«Ғуруримсан, Қомусим!»
“Баркамол авлод” республика болалар техник ижодиёт марказида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллигига бағишлаб “Ғуруримсан, Қомусим!” шиори остида фотосуратлар кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
“Азалий ва боқий қадриятлар”, “Бетакрор лаҳза” ва “Карвинг” йўналишида ташкил этилган кўрик-танловда ҳар бир вилоятдан уч нафардан ўқувчи ўз ижод намунаси билан иштирок этди. Биринчи шартда “Азалий ва боқий қадриятлар” йўналишида қатнашаётган ўқувчилар тарихий обидалар, меҳнат қуроллари, зебу-зийнатлар, қадимий китоблар, чолғу асбоблари ва замонавий-меъморий мажмуалар акс эттирилган фотосуратларни тақдим этиб, улар ҳақида ҳакамлар ҳайъати аъзоларига гапириб беришди. “Бетакрор лаҳза” йўналишида қатнашган иштирокчилар эса энг ҳаяжонли ҳолатлар, яқинларининг ёқимли табассуми, ҳаётининг ёрқин лаҳзалари акс эттирилган фотосуратларни тақдим этишди. “Карвинг” йўналишида ўз маҳоратини синаб кўраётган ўғил-қизлар 2 дона узунчоқ қовоқдан ўйиб ясалган автомобиль ва трактор моделларидан иборат ижод намуналари билан қатнашдилар.
Иккинчи шартда ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан берилган Конституцияга оид иккита саволга жавоб бериб, Бош Қомусимизни қай даражада ўрганаётганларини намоён этган иштирокчилар сўнгги босқичда амалий машғулотларни бажариб кўрсатишди. Унда фотосуратлар йўналишида иштирок этган ўқувчилар марказ ҳовлисидаги табиат манзараларини суратга олган бўлса, карвинг йўналишидаги иштирокчилар эса бир соат давомида қовундан елканли кема моделини ясашди.
Ўқувчиларнинг ижод намуналарини томоша қиларкансиз, нуроний отахон ва мунис онахонларнинг самимий чеҳраларию беғубор болаликнинг оташ лаҳзаларида шодон қувнаётган кичкинтойларнинг суратларини томоша қилиб завққа тўласиз. Ватанимизнинг гўзал ва обод манзилларини ўзида акс эттирган суратлар эса қалбингизда ғурур уйғотиши шубҳасиз.
— “Азалий ва боқий қадриятлар” йўналишида иштирок этаяпман, — дейди Узун туманидаги 1-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Амиржон Исмоилов. — Кўрик-танловда қадимда ота-боболаримиз фойдаланган турли антиқа буюмларнинг суратлари билан қатнашдим. Уларнинг орасида тақинчоқлар, дутор, омоч ва қадимий китоблар ҳам бор. Энг муҳими, суратга олиш баҳонасида бу буюмлар ҳақида кўпгина маълумотларга ҳам эга бўлдим.
Қовундан елканли кема моделини ҳақиқийсидан қолишмайдиган даражада маҳорат билан ясаётган иштирокчи эса ўз таассуротини шундай баён қилди:
— Дадам рассом, акам ҳайкалтарош бўлгани учун ижодга иштиёқ менда болаликдан уйғонган, — дейди Каттақўрғон туманидаги 15-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Жалолиддин Раҳматов. — Кузатсам, тенгдошларимнинг аксарияти тарвуздан фақат атиргул шаклини ўйиб ишлаган. Мен эса тарвуздан инсон ва ҳайвонларнинг тасвирини ўйиб ясашни ўзлаштирганман. Карвинг санъати билан шуғулланаётган кишининг, энг аввало, тасаввури кенг бўлиши керак.
Ғолиб ва фаол иштирок этган ўқувчилар диплом ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланишди.
Райҳона ХЎЖАЕВА,
“Ma’rifat” мухбири