Иқтидорли ёшлар бирлашди
Шаҳрисабздаги “Лочин” оромгоҳида “Юрт келажаги – 2016” республика иқтидорли ёшлар танловининг якуний босқичи ўтказилди. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган ижодий беллашувнинг якуний босқичида 446 нафар ўғил-қиз иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган танловда ёшларнинг илм-фан, санъат ва замонавий технологиялар борасидаги билим ва салоҳияти кўрикдан ўтди. Иштирокчилар архитектура ва дизайн, ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлари ва техник ишланмалар, анъанавий ва амалий санъат, адабиёт ва журналистика каби йўналишларда ўз иқтидорларини намойиш этдилар. Тадбир давомида ташкил этилган семинар-тренинг, анжуман, маҳорат дарси, кўнгилочар дастур ва спорт беллашувлари, кўргазмалар, маданият ва санъат вакиллари билан учрашувлар иштирокчиларга ёрқин лаҳзаларни туҳфа этди.
— Адабиётга меҳрим баланд. Шеър ва ҳикоялар машқ қилиб тураман. Ушбу танловнинг ташкил этилиши маҳоратимизни намойиш этиш имконини берди. Биз ёшлар учун яратилаётган бундай имкониятлардан унумли фойдаланишимиз керак. Тенгдошларимнинг ижодий иш ва фикр-мулоҳазалари менда катта таассурот қолдирди. Бу каби тадбирларда ўзлаштирган билим ва тажриба келгусида асқотади, — дейди Ғаллаорол туманидаги Лалмикор саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Муҳаббат Исматова.
Танлов якунида ҳакамлар ҳайъати томонидан эътироф этилган 44 нафар ўғил-қиз ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўктам МЕЙЛИЕВ