Китоб муносиб тақдирлайди
Китобни дўст, деймиз. Яна ёлғизликда сирдош, ҳамдаму ҳамроҳ, дея алқаймиз. Инсоннинг ички дунёси, руҳий оламининг авра-астарини ағдарувчилар ҳам асли шулар. Бу ҳақда қанча гап айтилса, шунча оз. Муҳими, унинг яхшиликка хизмат қилиши.
Пойтахтимизнинг гавжум истироҳат боғларидан бири — шоир Ғафур Ғулом номи берилган маскан одатдагидан-да гавжум: ўғил-қизлар, ўйинқароқ, қақилдоқ невараларини етаклаб олган бобо-бувилар, эндигина ёшини тўлдирган чақалоғини даст кўтарган ота-оналар... Боққа келишдан муддао ҳар йили анъанавий ўтказиладиган “Китоб байрами”да қатнашиш, янги китобларни харид қилиш, нашриётлар ташкил этган томошалардан завқланишдир.
“Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остидаги бу гал бешинчи бор ўтказилаётган айёмда пойтахтимиздаги 100 га яқин нашриёт, матбаа корхонаси ва китоб савдоси ташкилотлари ўз маҳсулотларини тақдим этишаётир. Тадбир аввалида севимли халқ шоирлари Анвар Обиджон, Иқбол Мирзо ва бошқа бир неча таниқли носир, шоирлар ёшларни юксак маънавий-ахлоқий руҳда тарбиялаш, интеллектуал салоҳиятини оширишда китоблар, ижтимоий-сиёсий фаоллигида бундай тантаналарнинг ўрни, аҳамияти ҳақида сўзлади.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилаётган республика “Китоб байрами” ҳар томонлама самарали, кўтаринки руҳда ўтиши учун пухта тайёргарлик кўрилди. Мамлакатимизда бугунги кунда 120 дан зиёд нашриёт, 1 минг 760 дан ортиқ матбаа корхонаси фаолият юритмоқда. Ҳар йили 3 минг номдан зиёд, 60 миллион нусхадан ортиқ китоб маҳсулотлари нашр этилмоқда. Ноширлик ва матбаа ишларини ривожлантириш, матбаа корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик янгилашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида китоб маҳсулотларини чоп этиш кўлами ва сифати ошаётгани эътиборга молик.
Ўзбек адабиётини равнақ топтириш, буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросини асраб-авайлаш, китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилаётган доимий эътибор халқимиз тафаккурини янада бойитиш, ёшларни билимли, соғлом фикрли, маънавиятли инсонлар этиб вояга етказишда муҳим омилдир. Президентимизнинг шу йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлаётир. Болани мустақил фикр¬лашга ўргатиш, дунёқарашини кенгайтириш, билимларини мустаҳкамлашда китобнинг хизмати нечоғлик муҳимлигини тўғри англаган ҳар бир киши юртимиз бўйлаб ўтказилаётган бундай тадбирларга келмай қолмайди.
— Китобхонлик маданиятини юксалтиришда бир ерга жамланиб ташкиллаштирилган фестиваллар, томошалар, албатта, ўз самарасини беради, — дейди Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи бош муҳаррири Илҳом Зойиров. — Ахборот асрида, ахборот технологиялари тобора ривожланиб бораётган даврда яшаяпмиз. Техника, компьютерларнинг турмушимизни енгиллатаётганини инкор этмаймиз. Ҳар қайси соҳа ҳозир бундай асбоб-ускуналарсиз ишлаши даргумон. Лекин уларнинг маънавий дунёмизга солаётган хавфига ҳам кўз юмиш қийин. Айни шу паллада китобхонликка урғу бериш, мутолаа маданиятини ошириш, сифат-савияси юқори китоб¬ларни мунтазам чоп этиш, босма нашрларга талабни янгитдан қўйиш ўзини оқлайдиган лойиҳалардан. Ўтган йили нашриётимизда дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва бошқа йўналишлардаги китобларни ҳисобга олмаганда 217 номдаги 4 миллион нусхадан ортиқ бадиий китоб чоп этилди. Улар орасида жаҳон адабиёти дурдоналаридан бевосита таржима қилинган асарлар кўп. Бугунги байрамда ишларимиз ҳосиласини кўрсатишгина эмас, яна китобхонларнинг талаб ва истакларини ўрганиш, уларнинг кўнглидаги хоҳишларини билиш, сўровномалар ташкил этиш ниятидамиз. Сўнг шунга мувофиқ келгусидаги вазифаларимизни қайтадан кўриб чиқамиз.
Сўнгги йилларда турли халқаро китоб кўргазмаларида совринли ўринларни қўлга киритган, юртимиз ноширлари ва матбаачиларининг бугунги ижодий ҳамда техник имкониятларини кўрсатадиган илмий-оммабоп, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, адабий-бадиий нашрлар намойишига мўлжалланган етмишга яқин кўргазма-стендлар ташкил этилди. Эл ардоғидаги ижодкорлар, таниқли санъат аҳли билан учрашувлар ўтказилди. Ҳар йили анъанавий ташкил этилаётган бундай тадбир, фестивалларда нашриётлар фаолияти, китоблар чоп этиш техникаси ривожланиб, сифати яхшиланаётгани намойиш этилади. Китоб муаллифлари, адиб ва шоирлар, китоб графикаси бўйича рассом, муҳаррирларнинг ўқувчилар билан бевосита ижодий учрашув-мулоқотлари, мушоира ва суҳбатлар байрамнинг янада қизиқарли, кўтаринки руҳда давом этишига сабаб бўлаётир. “Академнашр” нашриётининг бу йилги айёмга “Имзо куни” лойиҳаси билан келиши, шоира Ойдиннисо ҳамда тад¬қиқотчи Зулхумор Мирзаеваларнинг китобларини муаллиф имзоси билан харид қилиш ёки муаллифдан сов¬ға тарзида олиши байрам доирасидаги янги тадбирлардан бўлди.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг китоб графикаси ва миниатюра жанрида ижод қилаётган талабалари, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Баркамол авлод” болалар марказлари қошидаги тўгараклар аъзоларининг ижодий ишларидан таркиб топган кўргазмалар, китобхонликни тарғиб этувчи халқ мақоллари, буюк алломаларнинг ҳикматли сўзлари битилган паннолар, мониторларда намойиш этилаётган нашриётлар фаолиятини акс эттирувчи видеолавҳалар байрам иштирокчиларида таассурот қолдирди.
