Дастурхонда кўк сомса — иштаҳани қитиқлар
Республика «Баркамол авлод» болалар марказига киришингиз билан байрамона кайфият сезилади. Ана шу кайфият халқ ўйинлари, қўшиқ ва рақсларга ҳам кўчгандек. Тадбир аввалида «Наврўз» фольклор рақс дастаси иштирокчилари томонидан ижро этилган «Сурхонча» рақсининг шўх оҳанглари гўё олис Сурхон томонлардан таралгандек бўлди.
— Апрель ойида бўлиб ўтадиган республика ёш ижодкорлар танловига тайёргарлик жараёнини Наврўз байрами билан бошлаймиз. Миллий либослар, ёш мусаввирларнинг ижодий ишлари, заргарлик, мунчоқли безак, ёғоч ўймакорлиги, майда пластика, юмшоқ ўйинчоқлар намойиши мазкур танловнинг илк босқичи вазифасини ўтайди, — дейди марказ директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Йўлдошхўжа Акбаров.
Дастурхонга қўйилган бир-биридан антиқа таомлару ширинликлар тадбир иштирокчиларининг иштаҳасини қитиқлади: торт, печенье, ҳолва, гўштли ва кўк сомсаю чучваралар. «Ёш қандолатчилар» тўгараги аъзолари тайёрлаган байрам неъматларида ўтмиш ва бугуннинг уйғунлашганини кўриш мумкин. Ёш пазанда Зуҳра Саидумарова ўзи пиширган ширинликларни намойиш этаркан, байрам кунлари дастурхонга қандолатчилик маҳсулотлари ўзгача зеб ва жозиба бағишлашини таъкидлади.
Тадбирнинг бадиий қисмида «Тантана», «Тасанно», «Наврўз», «Юлдуз» ашула ва рақс бадиий жамоаларининг чиқишлари намойиш этилди.
Асолат АҲМАДҚУЛ қизи