Тафаккур қанотлари
Офтоб ўз шуъласини денгизга кўпроқ, дарёларга сал кам ёки кўлмакка мундайроқ тақсимламайди — барчасига баробар. Шунинг учун китобни офтобга қиёслашади. Нур эмган новдалар тупроққа томир ёйиб боргани сингари китобдан баҳраманд инсоннинг-да тафаккури мустаҳкам, қанотлидир. Ёш авлодни илмга, адабиётга жалб этиш, улар кўнглида китобга ҳурмат, меҳр уйғотиш учун юртимизда кўплаб тадбирлар амалга оширилаётир. Бу борада мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилаётган китоб байрамларининг ўрни беқиёс.
17—19 сентябрь кунлари Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоят марказларида “Соғлом ва маънавий етук авлод — юрт келажаги!” шиори остида “Болалар китоби” II республика фестивали бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёзувчилар уюшмаси, “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди, “Ўздавкитобсавдотаъминот” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Фестиваль ўсиб келаётган авлоднинг китобга қизиқишини кучайтириш, уларда мутолаа маданиятини шакллантириш, болаларга мўлжалланган адабиётлар савияси, салмоғини ошириш, бунинг учун эса нашриётлар фаолиятини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш каби мақсадларни кўзлаган.
Тошкент. Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи.
— Одамлару одамлар, боғда битган бодомлар, эшитмадим деманглар, эшитганлар жилманглар. Бугун бўлар томоша, келинг тоғу кўл оша, ўйинимиз соз бўлар, ёлғон-яшиқ оз бўлар. Ҳамма офтоб байрамига... Эҳ-ҳе-ҳе-ҳе-е-е-ей!
Жарчининг чорловига дов-дарахтдан қушлар пирр этиб учди, ўзга шохга қўнди. Бу дам мендан уч-тўрт қадам олдинроқда — ота-онасининг қўлларидан ушлаб, сакраб бораётган қизалоқ негадир жимиб қолди. Қулоқ солсам, хархаша қилаяпти:
– Мени алдабсизлар-да?
– Нега ундай дейсан, қизим? — онаси энгашиб қизчанинг сочларидан силади.
— Китоб байрами эмас экан-ку! — қизча лаб-лунжини осилтириб олди.
— Ким айтди?
— Анави амаки айтди, — кўзмунчоқ тақилган қўлчаси билан саҳнага ишора қилди у.
— Айт, нима деди?
— Офтоб байрами деди...
— Тўғри.
— Лекин китоб байрами эмас экан-ку!
Қизчанинг сўроқлари кўпдан юрагимга яқин олиб юрган “Шоирлик шарафи” эссесини ёдимга солди. Ушбу эссе бундан икки йилча илгари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, мақолада ифодаланган ва ўқиганим заҳоти хаёлимда ўрнашиб қолган мана бу фикр бугун қизча сабаб миямда чақмоқдек йилт этди: “Осмон гумбурлаганини эшитиб, Художон ҳовлисига тош тўктиряпти, уй қурса керак, деган тўрт ёшли болакайга “Алпомиш” ёки “Робинзон”ни ўқиб беринг — ғурури юксалсин, иродаси тоблансин. Шоир бўлар, эҳтимол. Осмон гумбурлаяпти, симдаги кийимлар ҳўл бўлади, деган тенгқурига эса халал берманг — унинг ҳам ҳаётда ўз юмушлари бор...”.
Дарҳақиқат, ёш авлод онгида қарор топаётган содда ва беғубор англовлар, унинг келажак тақдирига заррача ишораси бўлган ҳолатларни ўз вақтида илғашимиз, эътибордан четда қолдирмаслигимиз ҳар жиҳатдан муҳимдир. Бунинг учун осмоннинг айнан гумбурлашию чақмоқ чақиб, ёмғир ёғишини кутиш шарт эмас. Воқелик сизу биз билан бошқача — балки қизчанинг саволи сингари кечар. Бу қадар синчков эканидан унинг ён-атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ эмаслигини илғаб олиш мумкин.
— Маънавият аждодларга муносиб бўлиш масъулияти ҳамдир, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Сирожиддин Саййид. — Миллий ноширликнинг тараққий этиши, айниқса, болалар адабиётига берилаётган эътибор ҳаммамизга ана шу масъулиятни эслатиб туради. Бугун юртимизда фаолият юритаётган аксар нашриётлар низомида болаларбоп китобларни чоп этиш назарда тутилган.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги маълумотларига кўра, юртимизда айни пайтда 111та нашриёт, 1650га яқин матбаа корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, республика нашриётлари томонидан ҳар йили 3 минг номдан зиёд, умумий адади 45 миллион нусхадан ортиқ китоб нашр этилмоқда. 50дан ортиқ нашриёт болаларга бағишланган ноширлик маҳсулотларини чоп этиб келаётир.
