Ўқувчи бўш вақти қандай ўтаяпти?
Бу саволга медиа-тур давомида атрофлича жавоб олинди
Куннинг иккинчи ярмида ўқувчилар дарсни тугатиб, уй-уйларига кетган бўлади. Бундай пайтда мактаб директори билан бемалол суҳбатлашиш мумкин, қолаверса, дарсга ҳам, ўқитувчиларга ҳам халақит бермайман, деган ўйда зиё маскани остонасини ҳатладим. Аммо мактаб ҳовлиси ўқувчилар билан гавжумлигини кўриб, фикрим ўзгарди.
— Ҳали дарс тамом бўлмадими? — менга пешвоз чиққан муассаса раҳбарига берган илк саволим шу бўлди. У мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш, ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтини самарали ўтказиш, уларни касб-ҳунар, санъат ва спортга жалб этиш учун мактаб қошида тўгараклар фаолияти йўлга қўйилгани ва аъзолар сони кундан кунга ортиб бораётганини айтди.
Бу воқеага унча кўп бўлмади. Бугун эса мактабдан ташқари таълим тизими янада такомиллашди. Илгари ўқувчилар дарсдан кейин нима билан машғул бўлиши ҳақида бош қотирарди. Бугун-чи? Ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини фойдали машғулотларга йўналтириш мақсадида 211та «Баркамол авлод» болалар марказида, қарийб барча умумтаълим мактаблари қошида турли тўгараклар ташкил этилган. Болалар ҳунармандчилик, тикувчилик, спорт, санъат ёки бошқа соҳалар бўйича дастлабки кўникмани эгаллаш учун узоқ йўл босиб, махсус муассасага боришининг ҳожати йўқ. Мактаб ички муҳитида боланинг нафақат таълим олиши, балки маънавий оламини бойитиши, бўш вақтдан тўғри фойдаланиши учун ҳам имкониятлар мавжуд.
Яккасарой туманидаги 319-умумтаълим мактабида «Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш» мавзусида ташкил этилган медиа-тур ана шу масалаларга бағишланди. 604 нафар ўқувчи ўқиётган мазкур таълим муассасасидаги жами 35та тўгаракка 341 нафар ўқувчи аъзо. Журналистлар дастлаб «Bravo Inglish» тўгараги билан танишдилар. Тўгарак раҳбари Наргиза Тожимуродова бошланғич синф ўқувчилари жамланган гуруҳда АКТ орқали машғулот ўтмоқда. Катта экранда ўзбек халқ эртаги – «Ур тўқмоқ» мультфильми намойиш этилаётир. Мультфильм инглиз тилида бўлгани боис мураббий ҳар бир лавҳага изоҳ бериб ўтади. Ўқувчиларнинг бутун диққат-эътибори экранда.
— Мультфильм, халқ ўйинлари, саёҳат ва бош¬қа қизиқарли тадбирлар болалар дунёқарашини кенгайтиради, — дейди Наргиза Тожимуродова. — Режа бўйича ҳафтада бир марта машғулот ўтказишимиз керак. Аммо бу болаларнинг эҳтиёжини қондирмаётгани сабабли ҳафтада баъзан 4 мартагача машғулот ўтказилади. Инглиз тили фанидан эгалланган билим кўнгилочар машғулотда яна ҳам мус¬таҳкамланади.
Навбатдаги саёҳат Муҳаббат Миразимова раҳбарлигидаги «Ёш рассомлар» тўгарагига бўлди. Йигирмага яқин ўғил-қиз ранг-баранг расмлар чизмоқда. Ёш рассомлар ижодида акс эттирилган мактаб ҳовлиси, тарихий обидалар, олтин куз манзараси, ҳайвонот ва наботот олами ҳар қандай киши эътиборини тортади. Мактаб фойесига ўрнатилган тасвирий санъат намуналарини кўпчилик ҳамкасбларимиз диққат билан томоша қилди. Суратлар муаллифи мазкур тўгарак аъзоси Исмоил Акбаров экан.
