Энг намунали маслаҳатчилар аниқланди
Гулистон шаҳрида “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танловининг мамлакат босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Халқ таълими вазирликлари ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 14 маслаҳатчи иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида давлат ва жамият ҳаётида маҳалла институтининг ролини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Бунинг самарасида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, оилалар мустаҳкамлиги ва ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг роли ошиб бормоқда.
Бу борада мазкур ноёб тузилмада самарали фаолият олиб бораётган фаоллар, шу жумладан, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларнинг муносиб ҳиссаси бор. Уларнинг саъй-ҳаракати билан маҳаллаларда миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, аҳолининг, аввало, ёшларнинг қизиқиши ва манфаатларини муҳофаза қилиш, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда маҳалланинг аҳамиятини кенгайтириш ва нуфузини ошириш, соҳага оид қонун ҳужжатлари ижроси таъминланишига эришилмоқда.
Президентимизнинг 2004 йил 25 майдаги фармони асосида фуқаролар йиғинларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилган эди. Бугунги кунда ушбу лавозимларда катта ҳаёт тажрибасига эга, аҳолига, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, ибратли миллий-диний анъаналар ва урф-одатларни сақлаш ва ривожлантиришда ижобий таъсир ўтказа оладиган 8 минг 700 дан ортиқ обрўли ва фаол хотин-қизлар самарали фаолият кўрсатмоқда.
Биргина шу йилнинг ўтган ойларида маҳалла маслаҳатчилари томонидан оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш натижалари асосида 123 минг 500 дан ортиқ фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатилди, 95 мингга яқин йиғин аъзоларининг иш билан таъминланишига кўмаклашилди. Айни чоғда маҳаллаларда эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, оилалар ажралиб кетиши ҳолатларининг олдини олиш, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича 149 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил этилгани оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ҳамда маҳаллаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маслаҳатчилар томонидан “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги доирасида таълим муассасаларида таълим-тарбия сифатини ўрганиш, ўқувчиларнинг дарс жараёнига мунтазам қатнашишини таъминлаш бўйича уларнинг ота-оналари ўртасида 65 мингга яқин тушунтириш ишлари ва учрашувлар ўтказилди.
Фуқаролар йиғинлари қошидаги “Ота-оналар университетлари” ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига доир ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва физиологик билимларини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Мазкур жамоатчилик тузилмалари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида жами 55 мингга яқин тадбирлар ташкил этилди ва бунда маслаҳатчилар ҳам фаоллик кўрсатди.
Маслаҳатчилар бугунги кунда фуқаролар йиғинларида ташкил этилган Яраштириш, Вояга етмаганлар, Ёшлар ва спорт масалалари, Хотин-қизлар билан ишлаш, Маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссияларнинг аъзоси сифатида ушбу жамоатчилик тузилмалари ишини самарали ташкил этишда ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Шу йилнинг ўтган даврида Яраштириш комиссиялари томонидан 22 мингдан ортиқ оилаларда юзага келган низоли ҳолатларга барҳам берилди.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан ҳамкор ташкилотлар кўмагида маслаҳатчилар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида услубий-амалий кўмак кўрсатилмоқда. Сўнгги 3 йил давомида 24 номда услубий қўлланмалар тайёрланиб, маслаҳатчиларга етказиб берилди. “Оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масалалари бўйича қонун ҳужжатлари тўплами”, “Маҳаллада диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия ишларини ташкил этиш бўйича услубий тавсиялар”, “Тўйларимиз маърифати”, “Мустаҳкам оила — маҳалла таянчи”, “Эрта никоҳлар, оилавий низолар, шу жумладан, оилавий ажралишлар ва яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузилишининг олдини олиш, урф-одат ва маросимларни ихчам ва тартибли ўтказиш” номли қўлланмалар шулар жумласидандир.
Маслаҳатчиларнинг малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2013 йил 10 октябрдаги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курс¬ларида барча маслаҳатчилар билим ва малакасини оширди.
Ана шундай эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшиб келаётган маҳалла маслаҳатчилари фаолияти юксак баҳоланиб, муносиб қадрланмоқда. Сўнгги беш йилда 78 нафар маслаҳатчи давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлангани бунинг яққол тасдиғидир.