— Биз азалдан китобни еру кўкка ишонмай, унинг билан бирга улғайган халқнинг болаларимиз, — дейди “Ғунча” журнали бош муҳаррири Дилфуза Шомаликова. — Ноннинг ушоғини ҳам нон деймиз. “Тонг юлдузи”, “Ғунча”, “Гулхан” газета ва журналлари шу маънода китобнинг бўлаклари эмас, айнан китобдир. Миллатимиз болалари ақлини танибоқ, энг аввал, ушбу нашрларга қўл узатади. Китобга қўлини узатган халқ болаларининг маънавияти ҳамиша етук бўлади. Улар ўз кўзлаган чўққиларини, сўзсиз, забт этади. Ўйлашимча, фестиваль фарзандларимизни ана шундай юксак марралар сари тайёрлаб боради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 апрелдаги “2010–2015 йилларда болалар ва ўсмирларни маънавий камол топтиришга йўналтирилган ноширлик маҳсулотларини нашр этиш дастури тўғрисида”ги қарори бу борада кўплаб саъй-ҳаракатларнинг амалга ошишига туртки бўлди. Ўтган йиллар мобайнида ўзбек ва жаҳон адабиёти мутафаккирлари ҳаёти ва фаолияти ҳақида, аждодларимизнинг маънавий жасорати, қаҳрамонликларига бағишланган китоблар, энциклопедик адабиётлар нашр этилиб, ўқувчилар қўлига етказилди.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази томонидан “Камолот кутубхонаси” рукнида ўтган икки йил мобайнида 70га яқин ўзбек ва жаҳон классик адабиёти намояндаларининг асарлари чоп этилди. Болаларнинг севимли ёзувчиларидан Худойберди Тўхтабоев қаламига мансуб “Сариқ девнинг ўлими”, “Сариқ девни миниб”, “Пешонасига телевизор ёпишган боланинг саргузаштлари”, Анвар Обиджоннинг “Мешполвон жангга отланди”, “Аламазон ва унинг пиёдалари”, “0099 рақамли ёлғончи” асарлари, жаҳон адабиёти бисотидан “Том Сойернинг бошидан кечирганлари” (Марк Твен), “Гулливернинг саёҳатлари” (Жонатан Свифт), “Барон Мюнхаузен саргузаштлари” (Рудолф Эрих Распе), “Робинзон Крузонинг ҳаёти ва ажойиб саргузаштлари” (Даниел Дефо), Жюль Верннинг “Ўн беш ёшли капитан”и, Ҳанс Кристиан Андерсеннинг “Қор одам”и, Астрид Линдгреннинг “Миттивой ва Карлсон”и каби китоблар муқовасининг бежирим экани билан ҳам пештахталарда ўзидан нур-шуъла таратиб тургандай. “Дангасанинг пушаймони”, “Очкўз савдогар”, “Омонат узук”, “Кенжа ўғил ва Жин” каби ибратли эртаклар, шунингдек, “Севимли болажоним учун эртаклар” рукнида чоп этилаётган китоблар болажонларнинг яхшини ёмондан, оқни қорадан ажратишига кўмак беради.
— Китобларнинг янги нашрлари ўқишга иштиёқимни оширмоқда, — дейди Ангрен шаҳридаги 4-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шабнам Бекбоева. — “Сариқ девнинг ўлими” асарини ўқиб чиққанман. Фестивалда унинг рус тилига таржимасини кўриб хурсанд бўлдим. “Конец желтого дива”ни сотиб олдим. Энди уни она тилимиздаги варианти билан таққослаб ўқимоқчиман.
Бошқа нашриётлар фаолиятида ҳам қизғин меҳнат жараёнини кузатиш мумкин. Жумладан, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан “Ўзбек адабиёти хрестоматияси” рукнида мактаб дарсликларига киритилган ўзбек ва жаҳон адибларининг 44 номдаги асарларининг нашр этила бошлагани кишини суюнтирса, улар юрт келажаги учун маънавий етук авлодни тарбиялаб беришда муносиб ҳисса бўлиб қўшилаётганини ўйлаб, қувончинг икки карра кўпаяди.
“Болалар китоби” II республика фестивалида юртимизда фаолият юритаётган 60дан ортиқ нашриёт ва матбаа корхоналари 200дан зиёд номдаги китоб маҳсулотлари тақдимоти билан иштирок этди. Фестиваль Халқ шоирлари ва ёзувчилари билан учрашувлар, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари ва ёш ижодкорларнинг «Мен китобни нечун севаман?» мавзусидаги мушоираларига уланиб кетди. Саҳнага чиққан ёш ижодкорлар, аввало, аждодлар меросига юзланди:
Жаҳонда китобдин яхши ёр бўлмас,
Давр ғамхонасида ғамгузор бўлмас.
Ёлғизлик кунжида ундан доимо,
Юз роҳат етар, лек озор бўлмас.
