Эртамиз эгаларига эътибор
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишнинг долзарб масалалари» мавзусида II республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Истеъдод» жамғармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган конференциянинг очилиш маросимида қатор вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, профессор-ўқитувчилар, иқтидорли ёшлар ва журналистлар иштирок этди. Cўзга чиққан «Камолот» ЁИҲ марказий кенгаши раиси Б.Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори М.Алиев, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази раҳбари А.Маврулов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Б.Усмонов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда бугунимиз ва эртамизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган баркамол авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак ижобий самара бераётганини таъкидладилар.
— Мамлакатимизда ёш иқтидор соҳибларини юзага чиқариш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, ўқувчи-талабаларга хорижий тилларни пухта ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Саидазиз Аъзамов. — «Камолот» ЁИҲ томонидан ташкил этилаётган турли кўрик-танловлар, лойиҳа ва фестиваллар биз ёшларни изланишга чорласа, чет тиллар бўйича эгаллаган билимларимиз жамиятда муносиб ўрин эгаллаш, миллий анъана ва ютуқларимизни жаҳон аҳлига намойиш этишга кўмак бераяпти. Ёш оилалар учун қурилаётган «Камолот» уйлари мамлакатимизда баркамол авлод келажагига берилаётган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси, десам муболаға бўлмайди.
Анжуманда ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришдаги фаоллигини ошириш, юксак маънавиятли, мустақил фикрли, дунёқараши кенг авлодни тарбиялаш, уларнинг турли мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини шакллантириш, замонавий касб-ҳунарларни пухта ўргатиш ҳамда иш билан таъминлаш борасида сўз юритилди. Истиқлол йилларида қабул қилинган қатор қонунлар, давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказишга хизмат қилмоқда. Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ислоҳотлар жараёнидаги ижтимоий фаоллигини ошириш, ижодий-интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш борасидаги ишларни янада кучайтирди.
— Эришган барча муваффақиятларим, кўксимдаги ғурур-ифтихорим — мустақиллик йилларида ёшлар камолотига берилаётган юксак эътибордан нишона, — дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Нилуфар Аббосхонова. — Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси, «Камолот» уйи соҳиби бўлганим давлатимиз раҳбари раҳнамолигида олиб борилаётган ёшлар сиёсатининг ёрқин ифодаси эмасми?! Бундай бахт янада кўпроқ изланишга, зиммамдаги масъулиятни сидқидилдан адо этишга, самарали меҳнат қилишга ундайди.
Конференция доирасида ёшлар сиёсатининг ютуқлари, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари акс этган кўргазма ташкил этилди. Ёш олимлар яратган ихтиролар, илмий янгиликлар, инновацион ишланмалар, иқтидорли ёшларнинг ижодий ишлари намойиш этилди. Шунингдек, «Ўзбекистон музейларининг энг сара 100 асари» номли 3D форматдаги виртуал музей экспонатлари ҳамда инглиз тилини ўқитишга ихтисослаштирилган мобиль ўйин дастурларининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирнинг иккинчи қисми шўъбаларда давом этди. Сурхондарёлик Мадина Холсаидованинг тақдим этган маърузаси мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.
— Вилоят ёшлар марказида инглиз тили тўгараги раҳбариман, — дейди ТерДУ талабаси Мадина Холсаидова. — Бу анжуманда иккинчи бор қатнашишим. «Камолот» — ёшларнинг чинакам қаноти» мавзусидаги маърузам мутахассисларга маъқул келганидан хурсандман.
— Бу йил академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида ўтказилган «Сиз қонунни биласизми?» кўрик-танловининг республика босқичида жамоамиз «Ғалабага бўлган иштиёқи учун» номинацияси ғолиби бўлди, — дейди Булоқбоши педагогика ва ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Мадинабону Абдуллаева. — Мана шундай кўрик-танлов, фестиваль ва конференцияларнинг ташкил этилиши биз ёшларнинг ўз билим ва иқтидоримизни намойиш этишимизга имконият яратмоқда. Шўъба йиғилишларида келгуси фаолиятим учун зарур бўлган кўплаб маълумотларга эга бўлдим. Тенгдошларим, малакали мутахассислардан ўзлаштирган билим ва кўникмаларим келажакда асқотиши шубҳасиз.
Анжуман сўнгида фаол ёшларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
«Мa’rifat» мухбири
Отабек МИРСОАТОВ (ЎзА) олган суратлар.