Юксак эътибордан баҳраманд диллар
Ранг-баранг ўйинчоқлар осилган муаззам арча ёнида қувноқ куй-қўшиқларга завқу шавқ ила рақс тушаётган болажонларни кўриб, ич-ичимиздан энтикамиз. Турли аттракцион, мўъжаз арғимчоғу майдончаларда шўх-шодон ўйнаётган ўғил-қизларнинг чеҳрасидаги қувончдан дил яйрайди. Қувончи ичига сиғмай қувнаётган фарзандларини кузатиб турган ота-оналар, бобою бувижонлар ҳам инсон манфаатлари улуғланган, обод ва фаровон Ватанда яшаётганидан бахтиёр, тинч-осойишта кунларимизга шукрона келтирмоқда.
Бугун юртимизнинг қай гўшасига борманг, ана шундай Янги йил байрами шукуҳи ҳукмрон. «Президент арчаси» шодиёналарида унутилмас таассуротларни бошдан ўтказаётган болажонларга улашилаётган Президентимизнинг совғаси уларнинг қувончига қувонч қўшмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, «Sen yolg‘iz emassan» республика жамоатчилик болалар жамғармаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Янги йил байрамини юксак савияда нишонлаш мақсадида меҳрибонлик ва мурувват уйлари тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда «SOS — болалар маҳаллалари» ўғил-қизлари учун Президент совғалари тайёрланди.
— Президент совғалари болажонларни яхши ўқиб-ўрганишга, таълим-тарбия жараёнида фаол иштирок этишга чорлайди, — дейди Халқ таълими вазирлиги маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Ҳикматилла Даминов. — Анъанага мувофиқ бу йил ҳам давлатимиз раҳбари номидан тақдим этиладиган 12 номдаги ўқув қуроллари ва 15 номдаги ширинликлардан иборат 11 минг дона совға тайёрланди. Совғалар Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларига «Президент арчаси» баннери туширилган автотранспортларда етказилган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси ва яна 9та вилоятга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси самолётлари орқали жўнатилди. Бундай эзгу амаллар ёш авлод камолотида, уларнинг маънавиятини юксалтиришда, Ватани ва халқи тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашида муҳим аҳамият касб этади.
Янги йил шодиёналарида иштирок этаётган юртдошларимиз жамиятимиздаги ўзаро аҳиллик, тотувлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик, бунёдкорлик ишлари, шаҳар ва қишлоқларимизнинг гўзал қиёфаси, ёшларимизнинг турли соҳаларда эришаётган муваффақиятлари, кексаларга кўрсатилаётган эътибор ва эҳтиром, яқинлашиб келаётган Соғлом она ва бола йилига бағишлаб тайёрланган дастурлар, лавҳа ва театрлаштирилган томошаларни кузатиб, қалбида фахр ва ифтихор туйғулари жўш урмоқда.
— Вилоятимизда «Президент арчаси» тантаналари кўтаринки руҳда ўтмоқда, — дейди Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси маънавий-ахлоқий тарбия бўлими бош мутахассиси Суннатилла Эргашев. — Тадбирларда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 367 нафар ўғил-қиз, меҳрибонлик уйларининг 145 нафар, мурувват уйларининг 221 нафар ва гўдаклар уйининг 45 нафар тарбияланувчисига ҳамда хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг 24 нафар фарзандига Президентимизнинг совғалари топширилди. Юксак эътибору ғамхўрликдан баҳраманд болажонларнинг юз-кўзидаги қувончни кўриб, байрамона кайфиятимиз янада кўтарилди.
Жиззах вилоятига жўнатилган Президент совғалари ҳам «Президент арчаси» тадбирларида ўз эгаларига топширилди. Кўкка бўй чўзиб, камалакрангда товланаётган арча атрофида турли эртак қаҳрамонлари билан ўйин-кулги қилаётган ўғил-қизларга берилган совғалар шундоқ ҳам қалби шодликка тўла болажонларга яна бир олам қувонч бахш этди.
— Янги йил байрамида иштирок этиб, аъло кайфиятда қайтаяпман, — дейди Жиззах шаҳридаги 29-меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Ўрол Тилавов. — Совғалар учун Президент бобомизга раҳмат! Биз ёшларга доимо эътибор қаратиб, ғамхўрлик кўрсатиб, таълим-тарбия олишимиз, истеъдод ва салоҳиятимизни намойиш этишимиз учун барча имкониятларни яратиб бераётганидан жуда мамнунмиз.
Юртимизнинг бош майдонида ҳам Янги йил шодиёналари бошланди. Эртакмонанд безатилган майдондаги муаззам арча, аттракционлар, савдо расталаридаги ўйинчоқлар, ширинлигу байрам совғалари кичкинтойларга унутилмас таассурот улашмоқда.
— Ҳар йили Мустақиллик майдонида ўтадиган Янги йил байрами тантаналарини томоша қилиш учун келаман, — дейди Паркент туманидаги 5-ИДУМ ўқувчиси Баҳорой Шуҳратова. — Бу йил майдонга ўрнатилган арча ўзгача кўринишда, камалакранг чироқлар, ранг-баранг ўйинчоқлар билан безатилибди. Ўзбек Миллий академик драма театри актёрлари ижросидаги «Янги йил саргузаштлари» номли томоша, миллий эртак қаҳрамонларимизнинг кўнгилга қувонч улашувчи чиқишлари тенгдошларим каби менга ҳам жўшқинлик бахш этди. Цирк санъати усталари, таниқли санъаткору ёш ижрочиларнинг кўнгилочар дастурлари эса шодлигимизга шодлик қўшди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
«Ma’rifat» мухбири
В.ГРАНКИН олган суратлар.