Тинч ва осойишта юрт байрами
Она Ватан деган улуғ ва муқаддас масканнинг ҳар қарич ери азиз. Унинг бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш эса энг олий саодатдир. Уни ҳимоя қилиш, кўз қорачиғидек авайлаш икки карра шарафли ҳисобланади. Ана шундай шарафли, шу билан бирга машаққатли ҳарбий касб эгалари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Том маънода улар мусаффо осмонимизни асраб-авайлаб келишаётир.
Мамлакатимиздаги барча турдаги таълим муассасаларида 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил топганининг 24 йиллиги муносабати билан ҳарбий ватанпарварлик ойлиги эълон қилиниб, жойларда ҳарбий хизматчилар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва Қуролли Кучлар фахрийлари иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Болалар мусиқа ва санъат мактабларида “Мардлар қўриқлайди Ватанни!” шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар кўрик-танлови, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ҳамда умумтаълим мактабларида спорт мусобақалари ташкил этилди. Қуролли Кучлар давлат музейига ўқувчи-талабаларнинг саёҳати уюштирилди.
Бу каби тадбирлар ёшларда ватанпарварлик, бурчга садоқат туйғуларини мустаҳкамлаб, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундайди, уларнинг Қуролли Кучлар, мамлакат мудофаа салоҳиятини кучайтириш ва ҳарбий хизматнинг нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг мазмун-моҳияти билан янада чуқурроқ танишишларида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ватан — туғилган тупроғинг, Ватан — онанг, Ватан — отанг, Ватан — оиланг, Ватан — севимли ёринг, Ватан — авлодинг. Ватансиз ҳеч ким эмасмиз. Нима учун боболаримиз жон олиб, жон бериб юртини душманлардан ҳимоя қилган? Улар ўтмишини, ўзлигини ва келажагини асраб қолиш учун жонларини қалқон қилишган. Сабаби, инсониятга берилган энг катта бойлик унинг Ватани ҳисобланади. Бизга мана шундай Ватанни мерос қолдирган боболаримиздан миннатдормиз, юртимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга бел боғлаган жасур ўғлонларимиз билан доим фахрланамиз. Улар бор кўнгил хотиржам, тинчликда отган ҳар бир тонгдан миннатдор бўлиб қувонч ва шижоат билан меҳнат қиламиз, ижод билан шуғулланамиз.
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Аскар оналарини шарафлаймиз!” мавзусидаги телемулоқотда ана шундай қимматли фикрлар айтилди. Наманган вилоятида ҳарбий хизматни ўтаётган қорақалпоғистонлик йигитлар ва Қорақалпоғистон Республикасида ўз йигитлик бурчини адо этаётган Наманган вилояти ёшлари ота-оналари билан тўғридан-тўғри боғланиб, суҳбатлашишди. Ота-оналар ўғилларини байрам билан табриклаб, Ватан олдидаги фарзандлик бурчини аъло даражада ўтаб, ёруғ юз билан қайтишига ишонч билдирди.
— Ўғлим Ғанишер Қудайбергенов Наманган вилоятида ўз йигитлик бурчини ўтамоқда, — дейди Амударё туманида яшаётган Тазагул Бекманова. — Мана бугун болам билан кўриб, рости уни таниёлмай қолдим. Ҳарбий кийими ўзига бирам ярашган, катта йигит бўлибди. Яратилган шароитлардан эса кўнглимиз тўлди. Ватан ҳимоячиси, аскар йигитнинг онаси эканимдан фахрландим.
Телемулоқотда таниқли шоир-ёзувчилар, халқимизнинг севимли санъаткорлари, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибалари ҳам иштирок этиб, аскар йигитлар ва уларнинг ота-оналарига қувонч улашди.
Несибели МАМБЕТИРЗАЕВА,
“Ma’rifat” мухбири