Ҳуқуқ билимдонлари сараланмоқда
Юртимизда ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, Конституцияга оид билимларини мустаҳкамлаш, дунёқарашини юксалтириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мактаб ўқувчиларининг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказиб келинаётган “Ҳуқуқ билимдонлари” кўрик-танлови ана шу мақсадга ҳамоҳангдир.
“Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури” ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган кўрик-танловни юқори савияда ташкил этишда Адлия, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати яқиндан кўмаклашиб келаяпти.
Айни пайтда мазкур кўрик-танловнинг қуйи, яъни мактаб босқичи ўтказилмоқда. Унда ўқувчилар жамоаларга бўлинган ҳолда 3та шарт (тест саволлари, ҳуқуқий саводхонлик ва эркин мавзу) бўйича ўзаро беллашмоқда. Беллашувларнинг холис ва ҳаққоний ўтишига мактабнинг давлат ва ҳуқуқ асослари фани ўқитувчиси масъул қилиб белгиланган.
— Ёш авлодни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мустақил фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш муҳим аҳамият касб этади, — дейди Яккасарой туманидаги 144-умумтаълим мактаби директорининг маънавий-
маърифий ишлар бўйича ўринбосари Наргиза Мадраҳимова. — Муассасамизда ўтказилган “Ҳуқуқ билимдонлари” кўрик-танловини кузатиб, ўқувчиларимизнинг ҳуқуқий билимлари йилдан йилга ошиб бораётганига амин бўлдим. Бу йил 8–9-синфлардан иборат тўртта жамоа (“Адолат”, “Адвокатлар”, “Қалқон”, “Ҳуқуқшунослар”) давлат ва ҳуқуқ асослари фани ўқитувчиси Абдузоир Ғаффоров ташкилотчилигида ўтказилган танловда ўзаро беллашди. Беллашув якунига кўра туман босқичида “Қалқон” жамоаси қатнашадиган бўлди.
Кўрик-танловнинг республика босқичи шу йил 13–14 май кунлари В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида ўтказилади.
Шавкат ХЎЖАҚУЛОВ