Логопедлар учун семинар
Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик Республика ташхис маркази Республика болалар ижтимоий мослашув маркази билан ҳамкорликда Халқаро логопедлар кунига бағишлаб ўқув-амалий семинар ташкил этди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги таълим муассасаларининг ўқитувчи-логопедлари учун ташкил этилган семинарда ҳар икки марказнинг мутахассислари ўз маърузалари билан иштирок этди.
Логопедиянинг асосий мақсади нутқида нуқсони бор болаларни ўқитиш, тарбиялаш ва қайта тарбиялашнинг илмий асосланган тизимини ишлаб чиқиш, махсус таълим орқали нутқдаги нуқсонларнинг олдини олишдан иборат. Нутқни коррекциялаш орқали логопедлар болага мулоқот эркинлиги, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш, мактабда муваффақиятли ўқиш ва ривожланиш имкониятини яратади.
Семинар давомида умумий ўрта таълим муассасаси қошидаги логопедия шохобчаси тўғрисидаги Низом талабларига кўра, оғир нутқ камчилигига эга бошланғич синф ўқувчилари билан ишларни ташкил этишда ноанъанавий технологиялар, мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларда фонематик нутқ камчиликларини бартараф этиш масалалари юзасидан мутахассисларнинг маърузалари тингланди. Шунингдек, бошланғич синф ўқувчиларида нутқ бузилишларини бартараф этишда коррекцион-логопедик ишлар тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам фикр алмашилди.
300 нафарга яқин мутахассис иштирок этган ўқув-семинар якунида соҳага оид тавсиялар ишлаб чиқилди, тажрибали, илғор логопедлар фахрий ёрлиқ билан тақдирланишди.
МУХБИРИМИЗ