«Ёш адабиётшунослар» тўгараги машғулотини кузатамиз. Ўқувчилар «Алишер Навоий — ўзбек халқининг ифтихори» мавзусида саҳна кўриниши намойиш этаяпти. Мутафаккир бобомизнинг ғазал ва рубоийларини ёддан айтаётган ўғил-қизлар заковатига қойил қоласан, киши. Саҳнада ўрта асрлар ҳаёти жонлангандек бўлди.
— Ҳар бир машғулот жонли бўлиши керак, — дейди тўгарак раҳбари Машҳура Анортоева. — Назарий билим эгаллаган ўқувчи амалиётда ўзини кўпроқ кўрсатади. Машғулотни мушоира тарзида ўтказиш ўқувчиларга ёқишини кузатдик. Тарбияланувчилар орасида шеър ёзадиганлари кўп. Фарзандларимиз ўз иқтидорини кўрсатиши учун шарт-шароит яратсак, бунинг самарасини йиллар ўтиб кўрамиз.
«Ёш дастурчи», «Ажиб ҳисоб», «Шахматчилар», рақс, миллий кураш, гандбол, дзюдо тўгараклари фаолияти ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Машғулот хоналари барча зарурий ўқув жиҳозлари билан таъминланган. Шу йил сентябрда иш бошлаган «Истеъдод ниҳоллари» ёшлар театр студияси қатнашчилари сони ҳам тобора ортиб бормоқда. Санжар Мардонов бошчилик қилаётган ушбу студияда ўқувчилар актёрлик маҳорати, раққосалик, бошловчилик санъати, созандалик бўйича бошланғич кўникмаларни эгалламоқда. Ўқувчиларнинг турли кўрик-танлов ва фестивалларда эришаётган натижалари ҳам чакки эмас.
— Муассасамизда туман «Баркамол авлод» болалар марказининг 3та — кулолчилик, тўқувчилик, бисер тўқиш тўгараги фаолияти йўлга қўйилган, — дейди мактаб директори Саёҳат Тошматова. — Мазкур тўгараклар ташкил этилгунча айрим ўқувчилар «Баркамол авлод» болалар марказига қатнарди. Ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилганидан ота-оналар ҳам мамнун. «Камолот» ЁИҲ, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва ота-оналар билан яқин ҳамкорлигимиз ўқувчиларнинг бўш вақти мазмунли ўтишига замин яратмоқда. Дарс тугагандан сўнг ўқувчилар ёнимизда жойлашган 5-болалар мусиқа ва санъат мактабига ўтиб, қизиққан машғулоти билан шуғулланади.
Бу муассаса фаолияти билан танишар эканмиз, 10та — ўзбек халқ чолғулари, фортепиано, скрипка, баян-аккордеон, гитара, зарбли асбоблар, эстрада хонандалиги, хореография, тасвирий санъат, дамли асбоблар йўналиши бўйича сабоқ берилишига гувоҳ бўлдик.
— Гуруҳимда 11 нафар бола шуғулланади, — дейди ўзбек халқ чолғулари бўлими раҳбари Фотима Раимова. — Улар ҳафтасига уч кун миллий мусиқа асбобларини чалиш сирларини ўрганишади. Гуруҳ ўқувчилари кўрик-танлов ва тадбирларда ҳам фаол. Хусусан, 26-умумтаълим мактаби ўқувчиси Абдуваҳоб Ғаниев ва 118-умумтаълим мактаби ўқувчиси Ситора Ғафурова «Камалак юлдузлари» кўрик-танловининг туман босқичида 1-ўринни эгаллаб, шаҳар бос¬қичига йўлланмани қўлга киритди.
Медиа-тур сўнгида брифинг ўтказилди. Халқ таълими вазирлигининг масъул ходимлари журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
«Ma’rifat» мухбири
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ олган суратлар.