31 тўгарак болалар билан гавжум
«Энг иқтидорли ўқувчи» кўрик-танлови якунланди. Бир олам таассурот билан тарқалаётган ўқувчи ва устозлар даврасида танлов иштирокчиларининг чиқишлари яна бир бора муҳокамадан ўтмоқда:
— 7-синфдаги Шаҳло Исоқова бадиий матн ва шеърларни ифодали ўқир экан, жуда қобилиятли қиз. Назаримда, шеърларни ҳам ўзи ёзган...
— Худди шундай, у истеъдодли ўқувчиларимиздан. Шаҳлонинг адабиётга ихлосмандлигини билар эдиму, аммо сухандонлигидан бугун хабар топдим. Эътибор бердингизми, овози жуда ширали.
— У олий ўринга чиндан муносиб!
— 6-синф ўқувчиси Марҳабо Солиева ҳам ундан қолишмади. Намойиш этган либосларини қаранг, жуда бежирим, чоклари пишиқ, пухта. Мижози кўп чевар бўлади бу қиз!
— Марҳабоми? «Моҳир қўллар» тўгарагига қатнагандан бери қўли анча келишиб қолди. Либослар дизайнери бўламан дейди, ниятига етсин!
Тўрақўрғон туманидаги 40-умумий ўрта таълим мактабининг аълочи ўқувчиларига худди шундай таъриф бериш мумкин. Улар ўқишдан ташқари вақтини оқилона тақсимлашади. Мактаб директори Наргиза Абдулазизова бу ҳақда шундай дейди:
— Билим масканимизда 22та фан, 4та касб-ҳунар ва ижодий тўгарак, 5та спорт секцияси ишлаб турибди. Ҳафтанинг ҳар бир кунига тақсимланган маънавий-маърифий йўналишдаги тадбирлар ҳеч бир ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Душанба иқтисодий билимлар куни муносабати билан 7-синф ўқувчилари иштирокида ўтказилган «Ўзбекистоннинг табиий бойликлари» мавзусидаги билимдонлар баҳси катта тадбирга айланиб кетди.
— Стол теннисига жуда қизиқаман, — дейди 9-синф ўқувчиси Нодирбек Мелибоев. — Ўтган ўқув йили якунида Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб уюштирилган туман турнирида, кейинчалик вилоят мусобақасида фахрли ўринларни эгалладим. Бу ютуқларни спорт секциясида мунтазам шуғулланиш эвазига қўлга киритаяпман.
Мактаб ўқувчилари ўртасида спортчилар талайгина. 28 нафар ўқувчи гимнастика, 16 нафар ўқувчи кикбоксинг тўгарагида ўз маҳоратини оширмоқда. Бадиий гимнастика билан шуғулланувчи қизлар сафи борган сари кенгаймоқда.
— Туманнинг чекка қишлоғида яшасакда, спортнинг бадиий гимнастика тури борган сари оммалашмоқда, — дейди хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Шаҳноза Камолова. — Шуни эътиборга олиб, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби билан ҳамкорлик ўрнатдик. Ҳафтасига уч кун машғулот олиб борилмоқда.
Мактабнинг маънавият хонаси доим гавжум. Эртага — маънавият куни. Бу гал миллий қадриятлар ва урф-одатлар тўғрисида мактабдошларига янги маълумот ва тушунча бериш 8-синф ўқувчилари зиммасига топширилган. Улар она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Усмонжон Ўринов раҳбарлигида ана шу тадбирга тараддуд кўрмоқда.
Ғанишер АКБАРОВ,
«Ma’rifat» мухбири