Маслаҳатчиларнинг бу борадаги илғор тажрибасини ўрганиш, эришган натижаларини кенг тарғиб этиш ва оммалаштиришда 2005 йилдан буён “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар кўмагида ўтказилаётган “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” республика кўрик-танлови муҳим омил бўлмоқда.
Уч босқичли тизимда ўтказилган ушбу танлов маслаҳатчилар учун ўз вазифаларини самарали амалга ошириш, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси, оилаларни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда маънавий муҳит бар¬қарорлигини таъминлаш, ёшларни маънан ва жисмонан баркамол этиб тарбиялаш каби йўналишлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш учун ўзига хос мактаб вазифасини ўтамоқда.
Жорий йилнинг апрель-май ойларида бўлиб ўтган танловнинг туман, шаҳар босқичлари, июнь-июль ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар саралаш босқичларида 8 минг 700 дан ортиқ маслаҳатчи иштирок этиб, юксак билим ва тажрибаларини намойиш этди.
Маслаҳатчилар учун бу тадбир катта маҳорат синови бўлди. Зеро, бу уларнинг ҳудудда амалга ошираётган ишлари, эришган ютуқлари, намунали иш тажрибаларини оммалаштиришга, шу билан бирга, бошқаларнинг ҳам янада фаол, самарали фаолият юритишларида муҳим омил бўлиб ҳисобланади. Танловнинг мамлакат босқичи ҳудудларда ўтказилаётгани жойларда маслаҳатчилар фаолиятини самарали ташкил этишда долзарб аҳамиятга эга бўлмоқда.
Бу йилги кўрик-танлов барчамиз учун энг улуғ, энг азиз байрам — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрами арафасида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Энг улуғ, энг азиз айём — мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами арафасида ўтказилган танловнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вазирликлар, давлат ва жамоат ташкилотларининг раҳбарлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди васийлик кенгаши аъзолари, Сирдарё вилоятидан 600 нафардан ортиқ маҳалла фаоли иштирок этди. Танловнинг мамлакат босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида ғолиб бўлган 14 нафар маслаҳатчи иккита шарт бўйича ўзаро беллашди.
Танлов иштирокчилари биринчи шартда ўз маҳаллаларида амалга ошираётган ишлари, эришилаётган ютуқларнинг тақдимотини замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда намойиш этди. Тақдимотларда маслаҳатчиларнинг маҳаллаларда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, миллатлар¬аро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларни баркамол этиб тарбиялаш, ибратли миллий-диний анъана, урф-одатларни сақлаш ҳамда ривожлантириш каби йўналишларда амалга оширган ишлари, ижобий иш тажрибалари очиб берилди. Иккинчи шартда маслаҳатчиларнинг турли масалалар юзасидан билими, дунёқараши, соҳага оид қонун ҳужжатларидан хабардорлиги синовдан ўтказилди.
Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, танловда Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Обод юрт” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Муқаддас Худойназарова биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Янгийўл“ маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Раъно Эргашевага, учинчи ўрин Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги “Янги Белтепа“ маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Феруза Раҳматуллаевага насиб этди. Турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
— Президентимиз раҳнамолигида ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди танлов ғолиби М.Худойназарова. — Танлов фаолиятимизда эътибор қаратишимиз зарур бўлган муҳим масалалар, иш услубларимиз бўйича ўзаро фикр, тажриба алмашиш имконини берди. Билмаганларимизни ўргандик, камчиликларимизни аниқлаб олдик. Маҳалламизда кўплаб йўналишларда иш олиб бормоқдамиз. “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, ёшлар турли ижодий ва спорт тўгаракларига кенг жалб этилаётгани, маҳаллалардаги тадбиркор ва ишбилармонлар учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани юксак самаралар бермоқда.
Танловнинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчиларнинг диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Умуман олганда, мазкур танлов маслаҳатчиларнинг оила институтини янада мустаҳкамлаш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, жойларда аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, жамиятда маҳалла институтининг ўрнини кенгайтириш, нуфузини янада ошириш бўйича ўзаро тажриба алмашиш мактаби сифатида ҳам аҳамиятли бўлди.
Таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт тадбирга байрамона шукуҳ бағишлади.
Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими О.Ашурматов сўзга чиқди.
А.ҚАЮМОВ,
ЎзА мухбири