Ўзбекистон байроғи юксакларда ҳилпирар
«Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга».
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 5-модда.
Миллий давлатчилигимиз тарихининг барча даврларида давлат рамзлари, хусусан, байроқ Ватан тимсоли сифатида муқаддас саналган. Бунга тарих шоҳид. Зеро, буюк бобомиз Амир Темур ҳам давлат рамзларига жиддий эътибор қаратганини жанг майдонида бир лашкар омон қолса ҳам, Ватани байроғини баланд тутишига фармон берганидан билса бўлади. Ёки Шайх Нажмиддин Кубронинг Ватан озодлиги йўлида кўрсатган мислсиз жасоратини яхши биламиз. Ушбу қаҳрамонлик тиллардан тушмай, авлодларга намуна бўлиб, ҳанузгача халқимизни ватанпарварлик ва жасоратга чорлаб келади.
Бугун ҳам ватан байроғи деганда, кўз олдимизда бутун бир мамлакатнинг тимсоли, жаҳоннинг сиёсий-ижтимоий харитасидаги қиёфаси гавдаланади. Айниқса, тинчлик элчилари дея ном олган спортчиларнинг энг нуфузли халқаро мусобақаларда зафар қучиб, ўз байроғини баландларга кўтариши бугунги даврда энг юксак бахт сифатида эътироф этилиши бежиз эмас.
Шукрки, ана шундай музаффар спортчилар сафида ўғил-қизларимиз, полвону алпкелбат баҳодирларимиз тобора кўпаймоқда. Улар Ўзбекистонимиз туғининг бошқа давлат байроқлари орасида алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билан ҳилпираб туришини таъминламоқда.
Жумладан, 2014 йилнинг август ойида Хитойнинг Нанкин шаҳрида спортнинг 30 тури бўйича 200дан ортиқ медаль жамланмаси учун 204 мамлакатдан келган 3 минг 878 нафар ўғил-қиз баҳс олиб борган ўсмирлар ўртасидаги II ёзги Олимпиада ғолиб ва совриндорлари орасида ўғил-қизларимиз номи ҳам тез-тез тилга олинди. Айниқса, юнон-рум кураши бўйича барча рақибларини енгиб, курагини ерга текказиб, олтин медалга сазовор бўлган 17 ёшли ҳамюртимиз Илҳом Баҳромовнинг ёрқин ғалабаси шарафига Ўзбекистон байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграганда, қалбимиз ҳаяжону ғурурга тўлди. Шу тобда Илҳомнинг хаёлларидан нималар ўтган, нималар ҳақида ўй сурганини билиш жуда қизиқарли, албатта...
...Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги «Ғунча» номли мактабгача таълим муассасаси. Боғча тарбияланувчилари хоналарига кириб, шовқин-сурон тинди. Болалар расм дарсида «Бугун нимани чизар эканмиз?», деган ўй билан қаламини ўйнатганча, меҳрибон тарбиячи Дилфуза Ворисованинг топшириғини кутади. Шунда Дилфуза опа Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи акс этган плакатни ҳаммага бирдек кўринадиган жойга илиб қўяркан, «Болажонлар, ҳозир сизлар билан биргаликда байроғимизни чизамиз, қани ким чиройли чизаркан?» деб болаларни илҳомлантириш билан бирга, қарокўзларга байроғимиз ва ундаги ранглар, юлдузчалар қандай маъно англатишини тушунтириб берди:
— «Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган. Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради. Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу — яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди. Байроқдаги оқ ранг — муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёриткичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг — поклик, беғуборлик, софлик, орзу ва хаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли. Яшил ранг — табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда авқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади. Қизил чизиқлар — вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади. Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳамдир. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор.
Бизнинг ўн икки юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.
Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушуниш лозим.
Дилфуза опа болажонларга ватан рамзи ҳақида тушунча бергач, уларнинг ёдида бирор маълумот қолган-қолмагани билан қизиқди:
— Қани, ҳозир айтганларимни ким қайта айтиб бера олади?
Шунда Одина, Баҳодир, Жасур, Наргиза исмли ўғил-қизлар туриб, хотирасида сақлаб қолган маълумотларини айтиб берди. Тарбиячи чунонам хурсанд бўлиб кетганидан, уларга байроқчалар совға қилди.
— Байроғимиз ҳақидаги маълумотларни яхши эслаб қолибсиз, баракалла, — деди тарбиячи. — Келгусида ҳам бу маълумотларни унутмайсиз, деган умиддаман. Улғайиб, катта бўлганингизда ҳам байроғимизни юксакларга кўтаришингизга ишонаман. Ҳеч қачон унга нисбатан беҳурмат бўлманг, уни ардоқлаб, юрагингиз тўрида сақланг. Чунки байроғимиз ҳам худди нону туз каби мўътабар саналади.
Дилфуза опа бу гапларни айтаркан, барча болалар қатори бўлғуси чемпион — Илҳомнинг мурғак қалбида ҳам байроққа нисбатан илиқ туйғу — меҳр пайдо бўлди. Унинг кўзлари байроқдаги юлдузчалар мисол порлаб, дилидан «Бир куни байроғимизни баландларга кўтараман, кўрасизлар!» деган ширин энтикиш ўтди.
