Солиқ билимлари — болаларга!
...Қизалоқ бобосига савол беради: “Бобожон, солиқларни ўз вақтида тўлаш нима дегани?”. Оппоқ соқоли кўксини қоплаган отахон набирасига солиқ тўлашнинг аҳамиятини соддароқ қилиб тушунтириш ҳақида ўйлай бошлади. Кейин жавоб топди шекилли, мийиғида жилмайиб: “Тўланган солиқлар ойлик ва пенсияларни ўз вақтида тўлашга йўналтирилади. Биз у пулга сизларга эртак китоб, дафтар ва бошқа ўқув қуроллари олиб берамиз” деди.
Бу Тошкент солиқ коллежида ўтказилган “Солиқ билимлари — болаларга” республика кўрик-танловининг якуний босқичида иштирок этган Самарқанд шаҳридаги 30-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Ситора Худойбердиеванинг “Солиқ тўлаш — савоб иш” ҳикоясидан парча.
Давлат солиқ қўмитаси томонидан Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган танловнинг якуний босқичида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан 1-ўринни эгаллаган иштирокчиларнинг солиқ соҳаси бўйича билимлари синовдан ўтказилди.
Умумтаълим мактабларининг 1—4-синф ўқувчилари учун “Солиқ мавзусининг суратлардаги тасвири”, 5—9-синф ўқувчилари учун “Солиқ мавзусининг ҳикояларда акс эттирилиши”, академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари учун “Ўзбекистон Республикасида солиқ сиёсати” мавзусида энг яхши иншо ҳамда “Солиқлар нимага тўланади ва нимага сарфланади?” мавзусида компьютердаги энг яхши тақдимоти ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланди.
— Солиқ саводхонлиги ёшлар онгига шу тариқа сингдириб борилса, улар онгли равишда солиқ тўловчига айланади, — дейди Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Музаффар Назаров. — Мамлакатимизда таълим, тиббий хизмат имкониятларидан бепул фойдаланиш, кексайганда давлат пенсия таъминотидан баҳраманд бўлиш солиқларни вақтида тўлаш билан узвий боғлиқ эканини тушуниб етади. Танловнинг ҳудудий босқичларида ўқувчи-ёшларнинг давлат солиқ хизмати органлари ходимлари билан бевосита мулоқоти ташкил этилди. Учрашувларда ёшларнинг солиққа оид билимлари ошириб борилди.
Тўрт йўналишда ўз билим ва маҳоратини намойиш этган ўқувчиларнинг ижодий ишлари мазмундор, иншо ва ҳикоялардаги ғоя, суратдаги тасвирлар киши эътиборини тортади. Учқўрғон туманидаги 20-мактабнинг 4-синф ўқувчиси Рухшона Эргашева чизган анор тасвирида ҳаётий маъно мужассам.
— Барака рамзи бўлгани учун анор дарахтини тасвирладим, — дейди иштирокчи. — Унинг илдизларида мулк, ер, даромад солиғи каби ёзувлар бор. Ҳар бир киши солиқни ўз вақтида тўлаб борса, юртимиз бой бўлиб, янада ривожланади.
Танлов якунида ҳар бир йўналиш бўйича ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Райҳона ХЎЖАЕВА,
“Ma’rifat” мухбири