Болалар марказида амалиёт
«Баркамол авлод» республика болалар бадиий ижодиёт марказида Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш институти тингловчиларининг амалиёти йўлга қўйилди.
Пойтахтимиздаги «Баркамол авлод» болалар марказлари ва умумтаълим мактаблари тўгарак раҳбарлари амалиёт давомида ўз йўналишлари бўйича марказда ташкил этилган тўгараклар фаолияти билан яқиндан танишди. Машғулотларда қатнашиб, болаларнинг ижодий ишлар яратиш жараёнини кузатди. Тажрибали тўгарак раҳбарлари ўтган маҳорат машғулотларида ўзаро тажриба алмашилди.
— Марказда ўтган амалиётимиз давомида ўзимга керакли қатор янгиликлардан бохабар бўлдим, — дейди Чилонзор тумани «Баркамол авлод» болалар марказининг «Тасвирий санъат» тўгараги раҳбари Латофат Асомиддинова. — Ўз йўналишимдаги тўгарак машғулотларини кузатиш баробарида болалар қизиқиши ва фаоллигини оширишда алоҳида аҳамият бериш зарур бўлган жиҳатларни билиб олдим. Бундай ҳамкорлик тўгарак раҳбарларини янада изланишга, янги ижодий ишлар яратишга ундаб қолмай, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши, ўзлари қизиққан касб-ҳунар ҳақида дастлабки тушунча ва кўникмалари шаклланишига ёрдам беради. Бу эса, ўз навбатида, мактабдан ташқари таълим сифатини оширишга хизмат қилади.
Асолат АҲМАДҚУЛОВА,
«Ma’rifat» мухбири