Бола табассуми оламни тутсин
Умримизнинг энг беғубор палласи — болаликка шоду хуррамлик ярашади. Янги йил тантаналари арафасида арча атрофига тўпланган ўғил-қизларимиз қувончи, айниқса, ўзгача. Ҳар йилги анъанага мувофиқ, куни кеча муҳташам «Туркистон» саройида «Президент арчаси» байрам тантанаси бўлиб ўтди. Тадбирга пойтахтимиздаги меҳрибонлик уйларининг 466 нафар, «SOS — болалар маҳаллалари»дан 83 нафар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 846 нафар ўғил-қиз таклиф қилинди.
Саройга кираверишда миллий либос кийган ўсмирлар қарсиллатиб доира чаладилар. Ўзбекона оҳангга рақс тушгингиз келади. Зинадан бирин-кетин кўтарилиб келаётган ўғил-қизларни доирадан таралаётган тарона ўзига оҳанрабодек тортмоқда. «Баркамол авлод» республика болалар бадиий ижодиёти марказининг «Фольклор-доирачилар» тўгараги аъзолари чалаётган «Тантана», «Сарбоз» каби миллий куйлар тантанали тадбирнинг дебочаси бўлди.
«Президент арчаси» тадбирларини мазмунли ва кўтаринки руҳда ўтказиш учун Халқ таълими вазирлиги ва «Sen yolg‘iz emassan» республика жамоатчилик болалар жамғармаси ҳамкорлик қилмоқда. Маданият ва спорт ишлари, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирликлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Тошшаҳартрансхизмат» уюшмаси ҳамкорлигида байрам тадбирига болаларнинг тизимли келиб-кетишлари, иштирокчилар соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш каби муҳим чора-тадбирлар белгиланган.
...Байрам тантаналари учун чиройли безатилган «Туркистон» саройига киришингиз билан қалбингизни илиқ ҳиссиёт чулғайди. Куй-қўшиқ авжида. Ял-ял ёниб турган баланд арча, эртак қаҳрамонлари меҳмонларни қарши олмоқда. Ҳамманинг юзида табассум, бир-бирини қутлаётганлар қувончига шерик бўласиз. Кимга юзланманг, чеҳрасида ниҳоясига етаётган йилдан миннатдорлик, кириб келаётган янги — 2016 йилни аъло кайфиятда кутиб олиш ифодаси балқиб турибди. Арча атрофида ташкил этилган эртакнамо томошалар болажонларга аъло кайфият бағишлайди.
«Президент арчаси» тадбири учун мўлжалланган алоҳида байрам дастурига мувофиқ, саҳна томошаларининг жонли, қизиқарли ва тарбиявий характерда бўлишига эътибор қаратилган. «Томоша» болалар мусиқий театр-студияси томонидан тайёрланган «Меҳримизда сеҳримиз» мусиқий композицияси ҳар бир иштирокчига олам-олам завқ бағишлаган бўлса, ажаб эмас.
— Спектакль 4та саҳна кўринишидан иборат. Йилнинг барча фаслларида бирин-кетин содир бўладиган воқеаларда она сайёрамиз — Ерга ташриф буюрган ўзга сайёраликларнинг болалар билан учрашуви тафсилотлари намойиш этилди. Ҳар қайси саҳна кўринишида фарзандларимизни одобли, қўрқмас ва жасур бўлишга, тинчликнинг қадрига етишга ундовчи ғоя мужассам. Спектаклни саҳналаштиришга жалб этилган 150 нафар гуруҳимиз аъзоси билан уч ой репетиция қилдик. Саҳна асарининг мазмун-моҳиятини томошабинларга тўлиқ етказиш учун юзлаб декоратив анжомлардан фойдаландик, — дейди «Томоша» болалар мусиқий театр-студияси режиссёри ёрдамчиси Жавлон Алиев.
Байрам тадбирида иштирок этаётган ўғил-қизларнинг қувончи бир олам. Тарбияланувчиларга педагоглар бош-қош бўлишди.
— Тарбияланувчиларимиз ҳар йили декабрь ойининг сўнгги кунларини орзиқиб кутишади. Чунки Янги йил байрами арафасида Президентимиз совғасини тантанали равишда қабул қилиб олишади. Биз педагоглар ва тарбиячилар ижтимоий-сиёсий аҳамиятга молик бу йирик тадбирни тартиб-интизом билан, хавфсизликни таъминлаган ҳолда ўтказиш тарафдоримиз. Бу йилги «Президент арчаси»да 110 нафар тарбияланувчимиз билан иштирок этаяпмиз. Кўриб турганингиздек, болажонларимиз қувончининг чеки йўқ. Уларнинг шодон чеҳрасини кўришдан биз ҳам мамнунмиз, — дейди 22-меҳрибонлик уйи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Хурсаной Холова.
Дарвоқе, республикамиз бўйлаб бўлиб ўтаётган худди шундай байрам тадбирларида меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчаларидан 2292 нафар, «SOS — болалар маҳаллалари»дан 207 нафар, гўдаклар уйидан 616 нафар, оилавий болалар уйларидан 10 нафар, мурувват уйларидан 1577 нафар тарбияланувчилар, маҳаллалардаги ота-она қаровисиз қолган 4472 нафар ҳамда юртимиз тинчлиги, осойишталигини сақлаш йўлида ҳалок бўлган Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Прокуратура ҳамда Божхона қўмитаси ходимларининг 297 нафар фарзанди, жами 9471 нафар бола иштирок этмоқда.
Кириб келаётган янги — 2016 йилга фарзандларимиз яна бир ёшга улғаядилар. Бугун «Президент арчаси» шодиёнасида иштирок этиб, ўзи учун махсус тайёрланган совғани қабул қилиб олган болалар бу қувончли лаҳзаларни бир умр мамнун бўлиб эслайдилар. Юртбошимиз ташаббуси билан 2016 йилнинг мамлакатимизда Соғлом она ва бола йили номининг берилиши миллионлаб ўғил-қизларимиз учун янги йилда яна ҳам кўпроқ ғамхўрлик кўрсатилишидан далолат беради. Давлатимиз раҳбари «Биз мустақилликка эришганимиздан сўнг соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, биринчи навбатда, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масаласини ўзимиз учун энг муҳим, устувор вазифа сифатида белгилаб олдик», дея таъкидлаши бежиз эмас.
Ҳа, фарзандлари ғамхўрлик қуршовида бўлган, оналари мудом ардоқланаётган мамлакатимизнинг узоқ-яқин ҳудудларида «Президент арчаси» байрам шодиёналари давом этмоқда.
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА,
«Ma’rifat» мухбири
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ олган суратлар.