Кексалар эъзозда
Пойтахтимиздаги 20-умумтаълим мактабида “Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари, кино ва театр актёрлари, сўз санъати усталари ҳамда шу мактабни тамомлаб, турли жабҳаларда хизмат қилган отахону онахонлар иштирок этди.
— Кексаларимизнинг умр йўли биз учун ибрат, ўгитлари эса ҳикматлар хазинасидир, — дейди мактаб директори Шаҳноза Қосимова. — Буни теран ҳис этган ҳолда ёшларимизни кексаларга ҳурмат, Ватанга садоқат ва бирдамлик руҳида тарбиялашга барчамиз масъулмиз. Кечамизга кўпни кўрган, бой ҳаётий тажрибага эга инсонларни таклиф этганимизнинг сабаби ҳам шунда.
Тадбирда сўз олганлар юртимизда кексаларга кўрсатилаётган ғамхўрликни эътироф этиб, бугунги ёруғ кунлар учун шукроналар келтирди. Эл севган хонандалар ва мактаб ўқувчилари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Кечада ўтган йиллар давомида таълим муассасасида эришилган ютуқлар тилга олиниб, мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчилари «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Сардор МУСТАФОЕВ,
ЎзДЖТУ талабаси