Энг фаол олима аёллар
Ўзбекистон хотин-қизларининг «Олима» уюшмаси ташаббуси билан иқтидорли, фидойи хотин-қизларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган «Илм юлдузлари» интеллектуал кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида ўтказилган якуний босқичда изланувчан, ўз салоҳиятини фан ривожи йўлида намоён этаётган илм соҳибалари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирокини таъминлаш, илм-фан, маданият, спорт ва бошқа соҳалардаги фаолиятини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди. Танлов шартларида олима аёлларнинг илмий салоҳияти, интеллекти, нутқ маданияти, хорижий тилларни билиш даражаси синовдан ўтказилди.
— «Буғдойнинг замбуруғли касалликларга табиий тритерпеноидлар таъсирини баҳолаш» мавзусида илмий тадқиқот устида иш олиб бораяпман, — дейди Гулистон давлат университети катта илмий ходим-изланувчиси Нодира Аблақулова. — Илмий ишимдан мақсад Сирдарё вилоятида учрайдиган шўрланган тупроқ шароитида замбуруғли касалликларга қарши курашиш ва олдини олишдир. Танлов илмий ишимизнинг мазмуни, мақсади, янгилигини жамоатчиликка кўрсатиб беришга имкон яратди.
Танловда Термиз давлат университети ўқитувчиси Нодира Ҳайитбоева биринчи, Ўзбекистон Миллий университети доценти Нозима Муродова иккинчи, Тошкент ахборот технологиялари университети катта илмий ходим-изланувчиси Дилдора Муҳаммадиева учинчи ўринни қўлга киритди. Бундан ташқари, «Энг зукко ва топқир иштирокчи», «Энг моҳир миллий қадриятлар тарғиботчиси», «Энг инновацион ғоя соҳиби» каби номинацияларда ҳам ғолиблар аниқланди.
Санобар ЖУМАНОВА