Маҳалланинг энг ораста қизлари
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройига йиғилган бири-биридан гўзал, мафтункор, кўзни қамаштирувчи миллий либос ва ироқи дўппи кийган, гул-гул ёниб турган қизларни кўриб, беихтиёр дил яйрайди. Улар «Маҳалланинг энг ораста қизлари» республика анжуманида иштирок этиш учун жам бўлишган.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, «Нуроний» ва «Соғлом авлод учун» жамғармалари ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирга «Ораста қизлар давраси» кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичи ғолиблари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, маҳалла, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, ўқитувчилар, шифокорлар, маънавият тарғиботчилари таклиф этилди.
«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган тадбирда ёш қизларга қаратилаётган эътибор, уларнинг касб-ҳунар эгаллаши, соғлигини мустаҳкамлаши учун чексиз ғамхўрлик кўрсатилаётгани ҳақида гапирилди.
— «Ораста қизлар давраси» кўрик-танловининг ҳудудий босқичларида 250 мингдан ортиқ ўсмир қиз иштирок этди, — дейди республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Озода Парпибоева. — Ҳар бир тумандан бир нафар энг фаол етакчи қиз «Маҳалланинг энг ораста қизлари» республика анжуманига сараланди. Якуний босқичда эса иштирокчилар 14 жамоага бўлинган ҳолда ўз билим ва салоҳиятини синовдан ўтказди. Қизларнинг саҳнадаги чиқишларини кузатиб, юртимизда иқтидорли, ўз кучига, билимига ишонган ёшлар сони кўпаяётганига яна бир бор амин бўлдик.
Қизлар илк шартда «Инсон маданияти, кўрки, одоби либос билан» мавзусида ўз тақдимотини намойиш этишди. Унда иштирокчиларнинг муомала маданияти, кийиниш, ўзини тутиш жиҳатларига алоҳида урғу берилди. «Кексаларни эъзозлаш – барчанинг бурчи!» мавзусидаги шартда эса кексаларга ҳурмат-эҳтиром, ғамхўрлик кўрсатиш ва саломатлигини асрашга оид саволларга жавоб бердилар. «Қариси бор уйнинг — париси бор» мавзусидаги баҳсда жамоа сардорлари ўзбек халқ мақоллари бўйича ўз салоҳиятини намоён этдилар.
Анжуманда фаол иштирок этган қизлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.
Асолат АҲМАДҚУЛ қизи
В.ГРАНКИН олган суратлар.