баркамол авлод”да навбатдаги мавсум бошланди
“Зувв” этиб осмонга кўтарилган ракета ортидан ҳавас ва ҳайрат ила термулган нигоҳлар тўсатдан мусиқий оҳангга мос равишда ҳаракатлана бошлаган митти робот-ўйинчоқни кўриб, “Баркамол авлод” республика болалар техник ижодиёти маркази аъзоларининг иқтидорига қойил қолишди. Ичкарида йўл-йўл тўнли тарвуздан ясалган ғаройиб саватчаю атиргул гулдасталари, эндигина тухумни ёриб чиққан «жўжа»лар, лойдан ясалган митти хумчалару меҳмонларга “Ассалому алайкум” дея тавозе билан пешвоз чиқаётган ҳайкалчаларни кўрасиз.
“Баркамол авлод” республика болалар техник ижодиёт марказида 2015-2016 ўқув йили ҳамда Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида “Ким эдигу бугун ким бўлдик?” мавзусида ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” карнай-сурнай ва доира садолари остида бошланди.
Марказ ҳовлисида тўгарак аъзоларининг ижод намуналаридан иборат кўргазма ташкил этилди. Тумандаги 101-, 181-, 200-, 217-, 287-умумтаълим мактаблари ўқитувчи ва ўқувчилари, ҳудуддаги маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари кўргазмани катта қизиқиш билан томоша қилдилар.
Мазкур мактабдан ташқари таълим муассасасида “Авиамодел”, “Автомодел”, “Робототехника”, “Бошланғич техник моделлаштириш”, “Ёш дастурчи”, “Карвинг” каби 20та тўгарак фаолият юритмоқда. Бу йил “Ёш қандолатчи” ва “Майда пластика” тўгараклари янгидан очилиб, ўқувчиларни қабул қила бошлайди.
— Янги ўқув йилига пухта ҳозирлик кўрдик, — дейди марказ раҳбарининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Лола Тўхтаева. — Машғулот хоналари таъмирланиб, янги ўқув қуроллари ва жиҳозлар билан бойитилди. Дурадгорлик дастгоҳи, электр токи билан ишловчи кулолчилик ускунаси, техник асбоблар тўгарак аъзоларини интизорлик билан кутмоқда.
— Ўғлим Жаҳонгир Исломжонов “Ёш дастурчи”, қизим Зилола эса “Тўқиш” тўгараги аъзоси, — дейди тадбир иштирокчиларидан бири Муножот Тоймуҳаммедова. — Кўргазмани томоша қилиб, тўгараклар фаолияти билан танишиб, биз ота-оналар фарзандларимизнинг бўш вақти мазмунли ўтаётганидан кўнглимиз тўқ.
Марказ раҳбари Хадича Зокирова ўқувчиларни янги ўқув йили билан табриклаб, фаол мактаб раҳбарлари ва ўқувчиларни фахрий ёрлиқ билан тақдирлади. Ўғил-қизларнинг шўх рақслари, шеър ва қўшиқлари, “Турон” спорт клубининг кўргазмали чиқишларидан сўнг меҳмонлар марказ фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Райҳона ХЎЖАЕВА,
“Ma’rifat” мухбири