«Наврўз садолари» – дўстлик тараннуми
Саҳнада доиралар баҳси авжига чиқаётир. Етти-саккиз доирачи ўғлон басма-басига чалади, бири-биридан ўтказишга уринади. Ноғора така-туми ҳам доира зарбидан қолишгиси йўқ — ўтса ўтадики, паст келмайди. Орада мунги билан қўшилиб тургувчи най ҳам бадастир. Консерватория саҳнаси куй жарангидан, иштирокчи йигит-қиз ижросидан тўлқинланади, қарсаклар ҳам шунга монанд. “Наврўз садолари” III халқаро халқ чолғулари оркестрлари ва кўп овозли ансамблларнинг мусиқа кўрик-фестивали шундай бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият, Халқ таълими вазирликлари, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, “Сўғдиёна” халқ чолғулари камер оркестри, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ва бошқа бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилган мазкур фестиваль истеъдодлар сафини йил сайин кенгайтирмоқда.
Фестивалда таъкидланганидек, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан бошланган ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, ижодий салоҳиятини юзага чиқариш, чекка ҳудудлардаги қобилиятли ўғил-қизларни аниқлаш борасидаги бундай эзгу саъй-ҳаракатлар изчил давом этаётир.
— Болалар билан кўпроқ мулоқотда бўлишимиз, уларнинг нимани хоҳлаётгани, қизиқишлари, келажакда ким бўлмоқчи эканини муттасил ўрганиб боришимиз, уларга ўзини намоён этишда доимий кўмакдош бўлишимиз керак, — дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси С.Иномова матбуот анжуманида. — Бола мусиқа орқали оламни таниса, диди, руҳияти куйлар билан шаклланса, ундан ёмонлик чиқмайди. Ниятимиз ҳам шу, асли.
Матбуот анжумани якунлангач, консерватория саҳнасида ансамбль жамоалари чиқишлари бошланди. Фестиваль мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг ижроси билан очилди.
Болажонларга ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилгач, навбат фестиваль иштирокчиларига етди. Энг яхши ижро учун курашаётган жамоалар ўзбек композиторларининг аввалдан шартли равишда танланган асарларини қўлда созу юзда табассум билан чалиб бердилар.
— Кўклам байрамлар билан безанганидек, “Наврўз садолари” ҳам хурсандчилик тантанаси, — дейди фестиваль ташкилотчиси ва бадиий раҳбари Феруза Абдураҳимова. — Туман, шаҳар ва вилоятларда ўтган ҳудудий босқичларда ўқувчилар дастур асосида танланиб, энг муносиби, истеъдоди ярқ этгани республика босқичига етиб келди. Бу йил ташкилотчиларимиз сафига “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати қўшилди. Бу ҳаракатлардан мурод — ўқувчиларни рағбатлантириш, маънавий кўмак бериш қатори, уларнинг мусиқадаги билимларини мустаҳкамлаш, дидини шакллантириш, маҳорат дарслари орқали санъатдаги муҳим билимларни ўргатишдир. Консеваториядаги ўқув хоналари, орган залида ўқитувчиларимиз тайёрлаган концертни намойиш этиш орқали уларнинг назарий билимлари амалиёт билан бевосита боғланади.
Мазкур кўрик-фестивалда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистондаги мактабгача таълим муассасалари, мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган мусиқа мактаб-интернатлари, санъат коллежларининг миллий чолғулар оркестр ва ансамбллари иштирок этди. Катта оркестр жамоалари қаторида кичик ансамбль гуруҳларининг қатнашаётгани, шубҳасиз, танлов кўламини кенгайтириб, чекка-чекка жойлардаги мусиқа мактабларини ҳам қамраб олади. 35 жамоадан 649 иштирокчининг ҳар бири консерватория саҳнасида созда маҳоратли эканини исботлади.
— Танловга иккинчи маротаба келишимиз, — дея таассуротларидан сўз очди Тожикистон маданият аълочиси, Хўжанд мусиқа коллежи муаллимаси Зайнура Жўраева. — Қардош миллатмиз, ноталаримиз бир, куйларимиз бир-бирига уйғун. Ноталар халқларни бирлаштириб, дийдорлаштириб тураркан, болаларимизга бундай кўп овозли фестиваллар — катта мактабдир. Тўғри ижро этиш сири, чолғуларни қандай чалишни бир-бировидан кузатиб ўрганади. Муҳими, бундай танловлар халқлар ўртасида дўстликни кучайтиради, болаларни ҳамфикр бўлишга ўргатади.
Фестивалнинг илк куни мусиқа ўқитувчилари, санъатшунослар ҳамда консерватория профессор-ўқитувчилари билан биргаликда “Чолғу ижрочилиги: муаммо ва ечимлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда ҳудудлардаги мусиқа ва санъат мактабларидаги камчилик, муаммо ва муҳим масалалар хусусида устоз-мураббийлар ўз таклифларини берди. Консерватория ўқув хоналарида дирижёрлик ва чол¬ғу ижрочилиги бўйича маҳорат дарс¬лари, жамоа раҳбарлари учун семинар ўтказилди.
— Кўрик-фестивалдан олган таассуротларим бир жаҳон, — дейди қозоғистонлик ёш чолғучи Асен Смоғил. — Бу ерда мусиқага қанчалар юксак эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлдик. Бундай имконият, шароитлар бор жойда ютуқларга эришилмасдан қолмайди. Бу танлов дўстлик байрами сифатида бутун умр хотирамизда сақланиб қолади.
Фестивалда жамоалар ижросини баҳолашда маҳорат масаласига, мусиқани теран англаб, тингловчига етказиш салоҳиятига эътибор қаратилди.
Риштон туманидаги 21-болалар мусиқа ва санъат мактаби камонли чолғулар ансамбли, Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги Т.Содиқов номидаги 7-мусиқага ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг “Шодлик” ансамбли, Андижон шаҳридаги 3-болалар мусиқа ва санъат мактабининг “Наво” оркестри, Р.Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи оркестри, Олмаота шаҳридаги А.Жубанов номидаги ихтисослаштирилган мусиқа мактаб-интернатининг “Жез киик” қўбизчилар ансамбли ҳамда миллий чолғулар оркестри (Қозоғистон) биринчи ўринга муносиб топилди.
Ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Чарос НИЗОМИДДИНОВА,
“Ma’rifat” мухбири