— Катта ёшдаги инсонларни китобга ўргатиш қийин, — дейди Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти муҳаррири Жавлонбек Жовлиев. — Аввал бошдан китобга ўртоқ тутинган боланинг келажак қадамлари равон бўлади. Болалар қалбида китобга меҳр уйғотибгина уларнинг эртасига умид боғлаш мумкин.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти ушбу фестивалда 50дан ортиқ номдаги китоблари билан қатнашди. Нашриёт меҳнат фаолиятининг бевосита Миллий кутубхона билан уйғунлиги қайси асарларга талаб ва эҳтиёжнинг кўп эканини аниқлашда қўл келмоқда. Болаларга ёзадиган ўзбек ва жаҳон адибларининг асарлари, эртак китобларни безакли, замонавий кўринишда, ёрқин суратлар билан чоп этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Қўнғироқ эчки”, “Уч ҳақиқат”, “Нўхатполвон”, “Ажойиб най”, “Тилла баргли чинор”, “Оқил табиб”, “Сопол декча”, “Сирли товоқча” каби эртак китоблар шулар жумласидандир.
Фестиваль давомида “Энг яхши ёш китобхон”, “Китобхон оила”, “Менинг биринчи китобим”, “Атроф олам муҳофазаси — саломатлик гарови”, “Мўъжиза эмасдир фалакда офтоб, мўъжиза аслида беминнат китоб”, “Китоб — энг яхши совға” мавзуларида совринли интеллектуал ўйин ва викториналар, “Китоб ўқишни ёқтирасизми?” мавзусида ижтимоий сўровнома ўтказилди. Бундан ташқари, маданият ва истироҳат боғининг турли бурчакларида “Болаларни китоб ўқишга меҳр уйғотишда ота-оналарга маслаҳатлар” номли флаерлар тарқатилди. Сўнгги йилларда нашр этилган болалар адабиёти, жумладан, мумтоз ва энг сара замонавий адабиётлар, айниқса, ўқув-маърифий китоблар, энциклопедик луғат ва маълумотномалар намойиши ҳамда эркин савдоси уюштирилди.
— Қизим Дилноза олти ёшда, ўқишни-ёзишни энди ўрганаяпти, — дейди Дилфуза Камолжонова. — Назаримда, болалар учун адабиётлар дейилганда фақат эртак китобларни тушунмаслигимиз керак. Ота-оналарнинг аксари фарзандига китоб сотиб олмоқчи бўлса, айнан эртак китоблар харид қилаётганининг гувоҳи бўлаяпман. Ваҳоланки, нашриёт пештахталари болалар зеҳнини оширишга мўлжалланган китобларга тўла. “Ўзинг бўя”, “Ўйлаб топ” каби.
Республика ёш томошабинлар театри, Республика давлат қўғирчоқ театрининг саҳна кўринишлари, “Баркамол авлод” болалар маркази аъзоларининг бадиий чиқишлари, ёш иқтидор эгаларининг мумтоз куй ва қўшиқлардан тузилган концерт дастури фестиваль иштирокчиларига бир олам завқ улашди.
Дунёда қалбни энтиктирувчи бу каби манзаралар бисёр — гўдак эмизаётган она, бешик тебратаётган аёл, уфққа ботаётган қуёш... Эндиликда бизга ана шундай завқ бераётган бу сингари сувратлар қаторида китоб ўқиётган болакай тасвирини ҳам эътироф этсак арзийди.
Бугун юртимизда нашр этилаётган адабиётларнинг ҳар учтадан биттаси бевосита болаларга бағишланган нашрлардир. Бу эса фарзандлар маънавиятини юксалтириш, улар кўнглида миллий ғурурни шакллантириш, қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашга давлат даражасида берилаётган чексиз эътибор ифодасидир. Зотан, “...ўз ҳақ-ҳуқуқини танийдиган, ўз кучи ва имкониятларига таянадиган, ён-атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга мустақил ёндаша оладиган, айни замонда шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган, ҳар жиҳатдан баркамол инсонларни тарбиялаш” моҳиятида болаларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқиши, иштиёқи мужассам.
* * *
Сирдарё вилояти да бўлиб ўтган “Болалар китоби” II республика фестивали ёш авлод қалбига эзгулик, қувонч бахш этди.
Байрам олдидан Гулистон шаҳридаги касб-ҳунар коллежлари томонидан тайёрлаб келинган кўргазмалар намойиш этилди. Шунингдек, бу ерга тўпланганлар “Баркамол авлод” марказлари қошида фаолият олиб бораётган тўгараклар аъзолари яратган санъат намуналарини ҳам томоша қилишди.
Оппоқ кабутарлар самога учди. Болажонлар тинчлик элчилари парвозини кузатишар экан, бетакрор ва ягона она Ватанимизда тинчлик ҳамда хотиржамликни дилдан ҳис этдилар.
— Китоб инсон қалбида тафаккур чироғини ёқади, — деди фестиваль иштирокчиларини табриклар экан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими масъул котиби, шоира Ҳаётхон Ортиқбоева. — Китобга меҳр қўйган фарзандларимиз келажакда юксак маънавиятли бўлиб камолга етадилар.
Шундан сўнг Гулистон шаҳридаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари концерт дастури намойиш этдилар. Фестивалда “Ким кўп китоб ўқиган?”, “Ким билимдон ва зукко?” викториналарининг ғолибларига мукофот тариқасида энг сара адабиётлар топширилди.
Акмал ЖУМАМУРОДОВ,
Бойжигит АБДУЛЛАЕВ,
“Ma’rifat” мухбирлари