«Зарб» томоша залини ларзага солди
Саҳнага чиққан олти ёшли болакай оппоқ яктагини атлас белбоғи билан маҳкам қисди-да, қўлидаги доирани шашт билан чала бошлади. Доирадан таралаётган садо томошабинлар ҳайратини юз чандон оширди. Болакай ўзбек халқ куйи — «Қўшқарс»ни чалиб бўлгандан сўнг зал олқишу чапаклардан гумбурлаб кетгандек бўлди...
Томошабинларга бу ҳаяжонни бахш этган Азизбек Эргашев 6 ёш бўлишига қарамай, «Зарб—2015» ёш доирачилар кўрик-танловининг республика
босқичида қатнашди. Республика «Баркамол авлод» болалар бадиий
ижодиёти марказида ўтказилган кўрик-танловда Азизбек сингари 6—11 ёшгача бўлган 54 нафар доирачи иштирок этди. Уларнинг миллий чолғу
асбоби — доирани қай даражада чала олиш маҳорати тажрибали мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Ўқувчилар якка ва жамоавий ижро усулларини тақдим этдилар. Айниқса, Шоҳрухбек Шомуҳсимов, Жасурбек Абдулаҳадов ва Нурсултон Хўжаметовнинг ноанъанавий ижроси томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Якуний натижаларга кўра, якка ижро бўйича биринчи ўрин Қибрай тумани «Баркамол авлод» болалар ижодиёт маркази аъзоси Шоҳрухбек Шомуҳсимовга насиб этди. Андижон вилояти «Баркамол авлод» болалар бадиий ижодиёт маркази аъзоси Нурали Исмоилов ва Қарши тумани «Баркамол авлод» болалар бадиий ижодиёт маркази аъзоси Азизбек Эргашев иккинчи ўрин ҳамда Элликқалъа тумани «Баркамол авлод» болалар бадиий ижодиёт маркази аъзоси Нурсултон Хўжаметов учинчи ўринга сазовор бўлди.
Жамоавий ижро бўйича республика «Баркамол авлод» болалар бадиий ижодиёти марказининг «Фольклор» тўгараги аъзолари биринчи ўринни қўлга киритди. Турли номинациялар бўйича ёш доирачилар аниқланиб,ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Асолат АҲМАДҚУЛ қизи