Соғлом ахборот муҳити сари
«Туркистон» саройида «MIT.uz» миллий интернет танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Таъкидлаш керакки, танлов доирасида 30дан ортиқ олий таълим муассасаларида ёш дастурчилар, веб-дизайнерлар, интернет сайтлари муаллифлари, интернет тармоғи администраторлари иштирокида давра суҳбатлари, ёшлар фестивалларида эса «Биз соғлом ахборот муҳити тарафдоримиз!» шиори остида тарғибот лойиҳалари ташкил этилди. Шунингдек, маҳаллий ва хорижий ижтимоий тармоқларда алоҳида саҳифа яратилиб, соҳа мутахассислари ва ёшлар ўртасида мунозаралар ўтказилди. Иштирокчиларнинг анкеталари танловнинг www.mit.uz расмий веб-сайти орқали онлайн тарзда қабул қилиниб, 800 нафардан ортиқ веб-дастурчи ва дизайнерлар «UZ» ва хорижий доменларга жойлаштирилган веб-ресурслари билан иштирок этди.
— Ушбу медиа лойиҳа глобаллашув шароитида ёшларни ахборот хуружларидан ҳимоялаш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини ошириш ҳамда юртимиздаги ислоҳотларни интернет тармоғида кенг ёритишда ёшлар иштирокини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир, — дейди «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг марказий кенгаши раиси Баҳодир Ғаниев. — Танловдан кўзланган мақсад ижобий мазмундаги сифатли интернет ресурсларини яратиш ва оммалаштириш, соғлом ахборот муҳитини шакллантиришга ҳисса қўшиш, иқтидорли ва ижодкор ёшларни рағбатлантириш, ёш веб-дизайнер ва дастурчиларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, интернетнинг ёшлар учун мўлжалланган сегментини кенгайтириш ва ривожлантиришдан иборат.
Тадбир доирасида Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ёш дастурчиларининг энг яхши веб-ишланма ва дастурий таъминотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
«MIT.uz» миллий интернет танлови «Кексаларни эъзозлаш йили» мазмунига доир энг яхши сайт», «Энг яхши янгиликлар сайти», «Давлат тилидаги энг яхши сайт», «Икки тилда яратилган энг яхши сайт», «Энг яхши шахсий блог», «Мобил алоқа воситалари учун мўлжалланган энг яхши дастур», «Энг яхши сайт дизайни» каби 10та асосий ва 6та қўшимча номинацияларда ташкил этилди. Бундан ташқари, юртимизнинг бой маданияти, санъати, тарихи, истиқлол ғоялари, маънавий қадриятлари, иқтисодий ва сайёҳлик салоҳияти, маҳалла, қишлоқ ва шаҳарлардаги фаровон ҳаёт акс этган энг яхши сайтлар, шунингдек, давлат бошқаруви, фан, таълим, тиббиёт, спорт, тармоқ сервислари соҳаларидаги энг яхши сайтлар аниқланди.
— 2014 йили «Энг яхши ўқувчи веб-сайти» кўрик-танловининг республика босқичида биринчи ўринга сазовор бўлганимда Бухоро шаҳридаги 10-умумтаълим мактабида ўқирдим, — дейди Бухоро муҳандислик-технология институти қошидаги 1-академик лицей ўқувчиси Азизбек Эргашев. — Бугун « mаhalla10.uz » сайтим билан «Маҳалла, қишлоқ ва шаҳарлардаги фаровон ҳаёт акс этган энг яхши сайт» номинациясида рағбатлантирувчи мукофот совриндорига айландим.
— Ушбу танлов истеъдодли ёш дастурчилар учун ўзига хос рағбат бўлиб хизмат қилади, — дейди “MIT.uz” миллий интернет танлови ҳайъат аъзоси Алишер Тожиев. — Масалан, танлов дипломи “Камолот” уйларидан олишга имтиёз беради. Бундан ташқари, ғолибларга диплом ва мукофотлар билан бирга қаторда IT-ташкилотларнинг сертификатлари ҳам топширилди.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири