Тарғиботчи китобхон ўқувчи
Халқ таълими вазирлиги томонидан янги лойиҳага старт берилди: “Тарғиботчи китобхон ўқувчи”. Бу ташаббус мактаб ўқувчилари ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, улар онгида ўз Ватани, миллий урф-одатларига меҳр-муҳаббатни шакллантириш, турли маънавий таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантиришга хизмат қилади.
Вазирликнинг жорий йил 16 январдаги 17-сонли буйруғида бу тадбирни пухта, мазмунли, холисона ўтказиш чора-тадбирлари белгилаб берилган. Шу йилнинг январь ойидан Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари тасарруфидаги мавжуд умумтаълим мактабларида “Тарғиботчи китобхон ўқувчи” тадбири бошланди.
— Бу лойиҳа Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган, — дейди Халқ таълими вазирлиги мактабдан ташқари таълимни ташкил этиш бошқармаси бош назоратчиси Баҳром Аминов. — Ҳар бир мактабда китобни кўп мутолаа қиладиган ўқувчилар бор. Мақсадимиз уларнинг сонини янада кўпайтириш. “Тарғиботчи китобхон ўқувчи” маърифатга йўналтирилган тадбиргина бўлиб қолмай, бу ваколатни қўлга киритган ёшларга мактаб кутубхонасидан алоҳида жой ажратиб берилади. У “Китобхонлар клуби”ни ташкил этади ва юритади. Бу вазифага 7—10-синф ўқувчилари орасидан энг кўп овоз олган фаол китобхон тайинланиши керак. Ойма-ой ўтказилган тадбирлар натижаси мактаблар, синфлар кесимида аниқланиб, тумандан вилоятга, вилоятдан вазирликка жўнатилади. Ўқув йили якунида ғолиб деб топилган тарғиботчи китобхонлар сертификат билан тақдирланиб, бир қанча имтиёзларга эга бўлишади.
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА,
“Ma’rifat” мухбири