У бу сўзларни қанчалар юракдан айтган бўлмасин, мақсадига қай тариқа эришиши, ниманинг эвазига байроқни юксакка кўтаришини билмасди. Бироз вақт ўтиб, мактабга чиққач, акаларига эргашиб, кураш сирларини ўрганди. Кейин спорт ва жисмоний тарбия жаҳоннинг энг нуфузли шоҳсупаларига йўл очишини англаб етди. Болаликдаги орзулари ижобат бўлаётганидан қувонган Илҳом машғулотлар залига юртимиз байроғини илиб қўйди. Токи шу байроқ унга ваъдасини эслатиб турсин. Токи шу байроқ уни ўз устида ишлашга, интилишга, меҳнат қилишга ва ғалаба учун курашишга ундаб турсин. Токи шу байроқ унинг қалбида ватанпарварлик туйғусини жўш урдириб, умуминсоний қадриятлар, фазилатлар жой олишини таъминласин.
* * *
Илҳом Баҳромов боғчада беихтиёр айтган сўзининг устидан чиқди! Маҳаллий мусобақаларда йигирма карра, халқаро турнирларда уч маротаба ғолиб чиқди ва ҳар гал унинг ғалабаси шарафига Давлатимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янгради.
Исроил ака Мустафоев ҳам ўз вақтида енгилмас полвон дея ном чиқарганди. Кўпинча унга эргашиб юрадиган Илҳомни ўша полвон амакиси ўз ўғиллари билан 6 ёшлигида кураш тўгарагига олиб борди. У шу ерда курашнинг сир-асрорини мураббийлардан қунт билан ўрганди, мусобақаларда иродасини тоблади, руҳини ҳам чиниқтирди. Бу унинг чинакам мард полвон бўлиб улғайишида муҳим омил бўлди. Туман, вилоят миқёсидаги мусобақаларда тенгсиз деб топилгач, эл оғзига тушди. Ўшанда у ҳали мактаб ўқувчиси эди.
6-синфни тамомлаб, 7-синфга ўтар кез Самарқанд шаҳридаги Олимпия захиралари спорт коллежига ўқишга қабул қилинди. Жавоҳир ерда қолмас деганларидек, Илҳомдек ноёб иқтидор эгаси тажрибали мураббий Ҳаким Нанаевнинг ҳам эътиборини тортди. Унинг қўл остида машғулотларни давом эттириш билан бирга, мактабдаги ўқишни ҳам ташлаб қўймади. Ўша йили Улан-Батор шаҳри(Мўғулистон)да ўтказилган Осиё чемпионатида1-ўринни қўлга киритди.
Бу ютуғидан сўнг Илҳом терма жамоа мураббийлари назарига тушди ва Тошкентдаги Республика олимпия захиралари спорт мактабига ўқишга таклиф этилди. Бу Илҳом учун айни муддао эди, ахир мамлакатимиз шарафини халқаро мусобақаларда энг кўп ҳимоя қиладиган спортчилар айнан шу мактабда таҳсил олади, камол топади. Илҳом 8-синфдан пойтахтда ўқий бошлади. Бу қарор ўз мевасини узоқ куттирмади. 2013 йили Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Илҳом Баҳромовга яна омад кулиб боқди, у терма жамоа сафида мамлакатимизга олтин медаль билан қайтди.
— Ҳар сафар байроғимизга қарар эканман, руҳан юксаламан, ўзимни тетик ҳис қиламан, — деди Илҳом Баҳромов. — Бу спортчи учун улкан ютуқ аслида. Руҳи баланд спортчини енгиб бўлмайди. Ватанимиз байроғида мен таърифлай олмайдиган куч, қувват бордек туюлади менга. Уни ич-ичимдан ҳис қиламан. Хорижий мамлакатларда ўтадиган халқаро мусобақаларда олтин медалга сазовор бўлиб, ғалабам шарафига байроғимиз кўтарилганда, қалбим чексиз ифтихорга тўлади. Шу юртнинг фарзанди эканлигимдан, спортчи бўлганимдан ва халқим, ота-онам ҳамда устозларим ишончини оқлай олганимдан қувонаман. Мақсадим — олимпиада чемпиони бўлиб, ватан байроғини олимп чўққисига кўтариш! Зеро, бу — спортчиман деган ҳар бир юртдошимнинг қалбидаги орзу, кўнглидаги истак. Мен бир куни шу олий мақсадимга ҳам албатта эришаман.
Ҳа, бунинг учун юртимизда барча шароит муҳайё. Муҳими, улардан унумли фойдаланиб, ватан равнақи, халқаро миқёсдаги довруғининг янада ошиши учун майдонга чиқаётган спортчиларимиз қалбида ватанпарварлик туйғуси оловланиб, машъал каби порлаб турса, бас. Ана ўшанда байроғимиз ҳам минглаб юракларнинг энг юксак қояларида ҳилпираб, қуёш каби кўзларни қамаштириб тураверади.
Жўрабек ЖАНГИРОВ,
«Ma’rifat» мухбири
ЎзА суратлари.