Ягонасан, муқаддас Ватан!
Мамлакатимизда айни дамда мустақиллигимизнинг 26 йиллик шодиёнаси муносабати билан турли тадбир ва учрашувлар ташкил этилмоқда. Яшнобод туманидаги 7-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган «Ягонасан, муқаддас Ватан!» республика кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичида ҳам Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Ижодий беллашувда пойтахтимиздаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари, “Баркамол авлод” болалар марказлари тарбияланувчилари ҳамда маданият уйлари ходимларидан иборат 50 нафардан зиёд иштирокчи мустақиллик, тинчлик, ҳамжиҳатлик ва дўстликни тараннум этувчи қўшиқлар куйлаб, ўз салоҳиятини намойиш қилди.
— Бундай ижодий беллашувлар ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарвар, юрт тақдирига дахлдор қилиб улғайтиришда муҳим аҳамиятга эга, — дейди 7-болалар мусиқа ва санъат мактаби директорининг ўқув ва маърифий ишлари бўйича ўринбосари Маҳбуба Одилова. — Танловда эстрада ва хонандалик йўналишида қатнашган таълим муассасамиз ўқувчилари – Фирдавс Авезов ва Қобил Аъзамов иккинчи, ва учинчи ўринни эгаллаб, беллашувнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Уларнинг муваффақиятидан хурсандмиз.
Кўрик-танлов қатнашчиларининг ижод намуналарини тажрибали санъаткорлардан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди. Ёши, профессионал тайёргарлиги турлича бўлган ижрочилар орасидан энг муносиблари сараланиб, кўрик-танловининг мамлакат босқичига йўлланма берилди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири