Бола банд бўлса қишки таътил соз ўтади
Барча умумтаълим мактабларида қисқа муддатли танаффус — қишки таътил бошланиб кетди. Ўқув йилининг биринчи ярмини якунлаган мактаб ўқувчилари ўз истиқомат жойларида бўлиб ўтаётган байрам тадбирларида иштирок этишмоқда. Янги 2016 — Соғлом она ва бола йилининг илк кунларида бўлиб ўтаётган байрам тантаналарида болажонларга қувноқ даврадаги эртак қаҳрамонлари шодлик улашаётган бўлса, ота-она, буви-бува, хола, тоға, аммаларнинг уларга совға-салом бериши, энг эзгу тилакларини илиниши яна бир қувончли ҳодисадир. Ўқувчиларнинг қишки таътил кунларини мазмунли, хавфсиз ва муайян мақсадга йўналтирган ҳолда ўтказишда нималарга эътибор қаратиш керак? Мутасадди ташкилот мутахассислари бу борада ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашади.
Беҳзод Рўзимуродов, Халқ таълими вазирлигининг маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бош назоратчиси:
— Халқ таълими вазирлигининг жорий йил 15 декабрда қабул қилинган «Таълим муассасаларида қишки мавсумни беталофат ўтказиш, Янги йил байрами тадбирлари ҳамда ўқувчиларнинг қишки таътил кунларини ташкил этиш ва ўтказишда хавфсизлик чораларини кўриш тўғрисида»ги 324-сонли буйруғида бу масалага масъул бўлган барча ташкилотлар зиммасига муҳим вазифалар юклатилган. Умумтаълим мактаблари раҳбарлари билимлар беллашуви, «Умид ниҳоллари» спорт мусобақаларининг туман (шаҳар) босқичини ўтказишга бош-қош бўлишса, «Баркамол авлод» болалар марказларида қизиқарли беллашув ва кечаларни ўтказиш режалаштирилган.
Мамлакатимиздаги мавжуд 9692та умумтаълим мактаби, 211та «Баркамол авлод» болалар маркази, 278та мусиқа ва санъат, 489та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби таътил даврида янада гавжумлашиб, тўгарак машғулотлари белгиланган жадвал бўйича давом эттирилади. Янги йил муносабати билан турли кўнгилочар, маънавий-маърифий йўналишдаги тадбирлар ташкил этилмоқда. Мактаблар қошидаги 842та ахборот-ресурс марказида «Қишки таътил китобхони» номинацияси бўйича энг кўп китоб ўқийдиган ўқувчилар тақдирланади. Ижодкор ўғил-қизлар ўртасида «Қиш зийнати» мавзусида шеърият танлови ўтказилади. Чет тилини ўрганишга йўналтирилган тўгарак аъзолари ўртасида эса «My interesting holiday» мавзусида викторина ташкил қилиниб, топқир ўқувчилар рағбатлантирилади. Қисқаси, 28 декабрдан 12 январга қадар давом этадиган қишки таътилни ҳар бир ўқувчи завқ-шавқ билан ўтказиб, учинчи чоракни аъло кайфиятда бошлайди.
Хадича Зокирова, «Баркамол авлод» республика болалар техник ижодиёти маркази раҳбари:
— Янги йилни кутиб олиш тантаналари билан боғланиб кетадиган қишки таътил қисқа муддатли бўлса-да, болаларнинг бўш вақти мазмунли ўтишини таъминлашимиз керак. Туман, вилоят, шаҳар ёки пойтахтимиздаги «Баркамол авлод» болалар марказларида боланинг дарсдан ташқари вақтига мўлжаллаб тузилган машғулот жадвали ўзгаришсиз қолади. Тўгарак машғулотларига ота-оналарни таклиф қилиш, ўғил-қизининг алоҳида иқтидори борлигидан бохабар этиш, ясаган, чизган буюмларини кўрсатиш, унинг уй шароитида шуғулланиши бўйича тавсия ва маслаҳат бериш мураббийлар диққат-этиборидаги масала бўлса, янада яхши.
Марказимизда 400га яқин ўқувчи 21 йўналишдаги тўгаракка қамраб олинган бўлиб, қишки таътил кунларида оммавий ва маърифий тадбирларни ўтказиш белгиланган. Жумладан, «Нима, қачон, қаерда?» викторинасини 4 январь куни ўтказмоқчимиз. «Дурадгорлик» тўгараги аъзоларининг ясаган маҳсулотлари кўргазмаси 5 январда бўлиб ўтади. Ёғочдан ясалган миллий ҳунармандчилигимизнинг намуналарини кўрган ота-оналар хурсанд бўлишига ишонамиз. Худди шундай тадбирларни «Ёш қандолатчи», «Тикиш-бичиш», «Авиамодел», «Тўқиш», «Тасвирий санъат» тўгараги аъзолари иштирокида ҳам ўтказиш мўлжалланмоқда.
Дилшод Жалилов, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқаруви бош мутахассиси:
— «Бир болага етти қўшни ота-оналик қилади» деган нақлнинг таъсир доираси замонлар оша йўқолгани йўқ, аксинча, бизнинг давримизга келиб маҳалла фуқаролар йиғинларининг фарзанд тарбиясидаги роли янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Кўп қаватли тураржой бўладими, ҳовли бўладими, ҳар бир бола муайян ҳудуддаги маҳалла ёки қишлоқ фуқаролар йиғини тасарруфидаги манзилда истиқомат қилади. Қишки таътил давом этаётган айни кезда маҳалла фуқаролар йиғини раислари, маслаҳатчилари ва посбонлари вояга етмаганлар билан иш олиб боришади. Таътил даврида ҳеч қандай тўгаракка қатнашмайдиган, спорт билан шуғулланмайдиган ўсмирнинг кўча-кўйда юришига, интернет-кафега кириб, бузғунчи сайтларга муккасидан кетишига йўл қўймаслигимиз керак. Тунги вақтда ота-онасининг бири ёки унинг ўрнини босувчи шахс кузатувисиз кўнгил очиш жойларида бўладиган ўсмирлар рўйхати шакллантирилган. Жорий йилнинг учинчи чорагида дарсга мунтазам қатнашмайдиган ўқувчилар аниқланиб, тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида уларнинг кўпчилиги дарсларда фаол қатнашадиган бўлишди. Бу жараён тўхтаб қолгани йўқ.
Ҳар бир маҳалла ўз посбонига эга бўлиб, бу вазифада ишлаётганлар кечки пайт маҳаллада тинчлик-осойишталик ҳукм суришини таъминлаш учун участка нозири, мактаб педагоглари, ота-оналар билан биргаликда тез-тез рейд уюштириб туришибди. Ўқувчиларнинг қишки таътилини мазмунли ўтказишда маҳаллалар қошида ташкил қилинган касбий ва спорт йўналишидаги тўгараклар ҳам катта роль ўйнамоқда.
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА ёзиб олди.