«Биз буюк юрт фарзандларимиз!»
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан «Камолот » ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан «Биз — буюк юрт фарзандларимиз !» шиори остида ёшлар фестивали Самарқанд вилоятида ҳам ўтказилди .
Фестивалнинг дастлабки кунлари вилоят туманларидаги фаол ва ташаббускор ёшлар давра суҳбатлари, спорт мусобақалари ҳамда гала-концерт дастурларида катта завқу шавқ билан иштирок этишди.
Тадбир доирасида 6та лойиҳа бўйича ўтказилган бир-биридан сермазмун тадбирлар, айниқса, ёшларнинг қизиқишини оширди. Жумладан, Ҳунармандлар марказида ташкил этилган «Ватан тараққиётига менинг ҳиссам» лойиҳасида вилоятнинг энг иқтидорли ёш ҳунармандлари, тадбиркор ва фермерлари ўз маҳсулотлари билан қатнашиб, юртимиз равнақи йўлида амалга ошираётган ишларини намойиш этишди.
— Бугун биз ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар натижасида ҳар бир тенгдошимиз ўз истеъдодини, иқтидорини тўла намоён этиш имкониятига эга бўлаяпти, — дейди Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти магистранти, миниатюрачи-рассом Бобур Тоиров. — Мазкур фестиваль доирасида ўзимнинг ижодий ишларим билан қатнашиб, тенгдошларим билан фикр алмашдим. Ишларимизни кўрган мутахассислар юқори баҳо беришди. Бу эса келгуси фаолиятимизнинг янада ривожланишида муҳим роль ўйнайди.
Жойларда ўтказилган тадбирларда республикамизнинг таниқли ижодкорлари иштирок этиб, фестивалнинг мазмун-моҳияти, унда иштирок этаётган ёшларнинг ташаббуслари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Фестиваль доирасида Самарқанд шаҳридаги 10-меҳрибонлик уйи, 22-болалар мусиқа ва санъат мактаби, саховат уйи ва ҳарбий қисмларда ҳам турли тадбирлар, ижодкорлар билан учрашувлар ўтказилди.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Рустам Қобилов, шоира Зулфия Мўминова, актёрлар Мирза Азизов, Шаҳзода Муҳаммедова, ёш эстрада хонандалари Анвар Собиров, Диёрбек Маµкамов ҳамда Умарбек Шамсиев сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлар, яратилаётган имкониятлар ҳақида гапиришди.
— Бу тупроқ не-не буюк алломаларни вояга етказган, — дейди театр ва кино актёри Мирза Азизов. — Демак, самарқандлик ёшлар ҳам аждодларига муносиб ворис бўлишлари керак. «Оммавий маданият»нинг ёлғон жилваларига учмасликлари, бор эътиборларини ўқиш ва ўрганишга қаратишлари лозим. Бунинг учун мамлакатимизда барча имконият бор. Биргина ушбу мусиқа ва санъат мактабида яратилган шароитлар, ўқувчиларнинг мусиқа асбобларида исталган куйни чалиши, маҳоратли рассомлардек асарлар яратаётгани келажагимиз учун муносиб авлод етишиб келаётганидан далолат.
Фестивалнинг асосий байрам дастури «Мўъжиза» амфитеатрида ташкил этилиб, таниқли ва ёш санъат усталари иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди.
Ҳаким ЖЎРАЕВ