Ўн икки минг ўқувчи
касблар кўргазмасида ўз қизиқишига мос йўналишлар билан танишди
9-синф ўқувчиси Шоҳсанам Норбоевани келажакда қайси касбни танлаш анчадан бери ўйлантиради. Битирув онлари яқин: қатъий қарор қабул қилиши керак. Отаси ўзи эришолмаган орзуси — шифокорликка ундаса, муаллимлари унинг иқтидори бошқа соҳага тўғри келишини айтишди. Хўш, қай бирини танласа экан?..
Сирдарё туманида жойлашган Гулистон давлат университети қошидаги 4-академик лицейда ўтказилган “Мутахассислигинг — сенинг келажагинг” мавзусидаги касблар кўргазмаси Шоҳсанам сингари юзлаб ўғил-қизларнинг касбий қизиқишларини аниқлашга қаратилди. Тадбир вилоят халқ таълими ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари, “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши ҳамда вилоят телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
9-синф ўқувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидаги мутахассислик ва соҳалар билан яқиндан таништиришга бағишланган кўргазмага тумандаги 40та мактабнинг 1000 нафарга яқин битирувчиси таклиф этилди. Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишнинг ўзига хос механизми ишлаб чиқилгани, хусусан, мактаб битирувчиларини касбга тўғри йўналтириш ҳам бу борадаги ислоҳотларнинг амалий ифодаси эканини таъкидладилар. Мустақил ҳаётга қадам қўйган ўғил-қизларнинг тўғри касб танлаши нафақат жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшувчи куч, балки ҳар бир оиланинг фаровонлик даражасини оширишда муҳим омил экани қайд этилди.
Айтиш жоизки, бундай касблар кўргазмаси тадбирлари 23—25 март кунлари вилоятдаги 8та ҳудудда ўтказилди. 11та туман (шаҳар)даги 298та мактабнинг 12 минг нафарга яқин 9-синф ўқувчиcини қамраб олган кўргазмада вилоятдаги 51та академик лицей ва касб-ҳунар коллежидаги ихтисосликлар бўйича батафсил маълумот берилди.
— Битирувчиларни таълимнинг кейинги босқичига тўғри йўналтириш келгусидаги кўплаб муаммоларнинг олдини олади, — дейди Республика ташхис марказининг Сирдарё вилоятидаги вакили Абдумалик Абдураҳмонов. — Бу жараёнга масъул ўқитувчилар, амалиётчи психологлар ва ота-оналар юзаки ёндашса, бола ўзи қизиқмайдиган, лаёқати йўқ бўлган соҳаларга ўқишга кириши, оқибатда давомати пасайиб, билим олиши сусайиб кетиши ҳеч гап эмас. Шу боис ўқувчиларга ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидаги ҳар бир касб-ҳунар, мутахассисликлар ҳақида батафсил маълумот беришимиз зарур. Бугунги кунга қадар барча мактабларнинг амалиётчи психологлари ўқувчиларнинг касбий мойилликлари бўйича икки марта сўровнома ўтказди. Касблар кўргазмасидан кейин ўқувчиларнинг касб танловида сезиларли ўзгаришлар бўлиши шубҳасиз.
Тадбирда туман ҳудудида жойлашган битта академик лицей ва 7 та касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари таълим муассасаларида яратилган шарт-шароитлар, мутахассисликлар бўйича маълумотлар беришди. Кўргазма жараёнида касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ясаган турли буюмлар намойиш этилди. Амалий машғулотларда фойдаланиладиган ўқув жиҳозларини ишлатиш тартиби кўрсатиб берилди.
— Мактабимизда ўтказилган психологик сўровномада дугоналаримнинг кўпчилиги мактабни битиргач, тиббиёт йўналишидаги коллежда ўқиш истагида эканини айтишганди, — дейди тумандаги 9-мактаб ўқувчиси Чарос Шодмонова. — Уларга эргашиб мен ҳам ҳамшираликка қизиққандим. Кўргазмада Малик агросаноат касб-ҳунар коллежининг тикув ва тикув-трикотаж буюмларини ишлаб чиқариш техник-технологи мутахассислиги билан танишиб, бир қарорга келдим. Келгусида коллежнинг шу йўналишида ўқиб, етук дизайнер бўлиб етишсам, тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйсам бўлар экан.
...Пайвандлаш ускуналари ва ишлов берилган темир бўлакларини қизиқиш билан кўраётган бир гуруҳ ўғил болаларга юзланамиз. Ҳунар ўрганишга иштиёқи баланд йигитлардан бири, тумандаги 19-мактаб ўқувчиси Оллоёр Саидқулов шундай дейди:
— Очиғи, шаҳардаги академик лицейларда ўқишни дилимга тугиб юргандим. Буни ота-онам маъқулламай: “Кўз олдимизда ўқиганинг яхши, қолаверса, бу ердаги таълим муассасаларида ҳам шароит шаҳардаги билан бир хил”, дейишганди. Коллежлардаги шароитлар билан танишиб, фикрим ўзгарди. Сирдарё саноат касб-ҳунар коллежининг пайвандлаш жиҳозлари механиги йўналишида ўқимоқчиман.
Кўргазма иштирокчиларига ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидаги йўналишлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
… Дарвоқе, Сирдарё туманидаги 15-мактаб ўқувчиси Шоҳсанам Норбоева ҳам бугун касб-ҳунар танлови борасида қатъий тўхтамга келди. Ҳозирданоқ қўни-қўшнилар, маҳалладаги қизларга кўйлак ва турли кийимлар тикиб, чевар сифатида ном қозонган қиз Сирдарё саноат касб-ҳунар коллежининг тикув ва тикув-трикотаж буюмларини ишлаб чиқариш техник-технологи йўналишида таълим олмоқчи.
Илҳом ЖЎРАЕВ,
“Ma’rifat” мухбири