Маҳоратли маҳалла маслаҳатчилари аниқланди
Ўзини ўзи бошқариш органлари аҳоли ўртасида миллий урф-одат ва анъаналаримизни тарғиб қилиш, ёшларни баркамол этиб тарбиялаш, манзилли ижтимоий ҳимояни амалга ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, оилаларни мустаҳкамлаш ва ҳудудларни ободонлаштириш ташаббускори ва ташкилотчисидир. Диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчининг бу тизимдаги ўрни алоҳида.
Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида ўтказилган “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичида 11 та туманда ғолибликни қўлга киритган маслаҳатчилар уч шарт бўйича ўзаро беллашишди.
Маслаҳатчилар 1-шартда ўз иш тажрибаси тақдимотини намойиш этган бўлса, 2-шартда 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда янги қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тузилган саволларга жавоб топишди. 3-шарт нотиқлиқ ҳамда муаммоли вазиятни ҳал этишга қандай ёндашиш масаласига бағишланди.
Ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг якдил қарорига кўра, барча шартларда фаоллик кўрсатиб, юқори натижани қўлга киритган, 30 йиллик педагогик тажрибага эга Муҳаббат Жамолиддинова биринчи ўринга сазовор бўлди.
— Эътироф зиммамга янада масъулият юклайди, — дейди Сергели туманидаги “Дўстлик” МФЙнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Муҳаббат Жамолиддинова. — Ҳамкасбларим билан фикр-мулоҳаза алмашдим, иш услубимизни такомиллаштирдик. Якуний босқич менга бундан-да
кенгроқ имкониятлар яратади.
Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири