«Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя»
глобал тармоқдан фойдаланувчилар учун муҳим қўлланма
Ахборот технологиялари кундалик ҳаётимизга жадал кириб келгани туфайли, одамларнинг турмуш тарзи, иш фаолияти, фарзандларимизнинг таълим-тарбия жараёни бутунлай янгича мазмун касб этаяпти. Мамлакатимизда интернет тармоғида миллий веб-ресурсларни шакллантириш, ёшларимизнинг ахборотга бўлган талабини қондириш бўйича қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу мавзуда сўз борар экан, “ZiyoNET” ахборот-таълим порталининг ёшларимизнинг глобал тармоқдаги миллий таълимий ахборотга бўлган талаби доирасида фаолият юритаётганини алоҳида таъкидлаш ўринли.
Қувонарлиси, Халқ таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида ўқувчиларнинг интернет саҳифаларидаги маълумотларни кузатиш, таҳлил қилиш малакасини ошириб бориш учун мунтазам тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Электрон ахборот маконидан кенг фойдаланаётган ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни ҳушёрлик ва огоҳликка ўргатиш, миллий урф-одатлар ва қадриятларни эъзозлайдиган баркамол шахс қилиб тарбиялаш борасида бир талай ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 11 февралдаги мажлисида ёшларни интернетдаги ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш бўйича ўқув-услубий қўлланмалар тайёрлаш вазифаси белгиланган эди.
Мана шу вазифа доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари томонидан илмий изланишлар олиб борилди, соҳа мутахассисларининг фикрлари олинди ва энг замонавий педагогик услублардан фойдаланган ҳолда “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли китоб тайёрланди. Мутахассислар мазкур асарни ёшларни маънавий хуружлардан ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ўқув қўлланма сифатида эътироф этишмоқда. Ушбу китоб Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ўтказилган “Йилнинг энг яхши китоби” VII республика кўрик-танловининг ижтимоий-сиёсий адабиёт номинацияси бўйича 1-ўринга муносиб кўрилгани унда кўтарилган масалалар долзарб эканидан далолат.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўтказилган тадбирда ҳам Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Ички ишлар вазирликлари мутахассислари, профессор-ўқитувчилар ҳамда фаол талаба-ёшлар томонидан китобнинг аҳамияти нечоғлик юқори экани алоҳида қайд этилди.
Китобда интернет орқали соғлом эътиқодга таҳдид солиб, ёшларни тўғри йўлдан адаштиришга уринаётган кимсаларнинг фаолияти аниқ далиллар асосида таҳлил этилган. Ҳар бир мавзуни батафсил ёритиш, кўзланган мақсадни ўқувчига тўлиқ етказиш учун мавзуга мос суратлардан унумли фойдаланилган.
Бундан ташқари, “Жаҳон ахборот тармоғидаги фитналар хуружи”, “Ахборот асри таҳликалари” деб номланган боблар ва уларда ёритилган ахборот истеъмоли маданияти, ахборот уруши давридаги ғоявий тузоқлар, уларга қарши курашиш чоралари атрофлича ёритилгани алоҳида аҳамиятга эга.
Китобнинг яна бир ютуғи, у худди веб-сайт дизайнига ўхшаб кетади. Сизни гўё юзма-юз мулоқотга чақиради. Ҳаётий ҳикоя ва мисоллар, рангли тасвирлар нафақат ёшларни, балки интернетдан йироқ баъзи ёши катталарни ҳам қайта-қайта мутолаага ундайди.
Тан олиш жоиз, фарзандларимиз ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда ота-оналаридан илгарилаб кетмоқда. Аммо улар тажрибасизлиги туфайли интернет оламида ёвуз кимсалар тузоғига тушиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Шу боис Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат кенгаши аъзолари томонидан жойларда ота-оналар ўртасида тушунтириш ишлари ташкил этилиб, мавзу муҳокама қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бундай мулоқотларда интернетдаги янгиликлар, замонавий АКТ ҳақида маълумотлар бериб борилади. Ота-оналар билан мулоқотларга информатика, давлат ва ҳуқуқ асослари, тарих фанлари ўқитувчиларини маърузачи сифатида жалб этиш самара беради. “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобидан ҳам унумли фойдаланиш мумкин.
Мамлакатимизда ёшлар тарбияси, уларни ёт ғоя ва таҳдидлардан асраш, баркамол шахс этиб тарбиялашда шундай тизимли ишларни изчил давом эттириш муҳим аҳамият касб этади.
Жамолиддин КАМОЛОВ,
Халқ таълими вазирлиги маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи ўринбосари, бўлим бошлиғи