Маънавият тарғиботчилари
Республика болалар кутубхонасида Халқ таълими вазирлиги тизимида ўтказилган «Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси» кўрик-танлови республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан Халқ таълими вазирлиги, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари юксак маънавият чин маънода енгилмас куч эканини таъкидлаб, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурматни қарор топтиришда устоз-мураббийлардан катта масъулият талаб этилиши хусусида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
— Мактабда маънавий-маърифий ишлар ташкилотчиси ўқувчининг энг яқин дўсти, кўмакчиси бўлиши лозим, — дейди Халқ таълими вазирлигининг маънавий-ахлоқий тарбия бўлими бошлиғи Жамолиддин Камолов. — Кўрик-танлов маънавият ташаббускорларининг қобилиятини юзага чиқариш, бири-бири билан фикр алмашиш, тажрибаларини оммалаштириш ва ўзлаштирган кўникмаларини амалиётда кенг қўллаши учун шароит яратади. Халқ таълими тизимида мазкур ижодий беллашувнинг юқори савияда ташкил этилиши ва оммавийлигини таъминлаш учун муайян ишлар амалга оширилиши натижасида йилдан-йилга иштирокчилар салоҳияти ўсиб бормоқда. 2008 йили кўрик-танловда 200 нафар педагог қатнашган бўлса, жорий йилга келиб улар сони 3000 нафардан ортиб кетди.
«Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси» кўрик-танлови республика босқичи иштирокчилари белгиланган шартлар бўйича ўз лойиҳаларини тақдим этишди. Ҳакамлар ҳайъати қатнашчиларни баҳолаш жараёнида уларнинг миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар бўйича тузган дастур ва режаларига, нутқ маданиятига, замонавий метод ва услубларига, ОАВдаги фаоллиги ва бошқа касбий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратдилар. Пахтакор туманидаги 4-умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Сарвар Улуғмуродов биринчи ўринга лойиқ топилди. Хонқа туманидаги 27-умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Танзила Аллақулиева иккинчи, Янгиқўрғон туманидаги 36-умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Диллола Қўзибоева эса учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиблар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири