Ораста қизлар
нафақат мактаб ва маҳалла, балки юртнинг ҳам фахридир
Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим мактаблари ўқувчи-қизлари ўртасида ташкил этилган “Ораста қизлар” республика кўрик-танловининг якуний босқичи Учтепа туманидаги 38-мактабда бўлиб ўтди.
Яқиндагина Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, бир қатор вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган “Маҳалланинг энг ораста қизлари” республика анжуманида ҳар бир вилоятдан қизлар жамоаси иштирок этиб, ўз билим ва иқтидорини намойиш этган эди. Анжуманнинг узвий давоми бўлган мазкур кўрик-танлов эса Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим мактаблари ўқувчи-қизлари иштирокида бу йил биринчи маротаба алоҳида ташкил этилгани билан аҳамиятлидир.
Асосий мақсади ўқувчи-қизларнинг ижтимоий ва интеллектуал қобилиятини ривожлантириш, уларда шахсий-гигиеник қоидаларни тўғри шакллантириш, тиббий маданиятини ўстириш, ижтимоий фаоллигини ошириш, қолаверса, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашдан иборат бўлган “Ораста қизлар” кўрик-танлови тўрт босқичда ташкил этилиб, умумтаълим мактабларининг 8—9-синф ўқувчи-қизлари қатнашдилар. Якуний босқичда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан бир нафардан иштирокчи бешта шарт бўйича беллашиб, ўз маҳоратини намойиш этди.
Биринчи шартда қизлар 5 дақиқа давомида ўзларини таништириб, мактабида одоб-ахлоқ қоидалари қандай йўлга қўйилгани ҳақида гапиришди ҳамда ижод намуналаридан иборат кўргазма тақдим этдилар. Наманган вилояти вакили Гулшодабегим Абдулҳамидова “Мани борар жойим ўшал Намонгон” деган мисра билан бошланувчи барчага қадрдон қўшиқни ширали овозда куйлаб саҳнага чиққан бўлса, бухоролик ораста қиз Машҳура “Ассалом азизлар, аҳли маърифат” деган шеъри билан ўзини таништирди. Кейинги шартда иштирокчилар таълим-тарбия жараёни ва оилада учрайдиган муаммоли вазиятлар бўйича тайёрланган 5та саволга жавоб беришди.
Айниқса, уй-рўзғор юмушларидан иборат учинчи шарт қизларга жуда ёққанлиги топшириқларнинг иштиёқ ва меҳр билан бажарилганидан ҳам сезилиб турарди. Бу шартда қизлар мева ва сабзавотлардан “Карвинг” санъатидан фойдаланиб, бир-биридан ажойиб композицияларни яратишди. Шунингдек, ушбу шартда жажжи сингилларининг сочини чиройли кўринишда турмаклаш ва тугма қадаш маҳорати ҳам синовдан ўтказилди. Бугунги куннинг ораста қизи замонавий ахборот технологияларидан ҳам фойдаланиш кўникмасига эга бўлиши керак. Тўртинчи шартда қизлар айнан шу қобилиятларини ишга солишди. Интернет тармоғидан маълумот олиш ва хабар жўнатиш каби вазифаларни қай даражада уддалаганларига қараб баҳоландилар. Ниҳоят, сўнгги шарт, эркин мавзуда қизлар ўз қизиқишидан келиб чиқиб, нималарга қодирлигини исботлашди. Фарғоналик Паризода Рўзибоеванинг жарангдор овози томошабинларни қойил қолдирган бўлса, самарқандлик Сарвинознинг шўх рақси барчага хушкайфият бағишлади.
— Шартларни бажариш жараёнида иштирокчиларнинг кийиниши, юриш-туришию ўзини тутишига алоҳида эътибор қаратдик, — дейди Халқ таълими вазирлигининг маънавий-ахлоқий тарбия бўлими етакчи мутахассиси, кўрик-танлов ҳакамлар ҳайъати аъзоси Лазокат Муҳиддинова. — Мактаб ўқувчилари орасида иқтидорли қизлар кўп. Бу танлов ана шу иқтидорлиларни кашф этиши билан аҳамиятлидир. Асосий мақсад ҳам аслида мактабларда ташкил қилинган “Ораста қизлар” тўгараги фаолиятини янада кучайтириш, унга аъзо бўлаётган қизлар сафини кенгайтиришдир. Мактаб давриданоқ қизларимиз катта ҳаётга, оилага тайёр бўлаётганини кўриб, ҳам мутахассис, ҳам она сифатида хурсанд бўлдик.
Охирги шартда “Она Тўмарис” саҳна кўринишини кийим-бошию қўлидаги қамчиси билан қойилмақом тарзда ижро этган бухоролик иштирокчининг таассуротлари билан қизиқдик.
— Мактабимиздаги “Ораста қизлар” тўгараги сардориман, — дейди Ғиждувон туманидаги 12-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Машҳура Абдурашидова. — Тўгаракдаги дугоналаримнинг барчаси истеъдодли. Бири шеър ёзса, бошқаси расм чизади. Танловга ҳам елкама-елка туриб, биргаликда тайёрландик. Қолаверса, ота-онам ва бобомнинг маслаҳат ҳамда ўгитлари билан шу ергача етиб келдим. Ўтган йили “Мен, ота-онам, бобом ва бувим — китобхон оила” кўрик-танловида иштирок этиб, республикада олий ўринга сазовор бўлган эдик. Ҳар бир қиз чеварликдан хабардор бўлиши зарур. Айниқса, зардўзи либослар тикиш жону дилим. Ахир, ораста қиз ҳар томонлама барчага ўрнак бўлиши керак-да.
Фикрлари булоқ сувидек тиниқ, шабнам каби покиза, уй-рўзғор тутишда озода, пазанда ва оқила қизлар сафининг кенгайишига хизмат қилаётган “Ораста қизлар” кўрик-танлови кейинги йилларда ҳам яна кўплаб иқтидор эгаларини кашф этиши шубҳасиз. Бугунги замон ўзбек қизи ақлли, одобли, билимли ва зукко бўлиши керак. Айниқса, ораста бўлиши шарт. Зеро, улар нафақат оиласи ва маҳалласи, балки мактабининг ҳам “юз”идир. Танлов иштирокчиларида эса бу фазилатлар мужассам эди. Буни қизларни олқишлаб турган томошабинларнинг “Ҳа, баракалла!”, “Яшавор, қизим, бўш келма!” ёки “Ота-онангга раҳмат!”, “Устозинг кам бўлмасин!” деган хитобларидан ҳам сезиш қийин эмасди.
Якуний натижаларга кўра, Ўзбекистон туманидаги 17-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Паризода Рўзибоева 1-ўринни, Кармана туманидаги 15-мактаб ўқувчиси Дилнавоз Қурбонова 2-ўринни ва Термиз шаҳридаги 12-мактаб ўқувчиси, 12-меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Мафтуна Абдумўминова эса 3-ўринни қўлга киритди. Ғолиб ва иштирокчилар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Райҳона ХЎЖАЕВА,
“Ma’rifat” мухбири
Владимир ГРАНКИН олган суратлар.