«Ораста қизлар» клуби
таълимда ҳамкор, тарбияга мададкор
Наманган шаҳридаги 67-мактабда фаолият юритаётган “Ораста қизлар” клуби ўқувчи-қизларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, рўзғор юритиш сирларини ўргатиш, тиббий ва ҳуқуқий билимларини ошириш, соғлом турмуш тарзи меъёрларини ўзлаштириш, касб-ҳунар эгаллашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
— Мактабимиз ўқувчиларининг 450 нафари қизлар, — дейди хотин-қизлар бошланғич қўмитаси раиси Ҳалима Бадриддинова. — “Ораста қизлар” клуби ташкил этилгач, дастлаб унга 20 нафар иқтидорли ўқувчи аъзо бўлган эди. Ҳозир уларнинг сони 40 нафардан ошди. Энг аълочи, фаол ўқувчилар орасидан танлов асосида жамлаб, мактаб қизлар кенгашини тузганмиз. 4та касб-ҳунар ва 2та ижодий тўгарак уларни катта ҳаётга тайёрлашда кўмакдош.
«Пазандалик» тўгарагида дугоналари билан маслаҳатлашганича қандайдир ширинлик тайёрлаётган ўқувчи қизни суҳбатга тортдик.
— “Ораста қизлар” клубининг пазандалик-қандолатчилик тўгарагига қатнашаман, — дейди 9-синф ўқувчиси Дилрабо Бекмуродова. — Турли пишириқ ва таомлар тайёрлашни ўрганиб олдим. Соғлом турмуш тарзи қоидалари ва шахсий гигиена талабларини ўрганяпмиз. Яқинда мактабимиз волейбол жамоасига аъзо бўлдим.
“Ораста қизлар” клубининг фаолиятига ўз ҳиссасини қўшаётган педагоглардан бирининг фикри билан қизиқдик.
— Ўқувчи-қизлар ҳақида маълумотлар банкини яратганмиз, — дейди директорнинг маънавий-марифий ишлар бўйича ўринбосари Анорахон Шарипова. — Қизларнинг оилавий муҳити, қизиқиши, имкониятлари, ҳаттоки фанларни ўзлаштириш бўйича ҳар йиллик таҳлиллари жамланган. Клуб ўз иш режасини тузади. Бунга биноан, тозалик, шахсий гигиена ва саломатлик талаблари, кийиниш маданияти, одоб-ахлоқ, иқтисодий-ҳуқуқий мавзуда суҳбатлар, учрашув ва танловлар ўтказаяпмиз. Мактабимизда жойлашган “Обод” МФЙ фаоллари ва ота-оналар бизга ёрдам бераяпти. Шаҳардаги 1-оилавий поликлиника шифокорлари эса доимий ҳамкоримиз.
Сентябрь ойида “Ҳаё – энг латиф фазилат”, “Қиз боланинг одоби — унинг бойлиги”, “Соғлом турмуш тарзи тамойиллари” ва “Ўзбекона муомала маданияти” мавзусидаги давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилгани тўгарак янги ўқув йилидан фаол ишга киришганини кўрсатади.
“Ораста қизлар” клубининг яна бир қобилиятли аъзоси Мунира Абдураҳмонова ҳам расм чизади, ҳам чеварликка иқтидори бор. Ўтган йили у клубдошлари билан “Ораста қизлар” кўрик-танловининг шаҳар босқичида қатнашиб, фахрли 2-ўринни эгаллади. Танловда Мунира тиккан либослар юқори баҳоланиб, алоҳида номинацияни қўлга киритди.
Худди шундай ютуқларни Наманган туманидаги 8-, Тўрақўрғон туманидаги 44-, Уйчи туманидаги 18- ва 26-мактабларда ташкил қилинган “Ораста қизлар” клуби аъзолари ҳам қўлга киритишмоқда. Мазкур таълим муассасаларида ўқувчи-қизлар ижтимоий-маънавий, мафкуравий, тиббий жиҳатдан мустақил ҳаётга тайёрланаётгани бошқа таълим даргоҳларига ибратдир.
Ғанишер АКБАРОВ,
“Ma’rifat” мухбири