«Ёш ҳуқуқшунослар» ғолиб бўлди
Ўқувчилар “Коррупция — ҳалокатга етаклайди” мавзусида саҳна кўриниши намойиш этмоқда: унда тиббиёт коллежида ўқиётган ўқувчи назорат имтиҳонидан ўтолмайди. Шундан сўнг у бошқа йўлларини қидириб кўради. Бўлажак “шифокор” бундай қинғир йўлдан олийгоҳни битиргунича фойдаланади. Ишга жойлашиб, касалликларга шифо тополмай, беморларнинг дардига малҳам бўлолмайди ва ўз вақтида ўқиб-ўрганмагани учун пушаймон бўлади...
Юнусобод туманидаги 70-умумтаълим мактабида ўтказилган “Ҳуқуқ билимдонлари” кўрик-танловининг илк саралаш босқичида ўқувчилар ҳуқуқий саводхонлигини тарбиявий аҳамиятга эга саҳна кўринишлари орқали намойиш этишди. Мактабнинг 8—9-синф ўқувчиларидан иборат тўртта жамоа тўрт шарт бўйича беллашди. Уларнинг билим ва салоҳиятини тарих география ҳамда давлат ва ҳуқуқ асослари фани ўқитувчиларидан иборат ҳакамлар баҳолаб борди.
— Ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда бундай кўрик-танловлар катта самара беради, — дейди мактаб директори Барно Қодирова. — “Ҳуқуқ билимдонлари” кўрик-танловини юқори савияда ўтказиш учун “Камолот” ЁИҲ бошланғич ташкилот етакчиси Моҳигул Эргашева ҳамда давлат ва ҳуқуқ асослари фани ўқитувчиси Нодира Қаҳҳорова астойдил ҳаракат қилишди. Ўқувчиларимизнинг саволларга жавоби ҳамда вояга етмаганлар ўртасидаги турли ҳуқуқбузарликларнинг жамият ҳаёти ва келажагига салбий таъсири акс этган саҳна кўринишлари уларнинг мавзу бўйича билимларини кўрсатиб берди. Ҳуқуқшунослар, депутатлар, ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари, маҳалла фаоллари ва «Камолот» ЁИҲ вакиллари билан мунтазам ўтказилаётган учрашувлар ўғил-қизларимиз ҳуқуқий билимининг ошишига хизмат қилаяпти.
Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра барча шартларда фаоллик кўрсатган “Ёш ҳуқуқшунослар” жамоаси ғолиб бўлди. Энди улар “Ҳуқуқ билимдонлари” кўрик-танловининг туман босқичида иштирок этади.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири