Энг қимматбаҳо хазина
Ўқувчилар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, улар қалбида ватанпарварлик, эзгулик, инсонпарварлик каби фазилатларни уйғотиш ва ахборот олиш маданиятини шакллантириш мақсадида Сергели туманидаги 6-ИДУМда “Фарзандимга китоб совға қиламан” жамоатчилик акцияси ўтказилди.
Тумандаги таълим муассасаларининг минглаб ўқувчилари иштирок этган тадбирга келган ота-оналар қўлида қуйидаги таклифномани кўрдик:
Таклифнома
Келажагимиз бўлмиш фарзандларимизнинг маънавий соғлом бўлишини таъминлаш мақсадида “Фарзандимга китоб совға қиламан” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан 6-ИДУМда соат 10 дан 16 гача давом этадиган лойиҳада фаол иштирок этиб, фарзандингиз ва яқинларингизга бадиий адабиётлар совға қилишингизни тавсия этамиз... Ўйлаймизки, ушбу хайрли лойиҳада фаол иштирок этиб, жигарбандингизнинг дунёдаги энг қимматбаҳо хазина — китоб билан дўстлашишига ҳиссангизни қўшасиз!
Бадиий асарлар асосида саҳна кўринишлари намойиш этган ўқувчиларнинг иқтидори, зеҳну заковатини кўрган ота-оналар китобнинг инсон камолотидаги ўрни беқиёслигини эътироф этишди.
— Акцияда иштирок этган ота-оналар болалар адабиёти дурдоналари билан танишиш баробарида жами уч мингга яқин китобларни харид қилиб, фарзандларига совға қилди, — дейди Сергели туман ХТМФМТТЭБ мутахассиси Мунира Муродова. — Ўқувчилар ҳамда ота-оналарнинг сермазмун китоб¬ларни танлаши учун таълим муассасалари кутубхона ходимлари маслаҳатларини аямади.
Китоб расталарига ёпирилиб, гоҳ у, гоҳ бу адабиётни кўраётган ўқувчиларни кузатиб, кийим танлашдан кўра китоб танлаш анча мароқли ва завқли, деган хулосамни яна бир бор қатъийлаштириб олдим.
—Ўғлим ҳам, қизим ҳам болалигидан китобга ошно бўлиб улғаймоқда. Хонадонимизда мўъжазгина кутубхона ташкил қилганмиз, — дейди 6-ИДУМ ўқувчилари Севинч ва Жавоҳир Абдуназаровларнинг онаси Наргиза Улуғмуродова. — Китоб расталари олдидан бир қадам ҳам жилгиси келмаётган фарзандларимга Ғафур Ғу¬ломнинг “Шум бола” ҳамда жаҳон адабиётидан — Жонатан Свифтнинг “Гулливернинг саёҳатлари” асарини сов¬ға қилдим. Улар кутубхонаси яна икки асар билан бойиганидан хурсанд.
Насиба ЭРХОНОВА,
«Ma’rifat» мухбири