— Болани китоб ўқишга ўргатишда бугун бу ерга келган ота-оналар биринчи қадамни қўяди. Сотиб олингач, ўқишга рағбат уйғонади, — дейди таниқли болалар ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев. — Сўнг бола тенг¬дошларини, уларнинг китоб харид қилаётгани, шеър айтиб, совға олаётганини кўриб ҳам китоб ўқишга чоғланади. Бундай хайрли тадбирларнинг фойдасини халқ кўради, мевасини жамият тотади.
Тадбир доирасида наш¬риётлар ўз кўргазмалари олдида турли викторина ўйинлари, шеърхонлик, мушоира баҳсларида болаларнинг топқирлиги, зукколиги, уддабуронлигини синов қилиб, ғолибларга китоб улашди. Ота-оналар ҳам қизиқарли томошаларга чорланиб, “Она-бола, ота-бола китоб ўқийди” мусобақасида иштирок этишди.
— Тошкентга меҳмонга келгандим, бугун китоб байрами эканини билиб, боққа кирдим, — дейди фарғоналик Қизларгул ая Тожиева. — “Ёш китобхон”, “Энг яхши китобхон” деган викториналари бор экан ташкилотчиларнинг. Шуларда невараларим билан қатнашиб, совринига китоб олдик. Болажонларимнинг қувонганини айтмайсизми! Бошқа невараларимга ҳам эртак китоб¬лар, энциклопедия сотиб олдим. Уйга қайтгач, ҳаммасини олдимга тўплаб, бирма-бир ўқиттираман.
Тадбир давомида истироҳат боғининг турли ҳудудларида ташкил этилган махсус майдончаларда “Камолот” кутубхонаси” рукнидаги қатор китоблар эътиборимизни тортди. Ушбу адабиётлар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази билан ҳамкорлик маҳсулларидир. Ўтган икки-уч йил давомида ўзбек ва жаҳон классик адабиёти намояндаларининг кўплаб асарлари чоп этилгани ўзбек китобхонларини қувонтирди. Бу йилги тантанага нашриёт қуруқ қўл билан келмагани яққол билиниб турибди. Мактаб ўқувчилари учун адабиёт дарсликларидаги адибларнинг асарлари тўлиқ варианти алоҳида китобларга жамланиб, нечанчи синфларга мўлжаллангани муқовага ёзиб қўйилган. Эътиборлиси, ушбу китоб¬ларни қанча вақт давомида ўқиб тугатиш мумкинлиги, ўқиш давомийлиги неча дақиқани ташкил этиши ҳам сўнгги саҳифада кўрсатилган. Бу, табиийки, боланинг тез ўқиш, ўзини синаш, нутқ¬ини равон этишига кўмак беради. Бир китобни 220 дақиқа давомида ўқиб тамомлаган бола, кейингисини бундан камроқ фурсатда тугатиши, мутолаа завқини яхшироқ англаши ҳеч гап эмас. Қувонарлиси, жаҳон классик дурдоналари қаторида ўзбек адибларининг сара асарлари хрестоматия, дарсдан ташқари ўқиш, қўшимча машғулот, қўшимча дарс рукнлари остида чоп этилгани, эртак тўпламлари қаторида уларга қизиқишнинг юқорилиги болаларга ўзбек адабиётидан муфассал маълумот беради, сўзга меҳр уйғотади.
Байрамнинг навбатдаги кунлари “Китобдан яхши дўст бўлмас”, “Китобга меҳр қўйсангиз, у сизни, албатта, муносиб тақдирлайди”, “Китоб — энг яхши сов¬ға” мавзуларида интеллектуал викториналар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
— Ўқувчиларим билан ҳар йили китоб байрамига келамиз. Мактабдаги дарслар якунлангач, таътил кунлари ким нечта, қандай китобларни ўқиши кераклигини шу ерда келишиб оламиз, — дея қўлидаги китоблар рўйхати ёзилган қоғозга ишора қилади Чилонзор туманидаги 200-мактаб ўқитувчиси Муҳаббат Исмоилова. — Ўқув йили бошлангач, машғулотлар давомида болалардан ёзган иншолари, ўқиган китоблари ҳақида фикрларини сўрайман. Фан ойликлари, қўшимча дарсларда китобхонлик мусобақалари, бадиий асарларни ким кўп ўқиш бўйича танловлар уюштираман. ўолиб, шуб¬ҳасиз, китоб билан мукофотланади. Ташкил этилган бу байрам болада ижобий кайфият уйғотади, уни китобхонлар даврасига яқинлаштиради, китоб танлашни ўргатади, дидини шакл¬лантиради.
Чарос НИЗОМИДДИНОВА,
“Ma’rifat” мухбири